Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Жинлар билан алоқа ҳақида

08:13 / 09.04.2014 | AbdulAziz To'xtayev | 4155
Ассалому алайкум, Ҳурматли Шайх Ҳазратлари! Баъзи инсонлар жинлар билан гаплашишлари ҳақида эшитдим. Бу нарса мусулмон инсоннинг иймонига таъсир қиладими?

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

- Мўмин-мусулмон инсоннинг Қуръонда келган ҳар бир хабарга иймон келтириши фарз. Худо кўрсатмасин, Қуръондаги бирор хабарга шубҳа билан қараш, ишонмаслик кофирлик бўлади. Шундан келиб чиқилса, жин ҳақида Қуръонда оят келиши уларнинг борлигига иймон келтиришни барча мусулмонларга фарз қилади. Шундай экан, бир оз тўлароқ тушуниш учун бу борадаги баъзи маълумотларни ўрганиб қўймоғимиз зарур. Маълумки, дунё сиру асрорларга тўла. Биз ҳали моҳиятини, сифатини, таъсирини билмайдиган ҳодисалар атрофимизда тўлиб-тошиб ётибди. Бирор нарса кўзимизга кўринмаса, уни йўқ дейишга ҳаққимиз йўқ. Ҳар куни янги нарсалар, махлуқотлар кашф этиляпти. Кеча билмаган нарсаларимиз бугун кашф этилса, биз уни йўқ эди дея олмаймиз. Балки, кеча бу бор нарсани биз билмас эканмиз, деймиз. Ҳозирги кунда ўтган аждод билмаган, хаёлига ҳам келтирмаган қанчадан-қанча нарсаларни биляпмиз. Албатта, биз билган нарсалар кейинги авлодлар учун ўйинчоққа ўхшаб қолади. Бу нарсалар Аллоҳ таоло инсонга берган қобилиятлар ёрдамида кашф қилинмоқда, буларнинг ҳаммаси инсон идроки чегарасидаги нарсалардир. Келажакда яна кўп нарсалар кашф этилиши турган гап. Демак, бирор нарсани бор ёки йўқ деб жазм ила ҳукм чиқариб юборишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Биз, бандалар идрокимизни ишга солмай, Аллоҳ таоло Ўзи баъзи сирни кашф этиб берса шукр қилиб қабул этмоғимиз лозим. Масалан, жинга ишониш масаласида ҳам Аллоҳ таоло Ўз каломида сиз билан бизга маълумот берган экан, уни ихлос билан қабул этиб, ишониб, иймон келтирмоғимиз лозим. Аллоҳ таолонинг бизга билдиришича, жин деб аталган махлуқот бор, у оловдан яратилган. Иблис ҳам жинлардан ҳисобланади. Жинлар одамларни кўради, одамлар уларни кўрмайди. Жинларнинг ҳам инсонларга ўхшаш жамоатлари, қабилалари, гуруҳлари бор. Улар ҳам ер куррасида яшаш қобилиятига эга. Бошқа сайёраларда яшаш имконлари ҳам мавжуд. Залолатга кетган инсонларни йўлдан оздириб, фикрларига таъсир ўтказишлари мумкин. Инсоннинг овозини эшитиб, тилини тушунишади. Уларнинг ичида мусулмонлари ҳам, кофирлари ҳам бор. (Ўғлига Қуръон ёдлатмоқчи бўлган жин таниш қорилардан бирига ёрдам сўраб мурожаат қилгани бизга ҳам маълум). Жинларнинг Қуръон тинглаганликлари ҳақидаги ривоятларни синчиклаб ўрганиб чиққандан сўнг маълум бўладики, айнан шу сафар Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзлари жинлар у зотнинг тиловатларига қулоқ осганидан ва ундан кейинги гаплардан бехабар бўлганлар. Фақат Аллоҳ таоло оят тушириб хабар берганидан сўнг билганлар. Аммо ушбу воқеадан сўнг жинлар яна келиб тинглашганида Пайғамбар алайҳиссалом бу галгисини билиб турганлар. Пайғамбар алайҳиссалом бомдод намозини ўқиётганларида бир гуруҳ жинлар у зотнинг қироатларини тинглаб иймонга келганлари ва бошқа ҳодисалар Жин сураси ва бошқа суралар тафсирида батафсил келтирилади. Жин ҳақида қисқача бўлса ҳам маълумот олишимиз бу сураи кариманинг маъноларини янада чуқурроқ тушунишимизга ёрдам