Ассаламу алайкум! Ҳурматли устозлар. Кўп ҳадисларнинг охирида "тўрттовлари ривоят қилганлар" деб ёзиб қўйилади. Булар кимлар? Жавоб учун олдиндан раҳмат.
Ва алайкум ассалом! Ҳадис истилоҳида кўплаб сўзлар учрайди. Қуйида уларни бирма-бир таништириб ўтамиз.
1-Муттафақун алайҳ. Унга иттифоқ қилинган ҳадис. Кўплаб уламолар бу сўздан имом Бухорий ва имом Муслимларни ирода қилишади. Бу ҳадисни икки имом маъносига иттифоқ қилган бўладилар. Лафзлари бошқача бўлиши мумкин.
2-Роваҳуссаласаҳ. Учовлари ривоят қилган. Улардан мурод имом Насаъий, имом Термизий ва имом Абу Довудлардир
3-Роваҳул арбаъ. Тўрттовлари ривоят қилган. Улардан мурод сунан эгалари бўлиб, имом Насаъий, имом Термизий ва имом Абу Довуд ва ибн Можалардир.
4-Роваҳул хомсаҳ. Бешовлари ривоят қилган. Улар имом Насаъий, имом Термизий ва имом Абу Довуд ва ибн Можа ва имом Аҳмадлар.
5-Роваҳул ситтаҳ. Олтовлари ривоят қилган. Улар имом Бухорий, имом Термизий, имом Насаъий, имом Абу Довуд, ибн Можалардир.
6-Роваҳул сабъа. Еттовлари ривоят қилган. Улар имом Бухорий, имом Муслим, имом Насаъий, имом Термизий, имом Абу Довуд, ибн Можа ва имом Аҳмадлардир.
7-Роваҳул жамаъаҳ. Жамоат ривоят қилган. Улар ҳақида турли фикрлар айтилган бўлиб, баъзилар юқоридаги олти имом, баъзилар эса тўққиз имом, яъни имом Бухорий, имом Муслим, имом Насаъий, имом Термизий, имом Абу Довуд, имом ибн Можа, имом Аҳмад, имом Доримий ва имом Моликлардир дейишади.
Булар ҳадисдаги истилоҳ бўлиб, фиқҳда бошқа имомлар ирода қилинган. Валлоҳу аълам.