Ассалому алайкум! 3 йилдан бери 400$ қарзим бор пул оштириб беролмаяпман пул ортиролмаяпман, 2.. Мен бир истиғфор ёки саловатлар айтсам хаёлимга фақат дунёдаги фойдалари келаверади нима қилай ниятимни тўғирлаб олайми ёки айтаверайми. 3. Мен бир хадис эштагандим Расуллолох, с.а.в, бир сахобаларини қабрга қўяётганда Аллохнинг арши қимирлаганди ва у сахобани кўмганларидан кейин расуллолохни ранглари оқариб кетади қабр сиқган бўлади, у сахобани ва қабр хаммани сиқиши бор дегандилар, буни қандай тушунсак бўлади нима қилсак хам барбир қабр сиқиши борми хаммани.
– Ва алайкум ассалом! 1). Ҳадиси шарифда бундай дейилган:
عَنْ عَلِيٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ مُكَاتَبًا جَاءَهُ فَقَالَ: إِنِّي قَدْ عَجَزْتُ عَنْ كِتَابَتِي فَأَعِنِّي، قَالَ: أَلَا أُعَلِّمُكَ كَلِمَاتٍ عَلَّمَنِيهِنَّ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ؟ لَوْ كَانَ عَلَيْكَ مِثْلُ جَبَلِ ثَبِيرٍ دَيْنًا أَدَّاهُ اللهُ عَنْكَ، قُلِ اللَّهُمَّ اكْفِنِي بِحَلَالِكَ عَنْ حَرَامِكَ وَأَغْنِنِي بِفَضْلِكَ عَمَّنْ سِوَاكَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ.
«Бир мукотаб Али розияллоҳу анҳунинг олдига келиб:
«Мен келишилган маблағни топиб беришдан ожиз бўлдим. Менга ёрдам беринг», деди. «Сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ўргатган калималарни ўргатиб қўяйми? Агар зиммангда Сабийр тоғича қарз бўлса ҳам, Аллоҳ уни сендан узади. «Аллоҳумма! икфинии биҳалолика ан ҳаромика ва ағнинии бифазлика амман сивока» дегин», деди».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Мукотаб – хўжаси билан маълум маблағ эвазига озод бўлиш учун шартнома ёзган қул. Сабийр – Ямандаги бир тоғнинг исми. Дуонинг маъноси: «Аллоҳим! Менга ҳалолинг ила ҳаромингдан кифоя қилгин. Ўз фазлинг ила мени ўзингдан бошқалардан беҳожат қилгин». Ким ушбу дуони ният ва ихлос билан фарз намозлардан кейин ўқиб юрса, Аллоҳ таоло унга қарзини узишда ёрдам беради.
2). Айтаверинг. Аллоҳ таоло сўровчининг қўлини қуруқ қайтармайди. Шояд дуоларингиз ижобатини кўриб ихлосингиз ва ибодатдаги ҳимматингиз ошса.
3). Ҳадисда қуйидагича келади:
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: هَذَا الَّذِي تَحَرَّكَ لَهُ الْعَرْشُ، وَفُتِحَتْ لَهُ أَبْوَابُ السَّمَاءِ، وَشَهِدَهُ سَبْعُونَ أَلْفًا مِنَ الْمَلَائِكَةِ لَقَدْ ضُمَّ ضَمَّةً، ثُمَّ فُرِّجَ عَنْهُ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ هُنَا وَالشَّيْخَانِ فِي الْفَضَائِلِ
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мана бу унинг учун Арш ҳаракатга келган, унга осмоннинг эшиклари очилган, унга етмиш минг фаришта ҳозир бўлган одамдир. Батаҳқиқ, у ҳам бир марта сиқилди. Сўнгра у қўйиб юборилди», дедилар».
Бу жойда Насаий ва икки Шайх «Фазийлатлар» бобида ривоят қилганлар.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисдаги гапларни ансорийларнинг Авс қабиласи бошлиғи, улуғ саҳобий Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу ҳақида айтганлар.
Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу вафот этиб, руҳлари кўтарилганида у кишининг ҳурматларидан Арши Аъло ҳаракатга келган, осмон эшиклари очилган экан. У кишининг ўлимлари ва жанозаларига етмиш минг фаришта ҳозир бўлган экан.
Лекин шунчалик улуғ мақомга эга бўлишларига қарамай, қабрга қўйилганларида у киши ҳам қабр томонидан бир марта сиқилган, кейин қўйиб юборилган эканлар.
Имом Аҳмад келтирган ривоятда:
«Албатта, қабрнинг бир босиши бор. Агар ўша босишдан бирор киши нажот топадиган бўлса, Саъд топар эди», дейилган.
Ушбу қабрнинг сиқишидан фақат Пайғамбар алайҳиссаломлар ва балоғатга етмаган болаларгина четда қолар эканлар. Чунки бу икки тоифада умуман ҳеч қандай гуноҳ бўлмайди. Қолганлар эса бунга албатта дучор бўлар экан. Гуноҳи озларни қабр сиқиши озроқ, кўпларники эса кўпроқ бўлар экан.
Шунинг учун иложи борича гуноҳдан узоқда бўлишга ҳаракат қилиш лозим. Шариатимизда қайси иш гуноҳ дейилса, албатта ўшанинг яқинига бормаслик керак.
Эй Биру Бор, ҳар бир нарсага қодир Аллоҳ! Сенинг Ўзингдан бизни қабр азобидан сақлашинг¬ни сўраймиз! ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!