Ассалому алайкум! Мушриклар ким ўзи ва кофирдан нима фарқи бор? Ширк келтирган одам мушрик бўладими?
– Ва алайкум ассалом!
Куфр ва ширкнинг фарқи
Биринчидан, кофирлик диндаги зарурий нарсалардан бирини инкор қилиш билан бўлади. Бошқача қилиб айтганда, иймон келтириш вожиб бўлган ҳар бир нарсани инкор қилиш билан бўлади.
Мушрик диндаги зарурий нарсалардан бирортасини инкор қилмаслиги мумкин. Лекин Аллоҳ таолога хос сифатлардан бирида, Унинг ҳукмларида, исмларида ёки ишларида ширк келтириши мумкин.
Иккинчидан, куфр ўзининг барча турлари билан иймонга зид бўлиб, у билан жам бўла олмайди. Ширк эса гоҳида иймон билан жам бўлиши мумкин. Ёки бошқача қилиб айтадиган бўлсак, ҳар бир ширк ҳам куфр эмас. Бунга кичик ширк ва махфий ширк мисолдир.
Имом Аҳмад ўзининг Муснад номли китобида қуйидаги ҳадисни ривоят қилган:
قَالَ رَسُولُ اللهِ رَضِيَ ٱللَّٰهُ عَنْهُ: «إِنَّ أَخْوَفَ مَا أَخَافُ عَلَيْكُمْ الشِّرْكُ الْأَصْغَرُ». قَالُوا: يَا رَسُولَ اللهِ، وَمَا الشِّرْكُ الْأَصْغَرُ؟ قَالَ: «الرِّيَاءُ». قَالَ رَجُلٌ لِلنَّبِيِّ رَضِيَ ٱللَّٰهُ عَنْهُ: مَا شَاءَ اللهُ وَشِئْتَ. فَقَالَ لَهُ النَّبِيُّ رَضِيَ ٱللَّٰهُ عَنْهُ: «أَجَعَلْتَنِي وَاللهَ عَدْلًا؟! بَلْ مَا شَاءَ اللهُ وَحْدَهُ». رَوَاهُ أَحْمَدُ.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менинг сиз учун энг хавф қилган нарсам кичик ширкдир», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, кичик ширк нима?» дейишди.
«У риёдир», дедилар у зот».
Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга «Аллоҳ хоҳласа ва сиз хоҳласангиз», деганида, у зот алайҳиссалом: «Нима, мени Аллоҳга тенг қилдингми?! «Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи хоҳласа», дегин», деганлар».
Имом Аҳмад ривоят қилган.
قَالَ رَسُولُ اللهِ رَضِيَ ٱللَّٰهُ عَنْهُ: «مَنْ حَلَفَ بِغَيْرِ اللهِ فَقَدْ أَشْرَكَ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳдан бошқа ила қасам ичса, батаҳқиқ, ширк келтирибди», деганлар».
Абу Довуд, Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган.
قَالَ رَسُولُ اللهِ r: «أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا هَذَا الشِّرْكَ فَإِنَّهُ أَخْفَى مِنْ دَبِيبِ النَّمْلِ». ...وَكَيْفَ نَتَّقِيهِ وَهُوَ أَخْفَى مِنْ دَبِيبِ النَّمْلِ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: «قُولُوا: اللَّهُمَّ إِنَّا نَعُوذُ بِكَ مِنْ أَنْ نُشْرِكَ بِكَ شَيْئًا نَعْلَمُهُ وَنَسْتَغْفِرُكَ لِمَا لَا نَعْلَمُ». رَوَاهُ أَحْمَدُ.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй одамлар, ушбу ширкдан сақланинглар, чунки у чумолининг ўрмалашидан ҳам махфийроқдир», деганларида, у зотга:
«Эй Аллоҳнинг Расули, агар у чумолининг ўрмалашидан ҳам махфийроқ бўлса, қандай қилиб ундан сақланамиз?» дейилди. Шунда у зот:
«Аллоҳим, биз Сенинг Ўзингдан билган нарсамизни Сенга ширк келтиришимиздан паноҳ сўраймиз, билмаганимизга истиғфор айтамиз», денглар», деб жавоб берганлар».
Имом Аҳмад ривоят қилган.
Ушбу зикр қилинган нарсаларни қилувчи муртад ёки кофир бўлгани ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳукм чиқмади. Шунингдек, шаҳодат калимасини қайтариш ёки иймонини янгилаш ҳақида амр ҳам бўлмади.
Шунга ўхшаш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳдан ўзга билан қасам ичган одамнинг муртад ёки иймондан чиқувчи мушрик бўлгани ҳақида ҳукм қилмаганлар.
Ҳаттоки, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан Исломнинг арконлари ҳақида сўраган аъробий ҳақида: «Отасига қасамки, агар рост гапирган бўлса, нажот топди», деганлар. (Бухорий.)
Яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша аъробийнинг отаси билан қасам ичганлар. Агар бу ширк бўлганида, ҳеч қачон бу хилда қасам ичмас эдилар.
Шунингдек, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпгина саҳобаларнинг исмларини ўзгартирганлар. Лекин ўша исм эгаларининг ширки ёки куфри ҳақида ҳукм чиқармаганлар. Балки ширк гумони бўлгани учун ўша исмларга ўхшаш исмларни ман қилганлар.
Ушбуларнинг барчаси ширкнинг баъзи турлари катта гуноҳ бўлса ҳам, куфр эмаслигига далилдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ишлар ҳақида шиддатли гапларни айтганлари эса ширк ва жоҳилиятга сабаб бўладиган йўлларни тўсиш, Ислом ва тавҳиднинг таъсирини кўтариш учун бўлган. (Жазоирий, «Ақийдатул мўмин» 105-106-бетлар.) «Руҳий тарбия» китобидан. Валлоҳу аълам!