Ассалому алайкум! Менда тутқаноқ (эпилепсия) касаллиги бор. 20 ёшимда пайдо бўлди. Шифокор мунтазам равишда дорини ичишни айтди. 1 йилдан ошди соат билан дориларни ичаман. Соатини ўзгартириш мумкин эмас. Укол қилиб олишни имкони йўқ. Муборак Рамазон ойида рўзаларимни тута олмадим. Шифокор ҳали дориларни ичасан деди. Шу йил ҳам Рўза тутолмаслигимдан кўнглим ўксияпти. Лекин бу бир синов эканлигини, ҳар бир нарса Аллоҳнинг иродаси билан эканлигига ишонаман. Сизлардан маслаҳат сўрамоқчи эдим: Шифо учун Аллоҳдан сўраб ўқиладиган дуо ёки сураларни айтсангиз. Ишончли манба бўлгани учун сизларга юзланяпман. Аллоҳ барча касалларга шифо берсин, мушкулларимизни осон қилсин.
– Ва алайкум ассалом! Шифокорингиз билан маслаҳатлашиб, дори қабул қилиш вақтини тунга ўтказиб беришини сўранг. Шундай қилинса рўза тутишингиз мумкин бўлади. Аллоҳ таоло томонидан бандаларга юклатилган намоз ва рўза каби фарзлар уқубат сифатида юклатилмаганки уни бажармасликка узр қидирилса. Аксинча, Аллоҳ таоло ушбу амалларни ўзига яқин бўлиш воситаси қилиб фарз қилган. Қанчалар кўп фарз амалларни бажарсангиз У зотга шу қадар яқинлашиб бораверасиз.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُعَوِّذُ بَعْضَ أَهْلِهِ يَمْسَحُ بِيَدِهِ الْيُمْنَى وَيَقُولُ: اللَّهُمَّ رَبَّ النَّاسِ اذْهِبِ الْبأْسَ واشْفِ أَنْتَ الشَّافِي لَا شِفَاءَ إِلَّا شِفَاؤُكَ شِفَاءً لَا يُغَادِرُ سَقَمًا. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлларидан баъзиларга паноҳ тилаганларида ўнг қўллари ила силаб:«Аллоҳумма! Роббан-нааси! Изҳибил баъса. Ишфи. Анташ-шаафии. Лаа шифаъа иллаа шифааука. Шифаан лаа юғодиру сақман», дер эдилар».
Икки шайх ривоят қилганлар.
Дуонинг маъноси қуйидагича:
«Аллоҳим! Одамларнинг Робби! Шиддатни кетказ! Шифо бер. Шифо берувчи Сенсан. Шифоингдан бошқа шифо йўқ. Ҳеч дардни қўймайдиган шифо бер!» ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!