Ассалому алайкум! Бир ўртоғимдан 10.000$ олиб ойига 400$ бераман деб ўзим розилик билан келишиб олсам рибо бўладими? Шу хакда тўлиқроқ малумот берсангиз.
– Ва алайкум ассалом! Рибо бўлади.
Фойда келтирган ҳар қандай қарз рибодир
Қарз берганда одамларга ёрдам бериш, уларнинг ҳаётини енгиллаштириш ирода қилинади. Шариатимиз қарзни фойда келтирувчи манба қилиб олишдан қайтарган. Шунинг учун қарз берувчи ўзи берган қарзнинг айнан мислини олишгагина ҳақли бўлади. Агар қарз беришда бирор фойда шарт қилинса ёки шарт қилинмаса ҳам, бирор фойда қўшиб бериш урфга кириб қолган бўлса, ёки кимдир қарз олиб, уни қайтараётганда унга фойда қўшиб беришни одат қилиб олган бўлса, олинган фойда ҳаром ҳисобланади. Масалан, «Фалон сўм қарз берсангиз, уйимдан ижарага фойдаланиб турасиз, савдодан тушган сўмнинг ҳар кунлигини олиб, фойдаланиб турасиз», «Мол олишга кетадиган кунимиз сиздан валюта оламиз, фойдаланганингиз эвазига валютани бозор нархидан арзонга берасиз», «Ҳозир шу машинангни қарзга бериб турсанг, йилнинг фалон вақтида сенга янги машина олиб бераман» ва шу каби шартлар асосида қарз бериб, бирор қўшимча манфаат олиш ҳаромдир.
Қадимда мусулмонлар ўзига қарз берган кишининг девори ёки дарахтининг соясидан фойдаланишдан ҳам сақланганлар.
وعن إسماعيل بن إبراهيم بن عبدالله بن أبي ربيعة المخزومي، عن أبيه عن جده، أن النبي صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ استلف منه حين غزا حنيناً، ثلاثين أو أربعين ألفاً، فلما قدم لقضاها إياه، ثم قال النبي صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «بارك الله لك في أهلك ومالك، إنما جزاء السلف الوفاء والحمد» رواه ابن ماجه والنسائي
Абу Робиъа Махзумий отасидан, у бобосидан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳунайн куни мендан ўттиз ёки қирқ минг қарз олдилар. Ҳунайндан қайтгач, қарзларини менга қайтардилар. Сўнг: «Аллоҳ аҳлинг ва молинга барака берсин! Қарзнинг мукофоти уни тўлаш ҳамда раҳмат айтишдир», дедилар. Валлоҳу аълам!