беради, деган умидда қуйидагиларни эътиборингизга ҳавола қилишга ижозат бергайсиз. Қуръони Карим нозил бўлаётган пайтда араб қабилалари жинларга махфий, норавшан худолар деб эътиқод қилишар эди. Улар жинларнинг насаби Аллоҳ таолога етиб боради, унинг жинлардан шериклари бор, деган бузуқ эътиқодга ҳам бўйсунишарди. Шунингдек, араблар жинлар ғойибдан хабардор, фолбин ва мунажжимларга осмон сирларини айтиб туришади, деган ўйда эдилар. Жин сураси ушбу эътиқодларнинг бекорчи эканини таъкидлайди. Бунга қўшимча маънода Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида: «Ким фолбину мунажжимга борса ва уларга ишонса, Муҳаммадга тушган нарсага кофир бўлибди», деганлар. Арабларда жинларнинг ҳукми ер юзида ўтади, деган хом хаёл бўлиб, агар улардан бирортаси маълум бир ерга бориб ётиб қолмоқчи бўлса, «Ушбу жойнинг хўжайин жинидан паноҳ сўрайман», деган маънодаги дуони қиларди. Бизнинг юртларда ҳам, ҳатто ҳозирги вақтгача кишиларда юқоридагиларга ўхшаш турли-туман бузуқ, бидъат-хурофотдан иборат тушунчалар мавжуд ва улар бу ёлғон эътиқодга бўйсунадилар. Айниқса кейинги пайтда кишилар руҳий бўшлиқ ҳаддан ташқари зиёда бўлганидан бу маънодаги гап-сўзлар кўпайиб кетди. Агар уларга қулоқ осадиган бўлсак, худди бутун дунёни жинлар бошқариб турганга ўхшайди (астағфируллоҳ). Шу билан бирга қадимда ҳам, ҳозирда ҳам жинларни умуман инкор этадиганлар бор. Улар жин ҳақидаги ҳар бир сўзни афсона, бекорчи гап дейишади. Жинлар ҳақидаги ҳодисаларнинг гувоҳи бўлган кишиларни жиннига, мияси айниганга чиқаришади. Ислом эса жин ҳақида худди бошқа масалалардаги каби ҳақиқатни баён қилади. Ислом жин борлигини, унинг ҳақидаги тўғри тасаввурни баён этиб, нотўғри тушунчаларни рад қилди. Шу билан бирга жинлардан кутиладиган мавҳум қўрқинч ва хавфу хатарни ҳам рад этади. Жинлар ҳақиқатда бор мавжудотлар бўлиб, асли ўтдан яратилган. «Жин» сўзининг луғавий маъноси эса «тўсилган» дегани, яъни, одамлар кўзидан тўсилган нарса. Шу сабабли ҳам у инсонларга кўринмайди. Улар ўзлари кўринмай туриб, бизларни ва бошқа нарсаларни кўришлари мумкин. Шу билан бирга турли шаклларга киришлари ҳам мумкин. Уларнинг ичида ҳам худди одамларга ўхшаб иймонсиз-иймонли, яхши-ёмон, адашган ва ҳидоятда юрганлари, фирибгар ва соддалари бор. Жинлардан ҳам Қуръонга, Пайғамбар алайҳиссаломга иймон келтириб яхши йўлда юрганлари жаннатга, иймонсиз бўлиб ёмон йўлда юрганлари дўзахга тушади. Улар одамларга ҳеч қачон ёрдам бера олмайдилар ва ғойиб сирларини билмайдилар, чунки Қуръони Карим нозил бўлгандан сўнг улар бу хислатлардан маҳрум бўлишган. Жинларнинг Аллоҳ таоло билан насаб йўлидаги боғлиқлигига келсак, бу ҳақдаги ҳар қандай фикр туҳматдир. «Сабаъ» сурасида бир гуруҳ жинлар Сулаймон алайҳиссаломга хизматкор бўлганлари, у зот ҳассага суяниб туриб вафот этганларидан сўнг ҳам тирик, кузатиб турибди, деб ўйлаб, машаққатли ишда давом этганлари ҳақида оятлар бор. Жин сурасининг тафсири давомида бу масалалар янада равшан бўлади, иншааллоҳ. Исломдан аввалги вақтда жинлар осмонга чиқиб малоикаларнинг ўзаро суҳбатларини, жумладан яқин кунларда содир бўладиган баъзи ишлар ҳақидаги маълумотларни яширинча эшитиб, ердаги фолбину мунажжимларга бирга ўнни қўшиб етказишар экан. Орадан анча вақт ўтиб, осмон хабарига қулоқ осгани чиқишса, уларни юлдузлардан узилиб