Ассалому алайкум! Ҳоламнинг қайин опаси фолбинлик қилади қанча қайтаришса ҳам шу ишида бардавом. Яқинда холам қайнонаси ва қайин опаси умрага боришни ният қилишибди. Фолбин умрага тавба учун эмас зиёрат учун бориб қайтиб келгандан кейин яна ҳунарини давом эттирмоқчи бўлса у билан бирга борса бўладими? Фолбинни умрага олиб бораётган одам гуноҳкор бўлмайдими? Фолбин кабатуллоҳни тавоф этса ушласа бўладими?
– Ва алайкум ассалом! Бирор инсонни фолбинликда айблаш ўта оғир гап. Бунга яраша далил-исботингиз бор деган умидда жавоб бермоқдамиз. Фолбиннинг ўз умраси тугул уни тасдиқлаган кишининг намози қабул бўлмайди. Иймонга келиши ва қилган ишлари учун тавба қилиши умидида умрага олиб борган бўлса ниятига яраша бўлади. Агар фолбинни ишига ривож қўшиш мақсадида унга ҳамроҳ бўлса гуноҳкор бўлади.
عَنْ بَعْضِ أُمُّهَاتِ الْمُؤمِنِينَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُنَّ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ أَتَى عَرَّافًا فَسَأَلَهُ عَنْ شَيْءٍ لَمْ تُقْبَلْ لَهُ صَلاَةٌ أَرْبَعِينَ لَيْلَةً. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَحْمَدُ وَلَفْظُهُ: مَنْ أَتَى عَرَّافًا أَوْ كَاهِنًا فَصَدَّقَهُ بِمَا يَقُولُ فَقَدْ كَفَرَ بِمَا أُنْزِلَ عَلَى مُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ
Мўминларнинг оналари розияллоҳу анҳуннанинг баъзиларидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким аррофга келиб ундан бирор нарса ҳақида сўраса, унинг намози қирқ кечагача қабул бўлмас», дедилар».
Муслим ва Аҳмад ривоят қилган. Аҳмаднинг лафзи:
«Ким аррофга ёки коҳинга келиб унинг айтганини тасдиқласа, батаҳқиқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган нарсага куфр келтирибди».
Шарҳ: Ҳақиқий мўмин учун қирқ кунлик эмас, бир маҳал намозини қабул бўлмай қолиши улкан мусибатдир. Бу мусибат фақатгина фолбинга бориб ундан бир нарса ҳақида сўрашнинг жазосидир. Унинг айтганига ишонадими йўқми, фарқсиздир.
Аммо ким фолбинга бориб унинг айтганини тасдиқласа, куфрга кетган бўлар экан. Аллоҳнинг Ўзи асрасин.Бу уч нарса оғир гуноҳдир. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!