Ассалому алайкум! 1. Энергетик ичимликларда "ҲАЛАЛ" сертификатига эга белгиси бўлади. Улар ҳалолигини ўз бўйниларига олишяпти, шу энергетик ичимликларни муслмонлар ичиш жоизми? 2. Меёрида ичса бўладими ёки ичмасликга ҳаракат қилиш керакми? 3. Умуман олганда луқмасига шубҳали нарсалар аралашганда нима қилиши ва қандай йўл тутиши керак?
– Ва алайкум ассалом! 1). Аввало ҳалоллигида шубҳа қилиш учун бирор асос бўлиши лозим. Таркибида ҳайвон маҳсулотлари ёки бирор ҳашорот моддалари ёки бошқа бир нажосатга ўхшаш бирор нотаниш моддага дуч келсангиз, уни ўзингиз суриштирасиз ёки диёнатли ва ишончли вакил сўзига таянасиз. Сертификатга келсак, уни берган ташкилотнинг ўз қанчалик ишончли эканига боғлиқ. Ҳозирги кунда бунга ҳам эътибор бериш керак.
2). Таркибида инсон соғлиғига зарар етказиши аниқ бўлган моддалар бўлса ичиш мумкин эмас.
3). Ҳадиси шарифда бундай дейилган:
عَنِ النُّعْمَانِ بْنِ بَشِيرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ الْحَلَالَ بَيِّنٌ، وَإِنَّ الْحَرَامَ بَيِّنٌ، وَبَيْنَهُمَا مُشْتَبِهَاتٌ لَا يَعْلَمُهُنَّ كَثِيرٌ مِنَ النَّاسِ، فَمَنِ اتَّقَى الشُّبُهَاتِ اسْتَبْرَأَ لِدِينِهِ وَعِرْضِهِ، وَمَنْ وَقَعَ فِي الشُّبُهَاتِ وَقَعَ فِي الْحَرَامِ كَالرَّاعِي يَرْعَى حَوْلَ الْحِمَى يُوشِكُ أَنْ يَرْتَعَ فِيهِ، أَلَا وَإِنَّ لِكُلِّ مَلِكٍ حِمًى، أَلَا وَإِنَّ حِمَى اللهِ مَحَارِمُهُ، أَلَا وَإِنَّ فِي الْجَسَدِ مُضْغَةً إِذَا صَلَحَتْ صَلَحَ الْجَسَدُ كُلُّهُ، وَإِذَا فَسَدَتْ فَسَدَ الْجَسَدُ كُلُّهُ أَلَا وَهِيَ الْقَلْبُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир. Албатта, ҳаром очиқ-ойдиндир. Ва икковлари орасида шубҳали нарсалар бордир. У (шубҳали) нарсаларни одамларнинг кўплари билмаслар. Бас, ким шубҳалардан сақланса, дини ва обрўси учун покланган бўлади. Ким шубҳаларга тушса, ҳаромга тушади. Бу худди қўриқхона атрофида (ҳайвон) боққан чўпонга ўхшайди. Ундан ўтлаб қўйиши турган гап.
Огоҳ бўлинглар! Албатта, ҳар бир подшоҳнинг ўз қўриқхонаси бордир.
Огоҳ бўлинглар! Албатта, Аллоҳнинг қўриқхонаси Унинг ҳаром қилганларидир.
Огоҳ бўлинглар! Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур.
Огоҳ бўлинглар! Ўша қалбдир».
Бешовлари ривоят қилишган.
Уламоларимиз айтишадики: «Бу ҳадис Исломга мадор бўлган учта ҳадиснинг биридир, шунинг учун бу ҳадисни Исломнинг учдан бири, десак бўлади», деганлар.
Улар: «Бу ҳадисдан бошқа қолган икки ҳадис: «Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир», деб бошланувчи ва «Ўзига ярашмаган нарсани тарк қилиш киши Исломининг гўзаллигидандир», деган ҳадисдир», деганлар.
Имом Абу Довуд: «Ушбу уч ҳадисга «Сизлардан бирингиз то ўзи яхши кўрган нарсани ўзгаларга ҳам раво кўрмагунича комил мўмин бўлмайди», деган ҳадис ҳам қўшилади», деганлар.
