Ассалому алайкум! Икки яқиним дунёдан ўтганлар бирларига ўн йилдан ошди бирларига эса беш йилдан. Уларнинг қабрлари ҳали қум тепалик билан турибди. Нима ёдгорлик қилсам тўғри бўлади? Бу қабр кимники эканини билдирадиган бирор белги ёдгорлик қўйиш мумкинми? Акси ҳолда қабр жойи номалум бўлиб қолиши ҳам мумкинку?!
– Ва алайкум ассалом! Қабрга гўрковлар қўядиган махсус белгидан бошқа нарса қўйилмайди. Қабр тепасига ёдгорлик бўлиши учун маййитнинг исми шарифини ёзиб қўйишни баъзи уламолар жоиз эмас деганлар. Баъзилари эса зарурат бўлса жоиз деганлар. Лекин қабр тепасига тош қўйиб, Қуръони Каримдан оят, муболаға тарзда битилган шеър ва мақтовларни ёзишни макруҳ деганлар. (Роддул Муҳтор).
Қабрга белги қўйиш ва бир жойга яқин қариндош-уруғларни дафн қилиш:
Қабрни белгилаш учун тош ёки шунга ўхшаш табиий, содда нарсалар қўйиш мумкин. Белгилашнинг ҳам, яқин кишиларни бир жойга қўйишнинг ҳам ҳикмати битта, у ҳам бўлса, тириклар уларни зиёрат қилишда тез ва осон топишларидир.
عَنِ الْمُطَّلِبِ ابْنِ أَبِي وَدَاعَةَ قَالَ: لَمَّا مَاتَ عُثْمَانُ بْنُ مَظْعُونٍ أُخْرِجَ بِجَنَازَتِهِ فَدُفِنَ فَأَمَرَ النَّبِيُّ رَجُلاً أَنْ يَأْتِيَهُ بِحَجَرٍ فَلَمْ يَسْتَطِعْ حَمْلَهُ فَقَامَ إِلَيْهَا رَسُولُ اللهِ وَحَسَرَ عَنْ ذِرَاعَيْهِ ثُمَّ حَمَلَهَا فَوَضَعَهَا عِنْدَ رَأْسِهِ وَقَالَ: أَتَعَلَّمُ بِهَا قَبْرَ أَخِي وَأَدْفِنُ إِلَيْهِ مَنْ مَاتَ مِنْ أَهْلِي.
Мутталиб ибн Абу Вадоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Усмон ибн Мазъун вафот қилганида жанозасини олиб чиқиб, дафн қилинди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир одамга тош олиб келишни буюрдилар. У тошни кўтара олмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари туриб бориб, икки билакларини шимариб, тошни кўтариб олиб келиб, унинг бош томонига қўйдилар ва:
“Бу билан акамнинг қабрини белгилайман ва аҳлимдан ким ўлса унинг ёнига дафн қиламан”, дедилар”.
Қабр тепасига бино қилиш
Қабр тепасига гумбаз, қубба каби иморат қуриш зийнат мақсадида ҳаромдир. Қабул пухта бўлиши мақсадида бўлса макруҳдир. (Беҳишти гавҳар)
عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: نَهَى رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنْ يُجَصَّصَ الْقَبْرُ وَأَنْ يُقْعَدَ عَلَيْهِ وَأَنْ يُبْنَى عَلَيْهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ الْبُخَارِيَّ. وَلَفْظُ التِّرْمِذِيِّ: نَهَى النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنْ تُجَصَّصَ الْقُبُورُ وَأَنْ يُكْتَبَ عَلَيْهَا وَأَنْ يُبْنَى عَلَيْهَا وَأَنْ تُوطَأَ.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрни бўр билан сувашни, унинг устига ўтиришни ва унинг устига бино қуришни наҳйи қилганлар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Термизийнинг лафзида:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларнинг бўр билан сувалишидан, уларнинг устига ёзилишидан ва уларнинг устига бино қурилишидан ва босилишидан қайтарганлар», дейилган.
Қабрларни баланд қилиш, атрофига хом, пишиқ ғишт ёки тош уриш ва устига иморат қуриш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан эмас. (Зодул Маъод). Валлоҳу аълам!