чиққан учқунлар уриб ҳайдайдиган бўлиб қолибди. Улар ерга, қавмлари ҳузурига қайтиб, «Нима бўлди экан, бизни учқунлар қувадиган бўлиб қолди-ку? дейишади. Шунда баъзилари дунёда улкан, оламшумул ўзгариш бўлган бўлса керак, дейишади. Машриқу мағрибни кезиб, биздан осмон хабарини тўсган нарсани қидириш зарур, деган қарорга келиб, сафарга отланишади. Ривоятларда нақл қилинишича, Насийбин номи билан аталувчи жойда яшовчи жинлардан етти нафари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозида қироат қилаётганларини эшитиб тўхташган, биздан осмон хабарини тўсган нарса шу, деб ўз қавмларига қайтиб, бўлган ҳодисани айтишади. Шунда Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига Жин сурасини нозил қилди. Жин ҳақидаги ҳадисларни жамлаб ўрганиб чиқилганда уларнинг вакиллари Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига олти марта келганлари маълум бўлади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бир ҳадисда қуйидагича ҳикоя қилинади: «Кечалардан бирида Пайғамбаримизни йўқотиб қўйдик. У кишини водийлардан, паст-баландликлардан ахтариб топа олмадик. Турли ёмон хаёлларга бориб, кечаси билан хавотир олиб чиқдик. Тонг отганда бирдан Пайғамбар алайҳиссалом ўзлари пайдо бўлиб қолдилар. Ҳиро тоғи тарафдан келар эдилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, сизни йўқотиб қўйиб излаб топа олмадик, кечаси билан безовта бўлиб чиқдик», дедик. Шунда у зот: «Жинларнинг даъватчиси келган эди. Бирга бориб уларга Қуръон ўқиб бердим», дедилар. Сўнгра бизни етаклаб бориб уларнинг изларини ва гулханларининг кулини кўрсатдилар. Жинлар у зотдан озуқа сўрашганида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг исми айтиб сўйилган ҳайвоннинг суяги қўлингизга тушса, сизга гўштдан ҳам яхши таомдир. Ҳайвонларнинг тезаги эса уловларингизга озуқадир», дедилар. Сўнгра бизга: «Шу икки нарса билан истинжо қилманг (ҳожатдан сўнг тозаланманг), чунки улар биродарларингизнинг таомидир», дедилар». Абдуллоҳ ибн Масъуддан қилинган бошқа бир ривоятда иккинчи қисса ҳикоя қилинади. Бир куни хуфтон намозини ўқиб бўлгандан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлимдан ушлаб юриб кетдилар. Бир жойга етганимиздан сўнг мени ўтқазиб, атрофимга чизиқ чиздилар-да: «Чизиқдан чиқмай тур», дедилар. Шу ҳолда ўтирган эдим, олдимдан сон-саноқсиз жинлар ўтди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тонггача қайтиб келмадилар. Қулоғимга турли овозлар эшитилди, сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар. У кишидан: «Эй Аллоҳнинг Расули, қаёқда эдингиз?» деб сўрадим. «Жинлар вакил юборган экан», дедилар. «Мен эшитган овозлар қандай овозлар?» дедим. «Менга жинлар салом берганидаги ва хайрлашганидаги овозлар», дедилар». Ҳа, биз яшаётган олам асрорга тўла, биз билмаган махлуқот, турли кучлар, ажойибот тўлиб ётибди. Уларнинг ичида яшаб юрамиз, лекин озгинасидангина хабардормиз. Ҳар куни янгидан-янги кашфиётлар бўлиб турибди. Баъзи нарсаларнинг ўзини, бошқаларининг кучини, учинчиларининг эса таъсирини англаймиз, холос. Жинлар ҳам ўша биз учун сир бўлиб турган нарсаларнинг биридир. Улар ҳақида Қуръонда ва ҳадисда келган хабарларни тасдиқлаш ва ундан ташқарига чиқиб турли бидъату хурофотларга берилмаслик бизнинг бурчимиздир. Валлоҳу аълам.

Топ рейтинг www.uz Openstat