Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Қумталоқ,1000 талоқ ҳақида тушунча берсангиз?

00:00 / 13.02.2007 | eski savollar | 11891

Ассалому алайкум ҳурматли шайх жаноблари. Менинг бир холам масиҳий бўлганлиги тўғрисида илгари ҳам айтгандим. Холам Қуръонда ҳам Исо алайҳиссаломни Каломуллоҳ, Руҳуллоҳ деб айтилган, яъни Худо Ўз сўзини инсон қиёфасида туширди ва Ўз руҳидан яратди дейди. Шуларга батафсилроқ жавоб бериб отсангиз?
2. Оли Имрон сурасидаги 55-оятни ҳам тушунтириб берсангиз?
3. Бизнинг қишлоқда минг талоқ, қум талоқ деган сўзларни кўп ишлатишади. Кўп имомлар буларни бир талоқ ҳукмида олишиб никоҳ қилиб қўйяпти. Бунинг ҳукми қандай бўлади?Раҳмат.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

– Ва алайкум ассалом! 1. Масийҳиларнинг Ийсо алайҳиссалом ҳақидаги тушунчалари тамоман нотўғридир. Улар ҳозирда содда мусулмонларни алдаш учун сизнинг масиҳий динига кириб кетган холангизга ўхшаб, Ийсони қуръонда ҳам мақтаган, у бўлган, бу бўлган дея сафсата сотмоқдалар. Ҳолбуки, Қуръонда Исо алайҳиссалом ҳақларида энг тўғри маълумотлар берилган ва масийҳийларнинг хатолари тушунтирилган. Келаси оятларда аҳли китобларнинг хато ақидалари тузатилади. Уларда худди сизнинг муртад бўлиб, масийҳийликка ўтган холангиз айтган сафсатанинг тўғрилаш ҳам бор. Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг «Нисо» сурасида айтади:
171. Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошманг ва Аллоҳ ҳақида ҳақдан бошқани айтманг. Албатта, Масиҳ, Ийсо ибн Марям Аллоҳнинг Пайғамбари, Марямга илқо қилган калимаси ва Ундан бўлган руҳдир. Бас, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига иймон келтиринг. Уни учта деманг. Тўхтанг, ўзингизга яхши бўлади. Албатта, Аллоҳ ягона илоҳдир, ўзга эмас. У ўзининг боласи бўлишидан пок бўлди. Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Уникидир. Вакилликка Аллоҳнинг ўзи кифоя қилур. 
Ислом дини инсониятнинг ақидасини тўғри йўлга солишга келган. Бу ўринда, ушбу оят насороларнинг ақидасини тўғриламоқда. Маълумки, насроний дини янгилиги вақтида ақида тўғри бўлган. Лекин замон ўтиши билан бу ақида аста-секин бузила борган. Милодий олтинчи асрга келиб, Рим императорларининг тазйиқи остида насроний ақидаси тамоман бузилиб бўлган эди. Насоролар ўз динларида ҳаддан ошиб кетдилар. Аллоҳнинг бандаси ва Пайғамбари Исо алайҳиссаломни, Аллоҳнинг ўғли, дедилар. Сўнгра, Аллоҳ уч аслдан–ота, ўғил ва муқаддас руҳдан иборатдир, деб даъво қилдилар. Шунингдек, Биби Марямни ҳам илоҳлик даражасига кўтардилар. Худонинг табиати ҳақида битмас-туганмас ихтилофларга тушдилар. Охири келиб, ўзлари ҳам тушуниб етмайдиган ақидавий машмашаларга гирифтор бўлдилар. Уларнинг ушбу ва шунга ўхшаш кўплаб ишлари динда ғулувга кетиш–ҳаддан ошиш эди. Аллоҳ таоло бу ояти каримада аҳли китоблардан бўлмиш насороларга хитоб қилиб:
«Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошманг ва Аллоҳ ҳақида ҳақдан бошқани айтманг», демоқда. Аллоҳ ҳақидаги ҳақ эса, Ислом ақидасида келгандир. Насоролар худо ёки ўғил худо ёки худонинг уч аслидан бири, деб эътиқод қиладиган Исо алайҳиссалом ҳақидаги энг тўғри ақида қуйидагичадир: «Албатта, Масиҳ, Исо ибн Марям Аллоҳнинг Пайғамбари, Марямга илқо қилган калимаси ва Ундан бўлган руҳдир». Демак, Исо Аллоҳ эмас, балки Аллоҳнинг Пайғамбаридир. ҳа, у зот Иброҳим, Мусо, Муҳаммад ва бошқа Пайғамбарларга ўхшаш Пайғамбардир. Шу билан бирга Ийсо алайҳиссалом Аллоҳнинг «Марямга илқо қилган калимаси» ҳамдир. Яъни, у зот бошқаларга ўхшаб оналари қорнида нуфтадан пайдо бўлмаган, балки Аллоҳнинг, «Бўл!» деган калимаси ила пайдо бўлган.
