Муҳтарам ҳазрат, менинг ўқиганларим тўғри бўлса, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан бирорта гуноҳ амал содир бўлмаган экан. Ушбуни ўқиганимдан кейин мени бир савол ўйлантириб қўйди. Тарихда яшаб ўтган(янглишмасам) 120 минг расул ва набийлар ҳам гуноҳсиз яшашганми? Уларнинг ҳаммаси жаннатийми? Шу ҳақида бирор маълумот борми?
Пайғамбарлар маъсумлар.
Пайғамбар алайҳиссаломларнинг оддий кишилардан ажраб турадиган бирдан бир сифатлари маъсумликларидир. Яъни, маъсият қилиш, шаҳватларга берилиш, мурувватга футур етказадиган ва инсонлик қадрини кетказадиган нарсалардан четда бўлишларидир.
Пайғамбар алайҳиссаломлар одамларнинг энг гўзал ахлоқлилари, энг пок амал қиладиганлари, энг юраги тозалари ва тасарруфотлари энг тўғриларидирлар.
Пайғамбар алайҳиссаломларнинг маъсумликлари «исмат» тушунчаси асосидадир.
«Исмат» сўзи луғатда «ман қилиш» - «сақлаш» маъносини англатади.
«Исмат»нинг шаръий маъноси эса «Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбар ва набийларини гуноҳ ва маъсият ҳамда мункар ва ҳаром ишларни қилишдан сақлашидир.
Шунингдек, Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларини хулқий ва жасадий айблардан ҳамда бошқалар нафрат қиладиган касалликлардан ҳам асрагандир.
Чунки Аллоҳ таоло одамларни у зотларга эргашишга, иқтидо қилишга ва уларнинг йўлидан юришга амр қилгандир. Пайғамбар алайҳиссаломлар барча башарга яхши ўрнакдирлар. Агар улардан маъсият ва мункар ишлар содир бўлиши жоиз бўлса ёки мазкур нуқсонлардан бирортаси мавжуд бўлса, у нарсалар шариатда бор нарсаларга айланиб қолади. Бу эса мутлақо мумкин эмасдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларини маъсум қилгандир. Аллоҳ таоло барча пайғамбарларни Ўзининг доимий инояти ила ўрагандир. У зот Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга хитоб қилиб:«Бас, Роббинг ҳукмига сабр қил. Албатта, сен кўз ўнгимиздасан», деган (Тур: 48).
Афсуски, бошқа динларда пайғамбар алайҳиссаломларга турли гуноҳларни қилганлик нисбатлари берилади.