Ассалому алайкум! Мен шафёрман хозирда оиламни кира билан боқяпман. Хабарингиз бор замон ривожланиб таксистлар турли хил фирмалар орқали буюртма олиб ишлайди. Шулар каби мен хам Роял фирмасига кунлик 15 минг сўмдан тўлов қилиб ишлайман. У фирмалар иш берувчи эмас балкий мижоз билан ўртамизда ахборот берувчи восита холос. Яқинда фирмалар орасидаги рақобат учун ўзларини хисобидан эмас бизни хаққимиздан рақобат қилган холда хеч қандай огохлантиришларсиз минималка нархларини хамда км нархларини пастлатган холда мижозларга эълон бериб юборди вахоланкий биз шафёрлар жамоаси бундан бехабар эдик. Ўзларни кунлик тўловларини эса 15 минг сўмдан 12 минг сўмга тушириб қўйди. Биз буни шафёрлар хаққига хиёнат деб билдик. Негаки бир кунда 15 та мижоз ташисак кўпи билан 30-40 минг зиён қиляпмиз. Ўзи илгарги нархида хам аренда ва озиқ овқатга зўрға ошинар эдик. Хозирда деярли ошинолмай қолдик. Бу ерда ким хақ ким нохак?
– Ва алайкум ассалом! Мўмин банда ибодатда, ҳалол, ҳаромда, бошқа инсонлар билан бўлган муносабатда, қўйингки дунёдаги ҳар бир ишда Аллоҳга тақво қилиши зарур. У хоҳ олим бўлсин, хоҳ амир бўлсин, хоҳ бой бўлсин, хоҳ камбағал бўлсин, ким бўлса ҳам яратганнинг кузатувини, қиёматда қилинажак ҳисоб-китобини унутмаслиги керак. Бир лаҳзалик дунё орзулари деб бировга зулм қилишдан сақланиши лозим. Даладаги деҳқон, бозордаги савдогар, устахонадаги муҳандис, сартарош, нонвой, қўйингки барча инсонлар ўз меҳнати учун кўпроқ ҳақ олгиси келади. Бу учун шариат алоҳида чекловлар қўймаган. Аммо иқтисодиётнинг ўзи ҳар бир нарсага муносиб баҳони шакллантиради. Агар сиз айтаётган ўша ташкилот сизнингча зулм қилаётган бўлиши мумкин, аммо йўловчиларнинг фикрича бундай бўлмаслиги ҳам мумкин. Қолаверса, сиз фақат ўша ташкилот билан ишлашга мажбур эмассиз. Улардан зулм кўраётган бўлсангиз, дарҳол ҳамкорликни тўхтатиб, бошқа ташкилот билан ишлашингиз тўғри бўлади. Валлоҳу аълам!