Ийсо алайҳиссалом Ундан, яъни, Аллоҳдан бўлган руҳ ҳамдир. Бу «руҳ»дан мурод пуфлашдир. Чунки, Исо алайҳиссалом Аллоҳнинг амри ила Жиброил фаришта Биби Марямнинг ёқаларидан пуфлагандан сўнг ҳомила бўлгандир. Аллоҳ Одам алайҳиссаломни лойдан ясаб бўлгандан сўнг унга пуфлаганда жон кирган эди. Шуни ҳам «руҳ» дейилгандир. Ҳақиқатдан шундай бўлгач: «Бас, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига иймон келтиринг». Яъни, ягона Аллоҳга иймон келтиринг. Аллоҳнинг Пайғамбарларига, жумладан, Ийсо Пайғамбарга ва охирги Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтиринг.
«Уни учта деманг! Тўхтанг, ўзингизга яхши бўлади». Яъни, эй насоролар, Аллоҳ учта–ота, ўғил ва муқаддас руҳ деманг. Бундай нотўғри эътиқод ва гап-сўзлардан тўхтанг, ўзингизга яхши бўлади.
«Албатта, Аллоҳ ягона илоҳдан ўзга эмас».
Аллоҳ ҳақидаги ҳақиқий ақида шулдир. ҳам борлиқдаги ҳақиқат, ҳам инсон ақли Аллоҳнинг ягоналигига шоҳиддир. Бу ҳақиқатни инкор қилиб, Аллоҳ учтадир, дейиш гумроҳликдир. «У ўзининг боласи бўлишидан пок бўлди».
Бола туғиш ёки туғилиш наслни сақлаб қолувчи омилдир. Маълум муддат яшаб, сўнгра ўладиган маҳлуқларнинг насаби туғиш ила сақланиб қолади. ҳмиша боқий Зот–Аллоҳга бу васф ҳеч тўғри келмайди. Унинг фарзандга нима ҳожати бор?! ҳолбуки:
«Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Уникидир».
Бундай зотга банда бўлиш қандай яхши. Ким ўзини Аллоҳнинг бандаси эканлигини тан олса, унга:
«Вакилликка Аллоҳнинг ўзи кифоя қилур».
172. Масиҳ ҳам, муқарраб фаришталар ҳам Аллоҳга банда бўлишдан зинҳор бош тортмаслар. Ким Унинг ибодатидан бош тортса ва мутакаббирлик қилса, уларнинг ҳаммасини ўзига тўплар. 
Бу оятдан улкан бир ҳақиқат англаб олинади. Аввалги оятларда ягона Аллоҳга иймон келтириш-эътиқод қилиш лозимлиги ҳақида сўз кетган эди. Ушбу ояти каримада эса, дунёдаги ҳамма-ҳамма, ҳатто насоролар худо, деб эътиқод қилаётган Исо ҳам, Аллоҳга яқин (муқарраб) фаришталар ҳам Аллоҳга ибодат қилишдан бош тортмасликлари таъкидланмоқда. «Масиҳ ҳам, муқарраб фаришталар ҳам Аллоҳга банда бўлишдан зинҳор бош тортмаслар». Демак, ҳамма ягона Аллоҳга эътиқод қилиши керак, ҳамма ягона Аллоҳга ибодат қилиши керак. Бу эса, ёлғиз эътиқоднинг ўзи кифоя қилмаслигини кўрсатади. Мен эътиқодли одамман, деб қўйиб, ибодатсиз юриш ёки Аллоҳдан бошқага ибодат қилиш, бошқанинг айтганини қилиш мутлақо мумкин эмас. Баъзи ўзини билмаганлар Аллоҳнинг ибодатидан бош тортсалар, ўзларига қийин бўлади. «Ким Унинг ибодатидан бош тортса ва мутакаббирлик қилса, уларнинг ҳаммасини ўзига тўплар». Бу тўплаш қиёмат куни бўлади. Аллоҳ ўшанда уларни қилмишларига яраша жазолайди.
