Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Қуръон ўқиш

11:47 / 28.10.2023 | Nurmuhammad | 863

Ассалому алайкум! Энам Қурони каримни қариган вақтда ўрганганлар кўп хато қиладилар ҳаракат қиладилар лекин кексалик туфайли эплаёлмаяптилар бир Қурони каримндан илми бор аёл кўп хато қиляпсиз ўқиманг дебдилар шундан бери Қурон ўқиши ташлаб юбордилар шу тўғрими? Тўғри ўқишга ҳаракат қиляптилар, лекин кексалик туфайли эплолмаяптилар нима қилсинлар?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Қийналсалар ҳам бор имконларини ишга солиб ўқийверсинлар.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: الْمَاهِرُ بِالْقُرْآنِ مَعَ السَّفَرَةِ الْكِرَامِ الْبَرَرَةِ وَالَّذِي يَقْرَأُ الْقُرْآنَ وَيَتَتَعْتَعُ فِيهِ وَهُوَ عَلَيْهِ شَاقٌّ لَهُ أَجْرَانِ. رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ وَمُسْلِمٌ وَأَصْحَابُ السُّنَنِ وَأَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ

Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилади: 
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни маҳорат билан тиловат қилувчи қори элчи, ёзувчи ва ўта яхши фаришталар билан (бир мақомда)дир. Тили қийналиб тиловат қилувчига икки баробар кўп ажр бўлади”, деганлар”. 
Бухорий, Муслим, Сунан соҳиблари, Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти.

عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: مَنْ قَرَأَ حَرْفًا مِنْ كِتَابِ اللهِ فَلَهُ بِهِ حَسَنَةٌ، وَالْحَسَنَةُ بِعَشْرِ أَمْثَالِهَا، لَا أَقُولُ الم حَرْفٌ وَلَكِنْ أَلِفٌ حَرْفٌ وَلَامٌ حَرْفٌ وَمِيمٌ حَرْفٌ

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, унга бунинг учун бир савоб бўлур. Ҳар бир савоб эса ўн мисли(га кўпайтирилур). «Алиф. Лаам. Мийм – бир ҳарф» демайман. Балки «Алиф» бир ҳарф, «Лаам» бир ҳарф, «Мийм» бир ҳарф», дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Қуръони Карим қироати битмас-туганмас савоб манбаи экани баён қилинмоқда. Қуръони Каримни ўқиган одамга ҳар бир ҳарф учун алоҳида савоб берилар экан. Умумий қоидага биноан, ҳар бир савоб ўнга кўпайтириб бериларди. Бундан Қуръони Каримни ўқиган одам учун ҳар бир ҳарфни ўқиганига ўн савоб берилиши келиб чиқади. Бунинг ҳаммаси Қуръони Каримнинг чексиз фазлга эга бўлганидандир. Бас, шундай бўлганидан кейин бир ҳарф бўлса ҳам, Қуръони Каримни ўқишга ҳаракат қилмоғимиз зарур.

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: يَقُولُ اللهُ تَعَالَى مَنْ شَغَلَهُ الْقُرْآنُ وَذِكْرِي عَنْ مَسْأَلَتِي أَعْطَيْتُهُ أَفْضَلَ مَا أُعْطِي السَّائِلِينَ، وَفَضْلُ كَلَامِ اللهِ تَعَالَى عَلَى سَائِرِ الْكَلَامِ كَفَضْلِ اللهِ عَلَى خَلْقِهِ

Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Аллоҳ таоло «Кимни Қуръон ва Менинг зикрим Мендан (нарсаларни) сўрашдан тўсган бўлса, унга сўровчиларга берган нарсамдан афзалини берурман. Аллоҳнинг каломининг бошқа каломлардан афзаллиги худди Аллоҳнинг Ўз махлуқотларидан афзаллигига ўхшайдир», дейди», дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси қудусий ҳисобланади. Чунки унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг айтган гапларини ўз иборалари билан нақл қилмоқдалар. Бир одам Қуръони Карим қироати билан ва Аллоҳ таолонинг зикри билан бўлиб, ўз ҳожатларини сўраб дуо қила олмай қолди. Унинг ҳожати бор эди. Аммо Қуръони Карим тиловат қилиш билан овора бўлиб ёки бўлмаса, зикруллоҳ билан овора бўлиб, ўша ҳожатини Аллоҳ таолодан сўрай олмади. Ана ўша одамга Аллоҳ таоло Ўзидан ҳожатини ёлвориб сўраб, илтижо қилганларга берганидан кўра афзал нарсаларни берар экан. «Аллоҳ таоло кимни Қуръон ва Менинг зикрим Мендан (нарсаларни) сўрашдан тўсган бўлса, унга сўровчиларга берган нарсамдан афзалини берурман», дейди. Бундай афзалликнинг сабаби бор. Чунки «Аллоҳнинг каломининг бошқа каломлардан афзаллиги худди Аллоҳнинг Ўз махлуқотларидан афзаллигига ўхшайдир». 
Тасаввур қилиб кўринг-а! Аллоҳ таоло билан У Зот яратган махлуқотларнинг орасида қанчалар фарқ бор! Буни тасаввур қилиш қийин. Аллоҳ таоло Олий Зот. Махлуқотлар арзимас нарсалар. Аллоҳ таолонинг каломи бўлмиш Қуръони Карим ҳам бошқа каломларга нисбатан ана шундай юқори ва олийдир. Уни тасаввур қилиш ҳам қийин. Ана шундай олиймақом каломни ўқиш бахтига сазовор қилгани учун мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таолога ҳар қанча ҳамду сано айтсалар, шунча оз. Бас, шундай бўлганидан кейин Аллоҳ таолонинг каломи бўлган Қуръони Каримни иложи борича кўп ўқиб-ўрганмоғимиз, ёдламоғимиз ва унга амал қилмоғимиз зарур.
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганганларингиз ва ўргатганларингиздир», дедилар».
Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Оиша розияллоҳу анҳо.дан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръонга моҳир бўлган киши мукаррам, ўта яхши фаришталар билан бирга бўлади. Ўқиганда қийналадиганга икки ажр бордир», дедилар».
Тўртовлари ривоят қилган. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat