Ассаламу алайкум! Мени бир танишим “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайсидир аёллари билан никоҳларини Аллоҳ ўқиган” деб қолди. Шу гап ростми? Чиндан ҳам Аллоҳ ўқиган бўлса, қайси аёллари бўлган? Сизлардан Аллоҳ рози бўлсин. Олдиндан раҳмат.
Ва алайкум ассалом! «Қачонки Зайд ундан ўз ҳожатини адо этгач, сени унга уйлантирдик», – демоқда. Яъни «Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу Зайнаб бинти Жаҳшдан ҳожатини адо этиб, уни талоқ қилгач, Биз Ўзимиз сенга уни завжа – хотин қилиб бердик», – демоқда. Шундай бўлиши керак эди. Аллоҳ таолонинг иродаси шу эди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳони Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Ўзи никоҳлаб қўйди. Бу ерда валий ҳам, маҳр ҳам, гувоҳ ҳам йўқ. Ҳаммасининг ўрнига Аллоҳнинг амри бор. Зайнаб бинти Жаҳш онамиз бундай никоҳ билан фахрланиб юрар эдилар. Имом Бухорий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда бу ҳақда шундай дейилади: «Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа аёлларига фахрланиб: «Сизларни аҳлларингиз никоҳлаб берган, мени эса Аллоҳ таоло етти осмоннинг устидан никоҳлаб берган», – дер эди». (Тафсири Ҳилол). Валлоҳу аълам.