2. «Оли Имрон» сурасининг 55-ояти тафсири қуйидагича:
Аллоҳ: «Эй Ийсо, мен сени вафот қилдирувчи ва ўзимга кўтарувчиман ҳамда куфр келтирганлардан сени покловчиман ва қиёмат кунигача сенга эргашганларни куфр келтирганлардан устун қўювчиман. Сўнгра қайтиш жойингиз ўзимга, бас, ихтилоф қилган нарсаларингиз бўйича орангизда ўзим ҳукм чиқарурман», деганини эсла!
Оятдаги «вафот қилдирувчи» деган маънони кўпчилик тафсирчилар «ухлатувчи» деб айтганлар. Шу билан бирга, «вафот» сўзи «ухлаш» маъносида ишлатилишига Қуръони Каримнинг бошқа оятларидан, ҳадисдан ва араб тилидан далиллар келтиришган. Мисол учун, Аллоҳ таоло Анъом сурасида: «У сизларни кечаси вафот эттирадиган зот», деган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссолату васаллам уйқудан турганларида: «Бизни ўлдирганидан сўнг тирилтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин», дер эканлар. Арабчада «вафот» сўзи бир нарсани тўлиғича олиш маъносини билдиради.
«Аллоҳ: «Эй Исо, мен сени вафот қилдирувчи ва ўзимга кўтарувчиман», деди.
Аҳли суннат вал жамоат мазҳаби, ўта ишончли манбалар асосида, Ийсо алайҳиссалом ўлганлари йўқ, Аллоҳ у кишини ўзига кўтариб олган, қиёмат қоим бўлишидан олдин қайтиб тушадилар, деб эътиқод қилади. Жойи келганда, бу мавзу яна алоҳида ўрганилади ҳам.
Лекин Аллоҳ у зотни қандай қилиб вафот эттирди, қандай қилиб ўзига кўтарди–ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди. Бу масала очиқ бўлиб, бандаларнинг даҳли бўлмаган, муташобиҳ, ғайб масалаларига киради. Бунинг хақиқатини топишга амр ҳам бўлгани йўқ.
«...ҳамда куфр келтирувчилардан сени покловчиман». Яъни, уларнинг ёмонликларидан қутқазувчиман. Аллоҳ таолонинг «... ва қиёмат кунигача сенга эргашганларни куфр келтирганлардан устун қўювчиман», деган ваъдаси ҳақида сўз юритадиган бўлсак, «у кишига эргашувчилар» деганда, Аллоҳдан келган тўғри динга эргашувчилар тушунилади. Ҳозирги вақтгача, биз Ийсонинг динидамиз, деб юрган масиҳийлар у кишига ҳақиқий эргашувчилар эмас. Улар Ийсо алайҳиссаломга келган динни бузиб юборганлар ва уларнинг авлодларидир. Аллоҳнинг ҳузуридаги тўғри дин, Исломдир. Демак, мусулмонлар Ийсо алайҳиссаломга ҳақиқий эргашувчилар ҳисобланадилар. Мазкур ваъда ҳам уларга тўғри келади.
«Сўнгра қайтиш жойингиз ўзимга, бас, ихтилоф қилган нарсаларингиз бўйича орангизда ўзим ҳукм чиқарурман».
Қиёмат куни ҳамма Аллоҳнинг ҳузурига қайтиб боради. Бунга шубҳа йўқ. ҳар ким қилганига яраша жазо ёки мукофот олиши ҳам аниқ.Бу дунёда ихтилофга тушиб ечилмай қолган масалаларнинг ҳукмини Аллоҳнинг ўзи чиқаради.
3. Бизнинг қишлоқда минг талоқ, қум талоқ деган созларни коп ишлатишади. Кўп имомлар буларни бир талоқ ҳукмида олишиб никоҳ қилишип қўйяпти. Бунинг ҳукми қандай бўлади?
Бу саволга жавобни ўлкамизда машҳур бўлган «Мухтасари Виқоя» китобига ўзим ёзган «Кифоя» номли шарҳдан келтиришга ижозат бергайсиз:
Агар талоқни шиддат, узунлик ёки кенглик билан васф қилса ёхуд уни шуларга далолат қилувчи нарсаларга ўхшатса, учни ният қилган бўлса ўша, бўлмаса бир боин талоқ тушади.Агар эр хотинига сени шидатли, қаттиқ, энг катта, энг узун, энг кенг талоқ қўйдим деса ёки тоғдек, минг талоқ, қум талоқ қўйдим каби лафзларни айтса, унинг нияти сўралади. Агар уч талоқни ният қилган эдим деса, уч талоқ тушади. Икки талоқ ёки бир талоқни ният қилган бўлса бир талоқ тушади. Бу ҳолатда икки талоқ тушиши мумкин эмас.

Топ рейтинг www.uz Openstat