Ассалому алайкум! Кўпинча пешин, аср, шом намозлари вақти кирганида уйимизда онам овқатни тайёр қиб сузаётган бoлишади. Мен намозимни oқигани кириб кетаётган бoламан. Кейин улар базида менсиз бошламай туришади. Саволим шуки шунақа таом дастурхонга қўйилаётган пайти бошқаларни куттириб қўйиб намозимни ўқисам тўғрими ёки биринчи овқатланиб кейин ўқиганим мақулми?
– Ва алайкум ассалом! Намоз ўқишга етарли вақт қолган бўлса аввал таомланиб олиш керак. Ҳадиси шарифда бундай дейилган:
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا وُضِعَ الْعَشَاءُ وَأُقِيمَتِ الصَّلَاةُ فَابْدَءُوا بِالْعَشَاءِ. وَفِي رِوَايَةٍ: إِذَا قُدِّمَ الْعَشَاءُ فَابْدَءُوا بِهِ قَبْلَ صَلَاةَ الْمَغْرِبِ، وَلَا تَعْجَلُوا عَنْ عَشَائِكُمْ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кечки таом қўйилса-ю, намозга иқомат айтилса, кечки таомдан бошланглар», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Кечки таом тақдим қилинса, Шом намозидан олдин ундан бошланглар. Кечки овқатингизда шошилманглар», дейилган.
Икки Шайх ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Намоз билан таом бир вақтга тўғри келиб қолса-ю намознинг вақти бемалол бўлса, олдин таом тановул қилишдан бошланади. Чунки инсондаги таомга бўлган эҳтиёж намозига путур етказиши мумкин. Намозда ҳам хаёлига таом келиб, намоз ўқигандек бўлмайди. Намозни зеҳн ва фикр холи бўлганда ўқиш керак.
Шунингдек, кишининг хаёлини олиб қочадиган таомга ўхшаш бошқа эҳтиёжлар бўлса, аввал уларни қондириб олиб, кейин хотиржам равишда, кўнгилни бир жойга қўйиб, намоз ўқишни бошлаш лозим.
وَعَنْهَا عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا صَلَاةَ بِحَضْرَةِ الطَّعَامِ، وَلَا هُوَ يُدَافِعُهُ الْأَخْبَثَانِ
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Таом ҳозир бўлганда намоз йўқ. Уни икки (томондаги) чиқинди қистаб турганда ҳам», дедилар».
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Таом ҳозир бўлганда намозни кейинга суриш. Албатта, намознинг вақти чиқиб кетгунча таом еб ўтирилмайди.
2. «Заҳар танг» қилиб турган одам ҳам намоз ўқимасин.
3. Қазои ҳожати қистаб турган одам ҳам намозини кейин ўқисин.
4. Қорни дам бўлиб, ел қистаб турган одам ҳам намоз ўқимасин. Бундай ҳолларда бўшаниб олиб, янги таҳорат қилиб, кейин хотиржам намоз ўқилади. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!