Ассалому алайкум! Мени ёшим 26 да қари бувим билан тураман яни у кишига қараб тураман ота онам бор улар бошқа уйда яшашади мен бувим билан тураман. Исломни ва ўз динимни яхши кўраман ва шунинг билан биргаликда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам у зот ҳақида бирор киши ёмон сўз айтса ўзимни тутиб тура олмайман. Бувим қанақадур рус кишини олий рух билан суҳбатини ва динлар хар хил бўлсада мақсади битта деб такидлайди мен унга унча парво қилмайман лекин Пайғамбар ҳақида бўгаман нарса дейди шунга жахлим чиқади бувимди уйида қолиб бувимга ғамхўрлик қилайми ёки у кишини диндан чиққан сўзларини эшитмасдан ўз уйимга кетайми?
– Ва алайкум ассалом! Бувингиз гарчи ғайридин бўлса ҳам чиройли муомалага ҳақлидир. Сиз ўз динингиз ва эътиқодингиздан хавфсирамасангиз у киши билан бирга яшаб, хизматини қилишингиз мумкин. Аллоҳ таоло «Луқмон» сурасида шундай деб марҳамат қилади:
«Агар икковлари сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга зўрласалар, бас, уларга итоат этма! Ва дунёда икковларига яхшилик қил ҳамда Менга қайтганларнинг йўлига эргаш. Сўнгра қайтишингиз фақат Менгадир. Бас, Мен сизга нима амал қилганингиз хабарини берурман» (15 оят).
Ҳа, ота онанинг фарзандда ҳаққи кўп. Фарзандлари уларни ҳар қанча эъзозласа, уларга ҳар қанча шукр қилса, итоат этса, оз. Аммо Аллоҳ таолонинг ҳаққи ундан ҳам юқори. Чунки ота она фарзанднинг дунёга келишига, униб-ўсишига сабабчи бўлсалар, Аллоҳ таоло ҳақиқий яратувчи ва ризқ берувчидир. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг ҳаққи ота онанинг ҳаққидан устундир. Бу оятда ана шу ҳақиқат баён этилмоқда.
«Агар икковлари сени ўзинг билмаган нарсани Менга ширк келтиришга зўрласалар, бас, уларга итоат этма!»
Агар ота она ўз қадрини ўзи туширса, ота оналик бурчини адо этиш, Луқмони Ҳаким каби боласини ширкдан қайтариш ўрнига уни Аллоҳ таолога ширк келтиришга зўрласалар, нотўғри қиладилар, гуноҳкор бўладилар. Унда фарзанд уларга итоат этмайди. Гуноҳ ишда ота онагаки итоат этилмаганидан кейин, улардан бошқасига итоат этмаслик турган гап. Мўмин мусмон кимса нафақат Аллоҳга ширк келтиришда, балки умуман, У Зотга маъсият бўладиган ишларда ҳеч кимга итоат этмайди.
Лекин бу «Бошқа эътиқодда бўлгани учун ота онангдан бутунлай воз кеч», дегани эмас.
«Ва дунёда икковларига яхшилик қил…»
Мусулмон фарзанд кофир ота онасига эътиқод, дину диёнат масаласида итоат этмагани билан, уларга ширин муомалада бўлади, дунёвий эҳтиёжларини қондиради. Ушбу ояти карималар нозил бўлмаган вақтларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққос, Саъд ибн Молик каби ота онаси мушрик бўлган саҳобийларга ота оналарини ҳурматлашни, уларга яхшилик қилишни буюрганлар.
«...ҳамда Менга қайтганларнинг йўлига эргаш».
Яъни, менинг йўлимни тутган мўмин мусмонларнинг изидан юр.
«Сўнгра қайтишингиз фақат Менгадир».
Мендан бошқага эмас. Қиёматда ҳаммангиз менга қайтасиз.
«Бас, Мен сизга нима амал қилганингиз хабарини берурман».
Ва ҳар ким қилган яхши амалига яраша мукофот, ношукр бўлганлар нонкўрлигига яраша жазоларини оладилар.
Бу борадаги умумий қоидани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларидан бирида баён қилганлар.
Ҳасандан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Холиқнинг маъсиятида махлуққа итоат йўқ» – дедилар».
Ибн Абу Шайба ривоят қилган.
Яъни, бандани рози қиламан, деб, Аллоҳ таолони норози қиладиган нарсани қилиб бўлмайди.
Мусулмон фарзанд ота онасини рози қилиш учун барча яхшиликларни қилиши матлуб. Аммо бу ишлар шариат кўрсатмаларидан заррача ҳам четга чиқмаслиги лозим. Акс ҳолда, банда Аллоҳ таолонинг олдида гуноҳкор бўлиб қолади.
Ота она зулм қилсалар ҳам, уларга яхшилик қилиш ҳақидаги гап борасидаги ҳужжат ва далилларни чуқур таҳлил қилган фуқаҳолар бундан истисно қилинадиган нарсаларни ҳам аниқлаганлар.
Машҳур Ҳанафий олимлардан Мулло Али Қори:
«Бу (ота она зулм қилса ҳам, уларга итоат қилиш) айни камолдир. Аммо, жоизликнинг асли эътиборидан хотини билан ажрашиш ҳақида амр бўлса, уни талоқ қилиш лозим бўлмайди. Агар ота она қаттиқ озор топсалар ҳам», – деган.
Имом Таҳовий:
«Фарзанд мубоҳ нарсаларда бўйсунади, наҳий қилинган нарсаларда эмас», – деган.
Тоҳир Фатаний:
«Агар икковлари дунёвий ишларда унга зулм қилсалар, кўнади ва бўйсунади, охират ишларида эмас»,– деган.
Иззуддийн Абдуссалом:
«Фарзандга иккисининг итоати ҳар бир амрда ва ҳар бир наҳийда вожиб бўлмаслигига уламолар иттифоқ қилганлар», – деган.
Имом Fаззолий:
«Кўпчилик уламолар ота онанинг итоати шубҳали нарсаларда вожиблигини айтганлар. Тўлиқ ҳаромда вожиб бўлмайди. Чунки шубҳани тарк қилиш вараъга киради. Ота онанинг итоати эса мажбурийдир»,– деганлар. Валлоҳу аълам!