Ассалому алайкум! Қадрли устозлар, излаш хизматидан топа олмадим. Ман намоз ўқиётганимда, суннат намозларида зам сурага фақат “Ихлос” сурасини ўқийман. Лекин фарз намозларига хар доим ҳар хил сурани зам қилишга ҳаракат қиламан. Шу ишим тўғрими? Ёки бошқа сураларни ҳам зам қилайми? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат, Аллоҳ рози бўлсин! Ассалом алайкум!
Ва алайкум ассалом! Бундай қилишингиз тўғри эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳар бир намозга турли сураларни ўқиганлари ва турли дуоларни қилганлари ҳадисларда ворид бўлган. Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий роҳиматуллоҳи алайҳ : “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ибодатларда “танаввуъ”(турлича бўлиши)ни қасд қилганлар. Бундай қилишларига асосий сабаб, ибодатларни хушуъ ва хузуъ билан адо қилишдир. Чунки бирор киши ибодатларига маълум бир амал ёки дуони тайин қилиб оладиган бўлса, кўникма ҳосил бўлиб қолгани учун бадани ва тили қалбига мувофиқ тарзда бўлмайди” деганлар. Валлоҳу аълам.