- Кимга фарзнинг вақти ўтмасдан истеҳоза, бурун қонаш ёки шуларга ўхшаш бетоҳаратлик етиб туриш одат бўлиб қолган бўлса, ўшанинг сабабидан ҳар фарзнинг вақтига тоҳарат қилади ва у билан ўша вақтда хоҳлаганича фарз ёки нафлни ўқийверади. Мазкур ҳолатларга доимий равишда ел чиқиб туриши, сийдик оқиб туриши, яраси қонаб туриши каби ҳолатлар ҳам қиёс қилинади. Мазкур ҳолатга мубтало бўлган кишилар ҳар намознинг вақтига бир тоҳарат қилиб олиб, ўша намознинг вақти чиққунча тоҳаратли одамга жоиз бўлган ишларни қилаверади. Ўшандоқ тоҳаратни қуёш чиқишига ўхшаш вақтнинг чиқиши синдиради. Мисол учун, узрли шахс Бомдод учун тоҳарат қилди. Унинг тоҳарати қуёш чиқиши билан синади. Қуёш чиққандан кейин қилган тоҳарати билан Пешинни ўқиса бўлади. Заволга ўхшаш вақтнинг кириши эмас. Заволдан олдин тоҳарат қилган узрли шахснинг тоҳарати завол бўлиб Пешиннинг вақти кириши билан синмайди. Балки ўша тоҳарат Пешиннинг вақти чиқиши билан синади.