Ассалому алайкум! Ҳурматли сайт аъзолари, сизлардан илтимос қадр кечаси қайси кунилигини билиб берсангизлар, у рўзанинг нечанчи кунига тўғри келади? Агар бу савол олдин берилган бўлса сизлардан узр сўрайман.
Ва алайкум ассалом! Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу хабар қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қадр кечаси ҳақида хабар бериш учун чиққан эдилар, мусулмонлардан икки киши тортишиб кетди. Шунда у зот: «Мен сизларга Қадр кечаси ҳақида хабар бериш учун чиққан эдим. Фалончи билан фалончи тортишиб кетди, шу боис (ёдимдан) кўтартирилди. Ажаб эмаски, бу сизлар учун яхшилик бўлса. Уни етти, тўққиз ва бешда изланглар», дедилар».(“Олтин силсила” Бухорий ривояти)
813. Абу Саламадан ривоят қилинади:
«Абу Саъид Худрийнинг олдига бориб: «Биз билан хурмозорга чиқмайсизми, суҳбатлашар эдик», дедим. У чиқди. «Қадр кечаси ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганларингизни айтиб беринг», дедим. У бундай деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг аввалги ўн кунлигида эътикоф ўтирдилар, биз ҳам у зот билан бирга эътикоф ўтирдик. Шунда Жаброил у зотнинг ҳузурларига келиб: «Сиз истаётган нарса ҳали олдинда», деди. (У зот) ўртадаги ўн кунликда ҳам эътикоф ўтирдилар, биз ҳам бирга эътикоф ўтирдик. Шунда Жаброил у зотнинг ҳузурларига келиб: «Сиз истаётган нарса ҳали олдинда», деди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг йигирманчи куни тонгида хутба қилаётиб: «Ким Набий билан бирга эътикоф ўтирган бўлса, қайта ўтирсин. Менга Қадр кечаси кўрсатилди, (бироқ) унуттирилдим. У охирги ўн кунликнинг тоқ кунларидадир. Туш кўрсам, лой ва сувга сажда қилаётган эканман», дедилар.
Масжиднинг шифти хурмо шохларидан эди. Осмонда ҳеч нарса кўрмаётган эдик. Шу пайт бир парча булут келди-ю, ёмғирда қолдик. Кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга намоз ўқиб бердилар. Тушларининг тасдиғи ўлароқ, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пешоналарида ва бурунларининг учида лой ҳамда сув изларини кўрдим».(“Олтин силсила” Бухорий ривояти). Валлоҳу аълам.