Мўътазила мазҳаби канака ? ? ?
Адашган фирқаларнинг таърифи
www. islom. uz
1- "Мушаббиҳа" -Аллоҳ таолони сифатларида махлуққа ўхшатганлар. Улар насороларнинг аксидирлар. Насоролар махлуқни-Ийсо алайҳис саломни-Холиққа ўхшатишган Унга илоҳийлик сифатларини беришган. У зот, алайҳис саломни илоҳ қилиб олишган. Улар мушриклардир.
2- "Мўътазила"-Ҳасани Басрий раҳматуллоҳи алайҳнинг ўлимидан кейин, иккинчи юз йилликнинг бошларида Аҳли сунна ва жамоадан четга чиққанлардир. Уларнинг бошлиқлари Амр ибн Убайд (144 ҳижрий санада вафот этган) ва Восил ибн Ато (131 ҳижрий сана вафот этган)лардир. Улар Аҳли суннадан четга чиқиб ўтирар эдилар. Қатода раҳматуллоҳи алайҳи ва бошқалар уларни: «Анавилар, «мўътазилалар»-четга чиққанлар-деб номлашган. Жамоатдан четга чиққанлари учун шу номни олганлар. Ривоят қилинишига, уларнинг мазҳабининг асосчиси Восил ибн Атодир. Унга Ҳасани Басрийнинг (110 ҳижрий санада вафот этган) шогирди Амр ибн Убайд эргашган.
МЎЪТАЗИЛА МАЗҲАБИ БЕШ АСОСГА БИНО ҚИЛИНГАНДИР
Ҳорун ар-Рашид замонида Абул Ҳузайл (235 ҳижрий санада вафот этган) уларнинг мазҳабини баён қилувчи иккита китоб тасниф қилди. У бу мазҳабни беш асосга, Адл, Тавхид, ваъда қилиб қўрқитилган нарсанинг бўлиши ва икки манзила ўртасидаги манзила, амри маъруф ва наҳйи мункарлардан иборат асосларга бино қилди. Улар ҳақ билан ботилни аралаштириб юбордилар. Бидъатнинг шаъни ўзи шундоқ, ҳақ ва ботилни ўз ичига олади.
Мўътазилийлар адолат шиори билан қадарни манфий қилишларини пардаламоқчи бўлдилар. Улар: «Аллоҳ таоло ёмонликни яратмайди ҳам, унга ҳукм ҳам қилмайди. Чунки, агар Аллоҳ ёмонликни яратиб туриб, сўнгра уни қилганларни азобласа жавр-зулм қилган бўлади. Аллоҳ таоло одилдир. Жавр қилмас»-дедилар.
Шундоқ қилиб, улар ўз асосларининг ҳар бири билан бир бидъатини пардалаштирдилар. Мисол учун «тавҳид» билан Қуръоннинг халқ қилингани ҳақидаги бидъатларини пардалаштирдилар. «Ваъда қилиб, қўрқитилган нарсанинг бўлиши» ила гуноҳкорларни афв ва мағфират қилиш йўқ, деган бидъатларини пардалаштирдилар.
«Икки манзила ўртасидаги манзила» билан эса, гуноҳи кабира қилганларнинг иймондан чиқиб, куфрга кирмасликлари ҳақидаги бидъатларини пардалаштирдилар.
«Амри маъруф ва наҳйи мункар» ила имомларга қарши, агар улар жавр қилсалар, уруш қилиш жоизлиги ҳақидаги бидъатларини пардалаштирдилар.
3- "Жаҳмия" -Жаҳм ибн Софвон Самарқандийга эргашганлардир. У сифатларни нафий қилгандир. Жаҳмийлар аслида Аллоҳнинг сифатларини инкор қиладилар. Улар таътийл-сифатларни амалдан қолдириш - ҳақида гап юритадилар. Жаҳм ўз ақидасини 118 ҳижрий санада Холид ибн Абдуллоҳ ал-Қасрий томонидан Воситда ўлдирилган ал-Жаъд ибн Дирҳамдан олган.
Холид ибн Абдуллоҳ Қурбон ҳайити куни одамларга хутба қилиб: «Эй одамлар, қурбонлик қилинглар. Аллоҳ қурбонлигингизни қабул қилсин. Мен ал-Жаъд ибн Дирҳамни қурбонлик қиламан. У, Аллоҳ Иброҳимни халийл қилиб олмаган, Мусога гапирмаган, деб даъво қилмоқда. Аллоҳ ал-Жаъд айтаётган нарсадан олийдир», деди. Сўнг тушиб бориб, уни сўйди.