Бу ҳадиси шарифнинг улуғлиги шундаки, унда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ейиш, ичиш, кийиш, никоҳ ва бошқа ҳамма соҳалардаги нарсаларнинг ҳалол бўлиши қоидасини баён қилиб берганлар.
Шунингдек, у зот ушбу ҳадисда ҳаром нарсаларни ҳам баён қилиб, умматларини ҳалолга уриниш, ҳаромдан ҳазар қилишга чақирадилар. Шу билан бирга, ҳалол билан ҳаромнинг ўртасида шубҳали нарсалар борлигини, ким дини ва обрўсини пок сақламоқчи бўлса, шубҳали нарсалардан эҳтиёт бўлиши зарурлигини таъкидлайдилар. Шубҳали нарсаларга яқинлашиш худди подшоҳ ўзи учун хос қилган қўриқхона ёнида ҳайвон боқишдек хатарли иш эканини баён қиладилар.
Ҳадиси шарифнинг сўнгида эса бу жабҳада энг муҳим масала қалб масаласи эканини, қалб ҳалол-ҳаромда солиҳ бўлиши лозимлигини тушунтирадилар.
Имом Ибн Арабий:
«Биргина ушбу ҳадиснинг ўзидан барча аҳкомларни чиқариб олиш мумкин», деганлар.
Имом Қуртубий эса:
«Бу ҳадис ҳалол ва бошқа нарсаларни батафсил равишда ҳамда барча амаллар қалбга боғлиқ эканини ўз ичига олгандир. Шунинг учун ҳам барча аҳкомларни унга қайтариб, солиштириб кўриш мумкин», деганлар.
Келинг, ушбу ҳадиси шарифни таҳлил қилиб чиқайлик:
«Албатта, ҳалол очиқ-ойдиндир».
«Ҳалол» сўзи луғатда «тугунни ечиш» деган маънони билдиради.
Шариатда эса ҳаромлик тугуни ечилган, яъни ҳаромлик сифати йўқ нарсага ҳалол деб айтилади. Чунки ҳаром нарсанинг ман қилиш тугуни бўлади, ҳалол нарсада эса ана шу тугун бўлмайди.
Ҳадиси шарифда «Ҳалол очиқ-ойдиндир», дейилиши жуда кенг маънони англатади. Аввало, нималар ҳалол экани очиқ-ойдин: сув, сут, мева сувлари каби ичимликлар, нон, мева, полиз экинлари, Аллоҳнинг исми айтиб сўйилган ҳалол ҳайвонлар гўштлари, рухсат берилган кийимлар ва никоҳга олинган аёллар ҳалолдир.
Мазкур нарсалар ва улардан бошқа ҳалолларни Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида баён қилиб берганлар.
Қолаверса, ушбу нарсаларга ишончли, шариатда рухсат берилган йўл билан эга бўлиш лозим. «Ҳалол касб» деганда айнан шу маъно, яъни ҳалол нарсага ҳалол йўл билан эга бўлиш назарда тутилади. Бу ҳолат ҳам очиқ-ойдин бўлганлиги учун уни ҳамма билади. Ҳалол меҳнат, мерос, ҳадя, икки тараф розилиги билан бўлган тижорат туфайли қўлга кирган мулк ҳалол бўлади. Бу оддий ҳақиқатни билиш учун алоҳида тайёргарлик кўришнинг кераги йўқ. Мусулмон одам учун ҳалол нарсани талаб қилиш, ҳалолдан мол-мулк топиш фарз ҳисобланади. Уламоларимиз: «Ушбу ҳадиси шариф баъзи бир жоҳилларнинг «Дунёда сув ва набототдан бошқа ҳалол нарса қолмади», дейишларига раддиядир. Шубҳа ва ҳаромнинг доирасини кенгайтириш жоҳиллик ва илмсизлик аломатидир», деганлар.
Ўтган далил ва ҳужжатлардан келиб чиқиб, уламоларимиз ўзига ҳаромлик сифати илашмаган ва касб қилиш сабабига ҳаром ёки макруҳ иш аралашмаган нарсани «мутлақ ҳалол», деб таърифлайдилар.
Демак, мусулмон киши ўзи ҳалол бўлган нарсани шариатда ҳалол қилинган йўл билан топиб, ундан фойдаланиши керак. Аллоҳ таолонинг амри мана шу. Валлоҳу аълам!