Ассалому алайкум! Мен автосалонда ишлеман бизнинг автосалон ишлаш тартибини айтиб ўтсам. Бизга мижозлар автомобили бериб кетади масалан 10.000$ га бизга ташлаб кетса биз шу автомобильни устига ўз фойдамизни қўйиб сотамиз. Шу қилинаётган ишимиз тўғрими? Биз мижозлардан автомашинасини сотиб олмаймиз бизга нархини айтади биз ўзимизни фойдамизни қўйиб сотамиз кейин сотилган автомашинадан бизга фоиз беради шу пуллар халолми?
– Ва алайкум ассалом! Сизлар шартномани туғрилаб олинглар, вакил бўласизларми ёки даллолми аниқлаб олинглар.
Даллолликнинг ҳукми
Фиқҳ китобларимизда «самсара» (даллоллик), «симсор» (даллол) лафзлари истеъмол қилинади. Даллол деб кимнингдир сотишига, кимнингдир сотиб олишига ёрдам берувчи, сотувчи ва олувчининг ўртасини боғловчи кишига айтилади. Даллол гоҳида сотувчи тарафидан, гоҳида олувчи тарафидан, гоҳида эса иккиси тарафидан ҳам вакил бўлади (Мабсут Сарахсий 15-жилд, 115-бет. Авнул маъбуд 9-жилд, 124-бет. Байрут босмаси).
Ҳозирги кунда даллол деганда брокер, маклер, агент, воситачи кабилар ҳам тушунилади.
Брокер (ўртада туриб воситачилик қилувчи, даллол, маклер) товар, валюта, савдо биржаларида олди-сотди битимлари тузишда воситачилик (даллоллик) қиладиган айрим шахс ёки корхонадир. Даллол - савдо-сотиқда олувчи билан сотувчи ўртасида воситачилик қилувчи, молга нарх қўйиб, уларни келиштирувчи киши («Ўзбек тилининг изоҳли луғати»дан).
Даллолга бериладиган ҳақ борасида уламоларнинг ихтилофи
Бу борада уламолар бироз ихтилоф қилганлар. Аввало даллолликнинг жоизлигига барча уламолар иттифоқ қилган бир шаклини кўриб чиқсак.
Масалан, бир киши даллолга «Менинг бир дўконим бор, сиз унга харидор топинг. Бир ой муддат. Шу муддат ичида сиз менга ижарага олинган шахс бўласиз. Эвазига фалонча ҳақ бераман», дейди. Бу битим икки тарафлама ақдлашув ҳисобланади. Шунга биноан даллол 15 кун деганда харидор топиб, савдо ақди боғланса, у 15 кунлик ҳаққа эга бўлади. Масалан, «Сиз бир ой ичида харидор топинг, эвазига 10000 сўм бераман», дейилган бўлиб, даллол 15 кунда харидор топса ва савдо битими рўёбга чиқса, у 5000 сўм ҳаққа эга бўлади. Лекин даллол бир ой ҳаракат қилиб, харидор топа олмаса, бир ой меҳнат қилгани учун 10000 сўм ҳаққа эга бўлади. Аслини олиб қаралганда, бу кўриниш даллоллик эмас, балки ижарага олиш ҳисобланади. Бундай келишувнинг жоизлигига барча фуқаҳолар иттифоқ қилишган. Лекин даллолликнинг бугунги кунимиздаги ҳаммага маълум шакли шундайки, бир киши бошқа бир кишига «Сиз менинг дўконимга харидор топинг. Харидор билан келиша олсак, сизга 10000 бераман», дейди. Даллолликнинг бу шаклида муддат белгиланмайди, балки иш охирига етгандагина келишилган миқдорни тўланади. Агар даллол эртаси куниёқ харидор топиб, дўкон сотилиб кетса, 10000 сўмни олади. Лекин бир-икки ой қидирса-ю, харидор топилмаса ёки харидор билан иш битмаса, даллол ҳеч қандай ҳаққа эга бўлмайди. Фуқаҳоларимиз мана шу фаолиятни самсара, яъни даллоллик деб атайдилар. Фуқаҳолар шу кўринишдаги даллолликнинг жоизлиги борасида сўз юритиб, имом Шофеъий, имом Моликий, имом Ҳанбалий роҳимаҳумуллоҳлар мутлақ жоиз деб айтганлар. Фақат шарт шуки, даллолнинг хизмат ҳақи аниқ тайинланса бўлди.
Ҳанафий мазҳаби
Аллома Айний «Умдатул Қорий» китобларида Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг наздида бундай келишув жоиз эмаслиги ҳақида айтиб ўтганлар. Бунинг сабаби шуки, ижарада келишилган нарса ё амал, ё муддат бўлади. Ишни охирига етказиш ёки етказмаслик тўғрисида, яъни натижа ҳақида эса ҳеч қандай гап йўқ. Меҳнат қилса бўлди, хизмат ҳақига эга бўлаверади. Бунда бир ой югуриб-елиб ишлаган бўлса ҳам, харидор топа олмаса ёки топилса-да келиша олмаса, даллол ҳақсиз қолаверади. Бундай битимни ижара деб бўлмайди. Ҳақиқатни олиб қаралганда, бу ижара эмас, балки фиқҳий китобларда баён қилинган «жуъола«нинг бир кўринишидир.