4- "Жабрия"-Банданинг қилган ишида ўз ихтиёри йўқ, деб эътиқод қилувчилардир. Уларнинг фикрига банда барча нарсани ўз ихтиёри билан эмас, мажбур бўлиб қилади. Уларнинг бу фикри ҳам аслида юқорида зикр қилинган Жаҳмга оиддир.
5- "Қадария" -Банда ўз ишларини қилишга қодирдир, уларни яратувчидир, деб эътиқод қилувчилардир. Улар ҳар бир яхшилик ёки ёмонлик Аллоҳнинг тақдир қилиши билан бўлишини инкор қиладилар. Уларнинг наздида банданинг иши Аллоҳнинг қадари, илми ва иродаси билан бўлмайди.
Мўътазила билан Қадария бир нарсадир. Лекин, Аҳли сунна ва жамоадан четга чиққанлари учун Мўътазила, қадарни инкор қилиб, банда ўз ишини ўзи халқ қилади, деганлари учун Қадария, дейилади.
МАЗКУР ФИРҚАЛАРНИНГ ЗАЛОЛАТИ САБАБИ
Мазкур ва шунга ўхшаш бошқа фирқаларнинг залолатга кетиши асосан, Аллоҳ кўрсатган сироти мустақиймдан четга чиқиш ила бўлади. Аллоҳ таоло: «Бу менинг сироти мустақимимдир. Бас, унга юринглар. Бошқа йўлларга юрманглар. Яна сизларни Унинг йўлидан айириб қўймасин», (Анъом сураси, 153) деган. Бошқа бир оятда эса: «Сен: «Бу менинг йўлимдир. Мен ва менга эргашганлар Аллоҳга кўриб-билиб туриб чақирамиз», - деб айт». (Юсуф сураси, 108) дейилган.
Ривоят қилинган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга бир чизиқ чизиб кўрсатиб: «Бу Аллоҳнинг йўлидир»-дедилар. Сўнгра унинг ўнг томонидан, чап томонидан чизиқлар чиздиларда: Булар-турли йўллар. Ҳар бир йўлда унга чақириб турувчи Шайтон бор», дедилар ва ушбу оятни тиловат қилдилар».
Шунинг учун ҳам, банда доимо сироти мустақимга ҳидоят қилинишини сўраб туриши ҳамма нарсадан кўра зарурроқдир. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло намознинг ҳар ракъатида «Фотиҳа» сурасини ўқишни фарзу вожиб қилган.
АДАШГАН ФИРҚАЛАРНИНГ ВАҲИЙ ҲАҚИДАГИ ТАРИЙҚАЛАРИ
Улар бу масалада иккига бўлинади:
1–Табдил тарийқаси.
2–Тажҳил тарийқаси.
Табдил тарийқаси иккки турга бўлинади.
1-Ваҳм ва хаёл аҳли
2-Таҳриф ва таъвийл аҳли
Ваҳм ва хаёл аҳли–пайғамбарлар Аллоҳ таоло, охират куни, жаннат ва дўзах ҳақида ваҳм ва хаёл билан хабар берганлар. Булар воқеъликка тўғри келмайдиган ишлардир. Пайғамбарлар ўз ваҳми ва хаёлидаги гаплар билан умматларга хитоб қилиб–Аллоҳ деган улуғ ва катта бир нарса бор. Бандалар яна қайта тирилади. Жаннатда ҳиссий неъмат, дўзахда ҳиссий иқоб бор, дейишган. Аслида эса, иш бундоқ эмас, аммо, бу гапларда кўпчиликка фойда бор. Кўпчиликнинг фойдаси учун ёлғон гапирса бўлаверади», дейилган.
Таҳриф ва Таъвийл аҳли бўлса: «Анбиёлар ўз гаплари билан аслида ҳақни қасд қилмаганлар. Ҳақиқий ҳақ, биз ўз ақлимиз билан билган нарсалардир»-деганлар. Кейин эса улар анбиёларнинг гапларини ўз фикрларига мос қилиб таъвийл қилганлар. Аслида эса уларнинг бу таъвийларига ҳеч қандай далиллари бўлмаган.
«Тажҳил» тарийқасидагилар эса: «Анбиё ва уларга эргашганлар жоҳил ва залолатга кетган одамлар бўлиб, –Аллоҳ ўзини васф қилган оятларнинг маъносини тушунмайдилар»-дейдилар. Сўнгра, улар ўз жоҳилликларини билдириб қўядилар: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган нарсанинг таъвийлини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким, ҳатто Жиброил ва Муҳаммаднинг ўзи ҳам билмайди»-дейдилар.
Аллоҳ ўзи сақласин!
Алҳамду лиллаҳи Роббил аламийн вал оқибати лил муттақийн ва охири даъвоно иннад ҳамда лиллаҳи Роббил оламийн!