Ассалому алайкум! Аёл аразлаб кетса яшамайман деб, эр зинога мойиллиги кўп бўлса тўхтолмаса, буни аёл билади ва ҳоли бормиман уйланиб турин боргунимча деса, қилинётган зинолар кимга ёзилади. Тез хотин топиб уйланишгаям икки йилдан ошиқ вақт кетади.
– Ва алайкум ассалом! Зино гуноҳи эрнинг ўзига ёзилади. Аёлга эса эрига итоат қилмаганнинг гуноҳи ёзилади.
Зино луғатда “фужур”, яъни фожир, жирканч иш маъносида келади. Уламолар зинога турли ҳил таърифларни берганлар. Таърифларнинг барчасини кўриб чиқилганда зинонинг умумий таърифи қуйидагича эканлиги мулоҳаза қилинади: “Ораларида никоҳ бўлмаган ва никоҳ бор деб гумон қилмаган ҳолда, эркак ва аёлнинг бир–бирларига жинсий қўшилишлари зинодир”.
Зино ҳаромдир. У Аллоҳга ширк келтириш, ноҳақ одам ўлдириш каби энг катта гуноҳи кабиралардан ҳисобланади.
Аллоҳ таоло айтган: ”Улар Аллоҳ билан бирга бирор илоҳга илтижо қилмаслар. Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни ноҳақдан ўлдирмаслар ва зино қилмаслар. Ким ана шуни қилса, уқубатга дучор бўлур. Қиёмат куни унинг азоби бир неча баробар кўпайтирилур ва у(азоб)да хор бўлиб абадий қолур. Магар ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли бўлган зотдир” (Фурқон сураси, 68-70-оятлар).
Аллоҳнинг барча шариатларида зино ҳаром иш бўлиб, унга қарши турилган, унга қарши курашилган. Самовий шариатларнинг энг охиргиси шариатимизда ҳам зинодан қайтаришда, ундан огоҳ этишда қаттиқ турилган. Зеро, зино сабабли насаблар тартибсиз аралашиб кетади, наслга зарар етади, оилалар бузилади, алоқалар узилади, касалликлар тарқалади, шаҳватларга берилиб тубанликка кетилади, гўзал ахлоқлар завол топади.
Аллоҳ қуйидагича марҳамат қилган:
“Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир” (Исро сураси, 32-оят).
Оятда “зино қилманглар” дейилмаган, балки “зинога яқинлашманглар” дейилмоқда. Бу дегани, “зино қилманглар”, дегандан кўра қаттиқроқдир. Мўмин, мусулмон одам зино қилиш тугул, унинг яқинига ҳам йўламаслиги, зинога олиб борувчи нарсалардан ҳам узоқда бўлиши лозим. Маълумки Ислом бирор нарсани ҳаром қилса, унга етказувчи йўлни ҳам тўсади ва уни тақозо этувчи барча воситаларни ҳаром деб эълон қилади. Демак зино ва унга боғлиқ бўлган фаҳшнинг ҳар қандай кўриниши мутлақо ҳаромдир! Зинонинг ҳаромлигини Аллоҳ зинодан узоқда бўлувчиларни мадҳ қилганидан ҳам билиб олиш мумкин.
Аллоҳ айтади: ”Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир. Улар беҳуда нарсалардан юз ўгиргувчилардир. Улар закотни адо қилгувчилардир. Улар фаржларини сақловчилардир. Магар ўз жуфти ҳалоллари ва қўлларида мулк бўлганлардан (сақламасалар), албатта, улар маломат қилинувчи эмасдирлар. Ким ана шундан бошқани талаб қилса, бас, ана ўшалар тажовузкорлардир” (Мўъминун 1–7).