Жуъола
Жуъола алоҳида бир битим бўлиб, ижарадан фарқ қилади. Жуъоланинг маъноси шуки, унда маълум бир муддат ёки харидор қидириш каби бирор амал ҳақида келишиб олинмайди, балки дўконнинг сотилиши каби натижа учун ҳақ тайин қилинади. Масалан, бир кишининг қули қочиб кетди, унинг қаердалиги маълум эмас. У бир қидирувчи одамни топиб келиб, «Қулимни қайтариб ҳузуримга олиб келсанг, фалонча ҳақ бераман», деса, мана шу жуъола бўлади. Қул қачон қайтиб келади, уни топиб келгунча қанча меҳнат қилинади, топадими ёки топа олмайдими, ёки қидирувчи уйидан чиқиши билан қулнинг ўзи топилиб қоладими, фарқи йўқ. Бунда муддат ҳам, амал ҳам тайин қилинмайди. Қул келтирилса бўлди, қидирувчи хизмат ҳақига эга бўлади. Мана шундай келишувни фуқаҳолар жуъола деб айтадилар. Имом Шофеъий, имом Моликий, имом Ҳанбалий роҳимаҳумуллоҳларнинг наздида жуъола келишуви жоиздир.
Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг мазҳабида
Фиқҳий китобларда «Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ жуъолани жоиз эмас деганлар», деган фикрлар айтилган, чунки у ижаранинг шартларига тушмайди. Замонамизнинг етук фақиҳларидан Муҳаммад Тақий Усмоний шундай дейдилар:
«Мен имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг «Жуъола ҳаромдир», деб айтганларини кўрмадим, бунинг жоиз ёки ножоиз эканлиги ҳақида у зотдан ривоят ҳам йўқ. Ривоят йўқлиги учун ҳам фуқаҳолар «У кишининг наздларида жуъола жоиз бўлмаса керак», деган фикрга боришган. Даллоллик ҳам жуъолага қиёс қилинса, унинг бир кўриниши сифатида бўлади, чунки даллолликда ҳам амал ва муддат тайин қилинмайди, унда ҳам натижага қараб ҳақ олинади. Аллома Айний «Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг наздларида бу кўриниш жоиз эмас», деб айтганлар. Менинг наздимда Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳдан жуъоланинг жоиз ёки жоиз эмаслиги ҳақида ҳеч қандай гап йўқ. Қуръони Каримда «Юсуф» сурасининг 72-оятидаги «وَلِمَن جَاء بِهِ حِمْلُ بَعِيرٍ» («Уни келтирган кишига бир туя юк«) жумласига кўра, жуъоланинг жоизлиги келиб чиқади. Шунга биноан, ҳанафий мазҳабининг мутааххир уламолари даллолликни жоиз деб айтганлар. «Роддул мухтор» соҳиби Ибн Обидин «Даллолик жоиз», деб айтганлар. Ибни Қудома роҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Муғний» номли китобларида Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳдан жуъоланинг жоизлигини нақл қилган (Эълоуссунан 13-жилд, 40-бет. Бадоиъус саноиь 6-жилд, 8-бет. Ал-Муғний 6-жилд 350-бет). Ушбу ояти каримада жуъола баён қилинган. Биздан олдинги умматларнинг шариати бизнинг шариатимизда рад қилинмаган бўлса, бизга ҳам ҳужжат бўлаверади («шаръу ман қоблана шаръун лана«). Ушбу оятда муддат ҳам, ишнинг миқдори ҳам баён қилинмаган, балки натижа учун ҳақ берилиши зикр қилинган.
Бу жуъолани жоиз деганларнинг гапларидир.
Даллолнинг хизмат ҳаққини фоизларда белгилаш
Даллолликка тегишли яна бир муҳим масала унинг хизмат ҳақини фоизларда белгилашдир. Масалан, «Неча пуллик савдо қилсанг, шунинг фалонча фоизи сенга хизмат ҳақи бўлади», дейиш. Бугунги кунда шу тартибда фаолият кўрсатадиган кишилар «Commission agent», яъни «улуш оладиган тижорий вакил», деб аталади. Даллолликни жоиз дегувчи фуқаҳоларнинг баъзилари хизмат ҳақини бу шаклда белгилашни жоиз эмас, деб айтадилар. Бунинг сабаби шуки, даллоллик битта иш эвазига ҳақ олишдир. Сотиладиган нарсанинг арзон ёки қимматлигига қараб, даллолнинг иши ўзгариб қолмайди. Масалан, 100000 сўмлик нарсани сотишга даллоллик қилса ҳам, 10000 сўмлик нарсага даллоллик қилса ҳам, бир хил меҳнат қилади. Шунинг учун мазкур фуқаҳолар «Хизмат ҳақини фоизда белгилаш жоиз эмас», дейдилар.
