Ассалому алайкум! Излаш бўлимидан тополмадим. Мен ўқишга боришда ёки бошқа қаергадур йўлга чиқсам одатда метро, автобус ёки такси ёхуд пиёда борсам ҳам Қуръон тинглаб кетаман. Шу аснода аксарият сураларни ёд олганман, масалан Мулк сурасини ҳам қайта қайта эшитавериб ёд олганман Аллоҳга шукр. Саволим шундан иборатки: 1) Йўлда юрган пайтимда Қуръон тинглаб кетсам бу билан Қуръонга ҳурматсизлик қилган бўлиб қолмайманми? (Маълумки Аллоҳ таоло қачонки сизга Қуръон тиловат қилинса унга қулоқ солинг ва жим туринг деб буюрган.) 2) Биз ижарада бир неча талаба бирга турамиз, баъзида айрим диндан узоқ бўлган шерикларимиздан айримлари тик туриб бавл қилишади ва хожатхона унитазига табиийки сийдик томиб ёки сачраб кетади. Аксарият ҳолатларда улардан кейин кирганимизда озорланамиз ва унитазни тозалаб кейин ўтиришимизга тўғри келади. Уларни ўзига айтмайман лекин сийдикдан сақланиш ҳақидаги динимизда келган кўрсатмаларни телеграм орқали юборамиз. Уларга бу йўлдан қайтишлари учун кўрсатмалар берсангиз.
– Ва алайкум ассалом! 1). Сиз Қуръони Каримни ёд олиш учун эшитиб юрар экансиз. Бу ҳурматсизлик эмас. Эшитишда давом этаверинг.
2). Сийдикдан сақланиш ҳақидаги динимиз кўрсатмаларини уларга юбориб тўғри қилибсиз. Асосий вазифангиз шу эди. Энди уларга ўз хулқингиз билан намуна бўлиб юринг. Қўполлик қилманг. Ўзингизни фаришта уларни эса фосиқу-ғофиллар каби кўрманг. Аллоҳдан тавфиқ сўранг. Аллоҳ таоло "Наҳл" сурасида марҳамат қилади:
ادْعُ إِلِى سَبِيلِ رَبِّكَ بِالْحِكْمَةِ وَالْمَوْعِظَةِ الْحَسَنَةِ وَجَادِلْهُم بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ إِنَّ رَبَّكَ هُوَ أَعْلَمُ بِمَن ضَلَّ عَن سَبِيلِهِ وَهُوَ أَعْلَمُ بِالْمُهْتَدِينَ
Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мужодала эт. Албатта, Роббинг Ўз йўлидан адашганларни ўта билгувчи ва ҳидоят топгувчиларни ҳам ўта билгувчидир.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло Ислом даъвати, асослари ва услубларини Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва у киши орқали даъватчи умматларига баён қилиб бермоқда.
Аввало,
«Роббингнинг йўлига...»
Яъни, даъват Аллоҳнинг йўлига бўлмоғи керак экан. Баъзи шахсларга, гуруҳларга, тоифаларга эмас, фақат холис Аллоҳнинг йўлига бўлиши керак.
Иккинчидан,
«...ҳикмат...»
Демак, даъват ҳикмат билан амалга оширилиши керак. Бунда даъват қилинаётганларнинг ижтимоий, маданий савияси ва бошқа омилларни эътиборга олиб, оғир келмайдиган йўсинда даъват қилиш лозим.
Учинчидан,
«...ва яхши мавъиза ила даъват қил...».
Шунингдек, даъват яхши мавъиза орқали йўлга қўйилмоғи керак. Кишиларни қизиқтириш, рағбатлантириш учун чиройли сўз ва гапларни топиб гапириш зарур бўлади. Уларни нафратлантирмаслик лозим.
Тўртинчидан,
«...ва улар ила гўзал услубда мужодала эт...».
Ҳар бир даъватчи кишилар билан гўзал услубда мунозара қилиши керак. Аллоҳнинг йўлига даъват, аввало, фикрий ҳаракатдир. Фикрий ҳаракат бор жойда мунозара бўлиши турган гап. Ислом даъватчиси мунозарани ғоятда гўзал услубда олиб боришга тайёр бўлиши керак. У рақиби билан талашиб, тортишиб, бақир-чақир, уруш-жанжал этмасдан, рақибининг таъбига йўл топиб, унга қаноат ҳосил қилдириб, ўзи сезмаган ҳолда Исломга мойил бўлиб қоладиган даражада усталик билан мунозара олиб бориши лозим.
Бешинчидан,
«Албатта, Роббинг Ўз йўлидан адашганларни ўта билгувчи ва ҳидоят топгувчиларни ҳам ўта билгувчидир».
Яъни, даъватчи ўз вазифаси даъват қилиш эканини, ҳидоят ва залолат Аллоҳга боғлиқлигини ҳеч қачон унутмаслиги керак.
Исломга даъватнинг асосий қоидалари шулардан иборат. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!