Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар саволим агар ноўрин бўлса маъзур тутасизлар. Ҳаммага маълум Аллоҳни инсонларга хос сифатлар билан тарифлаб бўлмайди, лекин Ҳазратимиз китобларини ўқиш мобойнида кўп маротаба “Аллоҳ Ўз қўли билан яратди” деган жумлаларга кўзим тушди. Шу жумлаларни изоҳлаб берсангизлар?
Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Сод” сураси 75-76-оятларида марҳамат қилади :
75. У Зот: «Эй иблис, Ўз қўлим билан яратган нарсага сажда қилишингдан сени нима ман қилди?! Мутакаббирлик қилдингми?! Ёки олий даражалилардан бўлдингми?!» – деди.
Аллоҳ таоло бутун борлиқни яратган Зотдир. Лекин Ўзи яратган махлуқотлари ичида Одамга алоҳида эҳтимом берганини доимо эслатиб туради. Аввал руҳидан пуфлаганини айтган эди, энди Ўз қўли билан яратганини эслатмоқда. Демак, Одамга сажда қилишга буюриш уни алоҳида илоҳий эҳтимомга сазовор деб билиш экан. Шунинг учун ўша амрга бўйсунмаган иблисга таҳдид қилиб, Аллоҳ таоло:
«Эй иблис, Ўз қўлим билан яратган нарсага сажда қилишингдан сени нима ман қилди?!» – деб сўрамоқда.
Қани айт-чи! Нима учун Одамга сажда қилмадинг?! Нима,
«Мутакаббирлик қилдингми?! Ёки олий даражалилардан бўлдингми?!» – деди».
Мен Ўз қўлим билан яратган жонга – Одамга сажда қилмаганингнинг сабаби нима? Мутакаббирлик қилдингми?! Кибру ҳавога берилдингми? Айт-чи, боиси не?! Ёки олий даражалилардан бўлиб, бўйсунмайдиган бўлиб қолдингми?!
Аллоҳ таоло иблиснинг нима учун Одамга сажда қилмаганини жуда яхши билар эди. Аммо иблисга айбини ўз тили билан эътироф қилдириш учун мана шу саволни берди. Натижада иблиснинг дилидаги марази тилига чиқди.
76. У: «Мен ундан яхшиман. Мени оловдан яратгансан. Уни эса лойдан яратдинг», – деди.
Бу жавобдан иблиснинг Аллоҳ таоло томонидан Одамга берилган мартабага ҳасад қилиб, куфрга кетгани билинади.
«Мен ундан яхшиман».
Ҳамма балонинг боши «мен, мен», дейишда.
Иблис «Мен Одамдан яхшиман, нима учун ўзимдан паст махлуққа сажда қилишим керак экан», деб, сажда қилишдан бош тортди.
«Мени оловдан яратгансан».
Уламоларимиз иблиснинг мана шу жавобига таяниб, унинг жинлар тоифасидан эканини айтадилар. «Иблис фаришталардан эди» деган гапларни рад қиладилар. Иблис фаришталардан бўлмаса ҳам, Аллоҳ таоло фаришталарни Одамга сажда қилишга амр этганида, у ҳам ўша ерда бор эди. У ҳам амрга дохил бўлган эди. Бадбахт иблис ўзининг оловдан яратилганини афзал билди. Шунинг учун лойдан яратилган Одамга сажда қилмасликни, Аллоҳнинг амрига бўйсунишдан бош тортишни раво кўрди.
«Уни эса лойдан яратдинг», – деди».
Лаънати иблис ким нимадан яратилгани эмас, балки Аллоҳнинг руҳи билан руҳлангани муҳим эканини тан олгиси келмади.("Тафсири Ҳилол" китобидан).
4476. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Қиёмат куни мўминлар тўпланиб: «Роббимизга шафоатчи қўйсак эди», дейишади ва Одамга келиб: «Сен инсониятнинг отасисан. Аллоҳ сени Ўз қўли ила яратган, сенга фаришталарини сажда қилдирган ва сенга барча нарсаларнинг исмларини ўргатган. Роббинг ҳузурида бизни шафоат қил, бизни бу жойимиздан қутқазсин!» дейишади. У: «Мен у мақомда эмасман – у гуноҳини эсга олиб, уялади – Нуҳга боринглар, чунки у Аллоҳ ер юзига юборган биринчи расулдир», дейди. Унга боришса, у ҳам: «Мен у мақомда эмасман», дейди ва ўзининг илми бўлмаган нарсани Роббидан сўраганини эсга олиб, уялади ва: «Халилур-Раҳмонга* боринглар», дейди. Унга боришса, у ҳам: «Мен у мақомда эмасман. Аллоҳ гаплашган ва Таврот ато этган бандага – Мусога боринглар», дейди. Унга боришса, у ҳам: «Мен у мақомда эмасман», дейди ва бир жонни бирор жон эвазисиз ўлдирганини эсга олиб, Роббидан уялади ва: «Аллоҳнинг бандаси ва расули, Аллоҳнинг калимаси ва (илқо қилган) руҳи Ийсога боринглар!» дейди. У ҳам: «Мен у мақомда эмасман. Аллоҳ ўтгану кейинги гуноҳларини мағфират қилган бандага – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга боринглар!» дейди. Шунда улар менинг олдимга келишади. Бориб, Роббимнинг ҳузурига изн сўрайман, менга изн берилади. Роббимни кўрганимда саждага йиқиламан. Аллоҳ мени хоҳлаганича қўйиб беради, сўнг «Бошингни кўтаргин ва сўрагин, берилади. Гапиргин, тингланади. Шафоат қил, шафоатинг қабул қилинади!» дейилади. Бошимни кўтариб, У Зот менга ўргатадиган ҳамд ила У Зотга ҳамд айтаман, сўнг шафоат қиламан. Кейин У Зот менга маълум чегара белгилаб* беради. Уларни жаннатга киритаман. Сўнг яна У Зотнинг ҳузурига қайтаман. Роббимни кўрганимда – яна худди шундай қиламан* – сўнг шафоат қиламан. Кейин У Зот менга маълум чегара белгилаб беради. Мен уларни ҳам жаннатга киритаман. Сўнг учинчи марта қайтаман. Сўнгра тўртинчи марта қайтиб, «Дўзахда Қуръон тутиб қолган ва мангу қолиши вожиб бўлганлардан* бошқаси қолмади», дейман».
Абу Абдуллоҳ айтади: «Қуръон тутиб қолган» деганда Аллоҳ таолонинг «Унда абадий қоладилар», деган сўзини назарда тутмоқдалар.*(“Олтин силсила” китобидан). Валлоҳу аълам.