Фатво берилган қовл
«Роддул мухтор» китобининг соҳиби аллома Шомий Ибн Обидийн ҳанафий уламоларининг мутааххирларидан хизмат тури бир хил бўлса-да, унга бериладиган ҳақ турлича бўлиши жоизлигини нақл қилиб, бунга қайишга тешик солувчи билан қимматбаҳо тошларни тешувчини мисол тариқасида келтирганлар. Бу икковининг ишида фарқ унчалик катта бўлмасада, ҳеч ким «Бу иккиси бир хил хизмат ҳақи олиши керак», демайди. Шунга биноан, қимматбаҳо нарсаларга даллоллик қилувчи билан арзон нарсага даллоллик қилувчининг хизмат ҳақи фарқ қилади. Бугунги кунда баъзи бир кишилар машина, уй-жой савдоларида даллоллик қиладилар. Дунёдаги энг қиммат машинага даллоллик қилувчи билан энг арзон машинага даллоллик қилувчининг хизмат ҳақида албатта фарқ бўлади-да! Шунинг учун сотилган нарсанинг нархидан маълум фоиз миқдорида хизмат ҳақи белгилашнинг жоизлигига фатво берилган.
Учинчи масала.
Ҳозирги кунда бозорларимизда яна бир савдо тури кенг тарқалган бўлиб, бунда бозорчиларнинг тили билан айтганда «Менга фалонча касса қилиб берасан, қолгани сеники», дейилади. Аслини олганда, у ҳам сотувчини ижарага олишнинг бир кўринишидир, чунки одатда сотиб беришга олинган моллар сотилмай қолса, бу моллар эгасига қайтариб берилади. Мол эгаси сотувчига, масалан, «Мана шу кўйлакларимнинг бир донасини 100 сўмдан сотасан, 100 сўмдан ортгани сеники», дейди. Шу кўринишдаги келишув жоизми? Мазкур битимни мол эгаси билан сотувчи ўртасидаги савдо деб бўлмайди, чунки бу келишув ҳақиқий савдо бўлиши учун мол эгаси сотувчига «Мана шу мол сенга, уни қайтиб олмайман, ҳар бир учун фалон сўм касса қилиб берасан, вассалом», дейиши керак.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу «Бу кийимни шунчага сот, шунчадан ортгани сеники, деб айтса зарари йўқ», деганлар. У кишидан бошқа имомлар эса «Ижаранинг бундай шакли жоиз эмас, чунки кийим мол эгаси айтган нархдан ортиғига сотилмаслиги ҳам мумкин. Унда сотувчига ҳеч нарса тегмай қолади. Даллол билан ҳам мана шу шаклда битим тузиш жоиз эмас, чунки даллол ҳам меҳнатни қилиб, қуруқ қолиши мумкин», дейишган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу каби бу шаклни жоиз дегувчилар «Қуруқ қолиш фақат даллолликда эмас, сизлар жоиз деб биладиган музорабада ҳам бўлади-ку. Музориб меҳнатни қилиб, куруқ қолавериши бор-ку?», дейишади.
Жумҳур уламоларнинг қовли
Уламоларнинг жумҳури «Музораба билан даллолликнинг ўртасида фарқ бор, чунки даллол меҳнат қилиб, ишини охирига етказди, бинобарин хизмат ҳақини ҳам олишга ҳақли», дейишган.
Ҳанафий мазҳабида
«Савдонинг ва даллолликнинг бу шакли жоиз эмас. Унинг жоиз бўлиши учун сотувчи ва даллолга оз бўлса-да, хизмат ҳақини тайин қилиш шарт. Сўнгра «Шундан ортгани ҳам сенга», деб айтиш жоиз. Масалан, «Бир кийимни 110 сўмга сотгин. 100 меники, 10 сенинг хизмат ҳақинг. 110 дан ортиғига сотсанг, у ҳам сенга», дейиш жоиздир.
Муҳаммад Тақий Усмонийнинг “Замонавий фиқҳий масалалар” китобига асосан тайёрланди
Савол: Зайд даллол Умарга: «Мен сенинг машинангни Бакрга сотиб, ўн минг бераман, неча пул қолса, қолгани меники», дейиши, Умар шунга рози бўлса, Зайд машинани ўн икки мингга сотиб, ўн мингни Умарга бериб, қолган икки мингни ўзига олиб қолиши жоизми?
Жавоб: Бу муомала жоиз эмас. Даллоллик ҳаққини аниқ келишиб олиш керак. Ҳатто фоизлар билан бўлса ҳам. Масалан: «Неча пулга сотсам, унинг бир фоизи ёки икки фоизи меники» каби.
Даллолларнинг харидор топиб келиб, харидор томон бўлиб, сотувчи билан хуфёна келишиб олиб ёки сотувчи топиб, сотувчи томон бўлиб, харидор билан хуфёна келишиб олиб олган ҳаққи ҳалол бўлмайди. Валлоҳу аълам!
Муфти Муҳаммад Шафеъ Усмоний.