Аллоҳга минг шукрки, яқинда уй сотиб олдим. Уйни уй савдоси билан шуғулланадиган шахс орқали топдик. Савдолашиш жараёнида уй эгаси билан ҳам шу одам иштирокида келишдик. Бу одам ўз хизмат ҳақини олдиндан айтмади, савдо битгачгина уй нархидан 3 % миқдоридаги маблағни хизмат ҳақи сифатида сўради. Мен унга "барча уйфурушлар олувчи ва сотувчидан 1% дан пул олишяптику", десам "йўқ, сиз 3% берасиз, уй сотгандан 5% оляпман" деди. Шунда мен унга инсоф билан иш қилсагина барака топиши мумкинлигини айтдим. У "майли, унда 2 % берасиз" деди. Мен “1% дан ортиқ бермайман” деб унамадим. Орага ўртоғим тушиб, "аввал уйни ҳужжатлаштириш тугаб, кўчиб борсин, кейин гаплашарсизлар" деди. Шу билан гап уй олди-соттиси билан боғлиқ бошқа масалага ўтиб кетди. Орадан 1 ойларча вақт ўтиб, мен ваъда қилинган 1% маблағни бердим. Лекин даллол норози бўлиб, мендан яна 1% пул ундириш ниятида тинч қўймаяпти. Рўкач қилиб "мен 2% деганимда сиз индамагансиз" демоқда. Бунда у ҳақми?
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:
Бу каби масалалар низонинг икки тарафи бирга бўлган мажлисда ҳал қилинади.