Ассалому алайкум! Ёнидаги инсонга кесатиб гапирса ва у инсон хафа бўлса бу гунохми? Кесатиб гапириш хақида хадис борми?
– Ва алайкум ассалом! Ҳадисда қуйидагича келади:
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: الْمُسْلِمُ مَنْ سَلِمَ الْمُسْلِمُونَ مِنْ لِسَانِهِ وَيَدِهِ
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Мусулмон – мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир.
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: «Мусулмон – мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир» деган жумладан «мусулмонларга тили ва қўли билан озор етказган одам мусулмон бўлмайди» деган маъно чиқмайди. Бу таърифлардаги гаплар «фалончини одам деса бўлади», «фалончи – ҳақиқий одам» қабилидаги гапга ўхшайди. Исломнинг беш рукнларига амал қилган одам мусулмон ҳисобланаверади. Аммо мусулмонларга озор бермаган, уларга тили ва қўли билан зарар етказмаган одам афзал мусулмон бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг афзал мусулмонни бундай таърифлашларида оз сўз билан улкан маънони англатиш, луғат бойликларидан усталик билан фойдаланишнинг олий мақомлари ўз аксини топгандир. Ислом, мусулмон сўзлари «саломатлик» «тинчлик» маъноларини ифода этади. Шунинг учун мусулмон–ўзга одамлар унинг ёмонликларидан тинч ва саломат бўлган шахс, дейилмоқда. «Тилидан ва қўлидан» дейилганда фақат шу икки аъзо кўзда тутилган эмас. Одатда, одамларга кўпинча тил ва қўлдан зарар, озор етади. Аммо бундан бошқа услуб ва йўллар билан ҳам озор бериш яхши эмас. Ким бу ишни қилса, мусулмонлик фазлини йўқотади.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Мусулмонларга озор ва ёмонлик етказмасликка ҳаракат қилиш. Чунки, ким мусулмонларга хоҳ тили билан, хоҳ қўли билан, хоҳ бошқа йўл билан озор етказса, ёмонлик қилса, у мусулмонлик фазлидан маҳрум бўлади.
2. Одамларнинг жонига, қонига ва молу мулкига кўз олайтирмаслик. Ким бошқаларнинг ўзига бўлган ишончини йўқотса, одамлар ундан жонлари учун, моллари учун хавфсирай бошласа, мўминлик фазилатини йўқотган бўлади. Ушбу ҳадиси шарифнинг ҳикматлари бугунги кунимиз учун қанчалик муҳим эканлигини гапириб ўтиришга ҳожат бормикан?
Ҳозирги кунда жамиятлар тили ва қўли билан ёмонлик етказмайдиган мусулмонларга қанчалар муҳтож. Якка шахслар орасидаги муомалаларга қарасангиз, мусулмон мусулмонга турли йўллар билан озор бераётганини кўрасиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳожирлик мақомига эришиш йўлини осонлаштириб, Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан қайтган одам ҳам муҳожир бўлишини эълон қилиб қўйибдилар. Ўзи шундай ҳам Аллоҳ қайтарган ҳар бир нарсадан қайтиш мусулмон банданинг бурчи эди. Аммо бу бурчни меҳр ила, шафқат ила бажарган одамга юксак мукофот – муҳожирлик мақоми эълон қилинибди. Хўш, мусулмонлар бу мукофотга қанчалик интилмоқдалар?!
Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан қанчалик қайтмоқдалар?
Аллоҳ таоло мусулмонларни ёлғондан, ҳаромдан, ароқдан, зинодан, зулмдан, ўғриликдан, алдамчиликдан ва бошқа кўпгина нарсалардан қайтарган. Агар ушбу ҳадисга амал қилганимизда, ушбу разолатлар жамиятимизда мутлақо бўлмас эди. Мўминлик қандай яхши нарса! Мўминни кўрган одам ундан хурсанд бўлади, унга ҳавас қилади. Мўминлиги учун унга жонини, молини ишонади. Чунки мўминлик омонлик тимсолидир. Афсуски, ҳозирда мўминлик даъвосини қилиб юрган айрим кишиларнинг қилмишларидан динга янги юзланганлар нафратланиб, ҳатто диндан қайтиб кетган ҳоллари содир бўлмоқда. Ислом таълимотларидан, Пайғамбар алайҳиссалом суннатларидан узоқлашишнинг оқибати шу!(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!