Аллоҳ ушбу оятларда мўминларнинг энг асосий сифатларини зикр қилганда мўмин ва мўминаларлар ўз фаржларини ҳаром ишлардан сақлашларини айтган. Оятга биноан ким иффатини сақламаса мўминлигининг катта қисмини йўқотган ва улуғ бойликдан ажраган бўлади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам зинонинг ҳаромлиги таъкидланиб, ҳалок этувчи гуноҳи кабиралардан деб саналган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кусуф (қуёш тутилганда ўқилувчи) намоз вақтида минбарда туриб: “Эй Муҳаммад уммати, Аллоҳга қасамки, Унинг эркак ёки аёл бандаси зино қилганида Аллоҳдан кўра рашклироқ ҳеч ким йўқ! Аллоҳга қасамки мен билганларимни билганингизда эди, кам кулиб кўп йиғлаган бўлар эдингиз!” дедилар, сўнгра қўлларини кўтариб:”Аллоҳим (омонатни) етказдимми?!” дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
Ҳадисдан маълум бўлишича Аллоҳдан кўра рашклироқ ҳеч зот йўқ экан. Албатта рашк Исломда мақталган хислатлардан. Бандалари зино қилганларида ҳам Аллоҳ уларни рашк қилар экан. Агар бандалар Аллоҳ ҳақида, охиратдаги ҳисоб–китоб ҳақида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билган нарсаларини билганларида эди, зинодан четланиш у ёқда турсин, балки кам кулиб кўп йиғлайдиган, Аллоҳни ҳеч вақт ёдидан чиқармайдиган бандалардан бўлар эдилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Банда зино қилганда ундан иймон чиқиб бошининг устида соябон каби бўлиб туради. Четлангач иймон унга қайтади” (Абу Довуд ва Термизий ривоятлари).
Иймон ва унинг сабабидан бўлувчи ҳаё билан зино ҳеч қачон бирга бўлмайди. Зино қилган одам мусулмонликдан чиқмаса ҳам иймонсизларнинг амалини бажарган бўлади. Аммо кимки зино қилиш ҳалол деб тасдиқласа, шубҳасиз куфрга кетган бўлади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
“Қайси бир халқда фаҳш тарқалса, ҳатто уни эълон қилсалар, уларда ота–боболарида бўлмаган ўлат (инфекцион касаллик) ва юқумли касалликлар тарқалади” (Ибн Можжа ва Ҳоким ривоятлари).
Исломда қайси бир амал инсонга ва инсоният жамиятига моддий ёки маънавий зарар келтирадиган бўлса, албатта у ҳаром қилинган. Зино ҳам одамларга моддий ва маънавий зарарлар келтиради ва улар орасида турли ҳил олдин кузатилмаган касалликларни келтириб чиқаради. Албатта бунга ҳамма гувоҳдир. Зинонинг ҳаром деб эълон қилиниши ва унга қарши курашишнинг ҳикматларидан бири ҳам шудир. Яна бир узун ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак ва аёл зинокорлар қиёматгача қабрларида азобланаётганларини икки фаришта ҳамроҳлигида кўрганларини айтганлар:
“...Биз яна юрдик ва оғзи тор, туби кенг бўлган тандирга ўхшаш нарсанинг олдига келдик, унинг ичидан овозлар, бақир–чақир эшитилар эди. Биз унга қарадик. Унинг ичида яланғоч эркак ва аёллар бўлиб уларнинг тагидан аланга келиб уларни юқорига отарди. Мен: ”Эй Жаброил булар кимлар?” деб сўрадим. У: ”Булар зинокор эркак ва аёллар” деди” (Имом Бухорий ривояти).
Албатта ҳаром нарсаларнигина уқубати шу кўринишда бўлади, зино эса энг катта ҳаром амаллардандир.
Абу Барза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизлар учун энг қўрқадиган нарсалар йўлдан урувчи шаҳватлар, қорин шаҳватлари, фарж шаҳватлари ва залолатга кетказувчи фитналар” дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).
Бу ҳадисда ҳам мўмин одам четланиши шарт бўлган амаллар ҳақида сўз бормоқда. Зинога етакловчи фарж шаҳвати Аллоҳ розилигини топаман деган инсон учун тақводор бўлиши йўлида катта тўсиқдир. Бу тўсиқни ошиб ўтиш фарж шаҳваларини Ислом рухсат берган кўринишда қондирган ҳолдагина мумкин бўлади.
Ислом уламолари ва Ислом уммати зинонинг ҳаромлигини тасдиқлайдилар. Зинонинг ўзи, унга таъаллуқли ишлар барча кўринишларида буткул ҳаром эканига ижмоъ қилинган. Валлоҳу аълам!