Икки нафар фарзандидан айрилган ота-она Аллоҳнинг қадарига рози бўлиб сабр қилса, охиратда қандай мукофот олади?
Китоб ўқимайсиз шекилли. Бу масалани ёритилган китобларимиз чиққанига ўн йилдан кўп бўлди. Сиз эса мени ишдан қўйиб, вақтимни олиб, яна ўша китоблардан излаб топиб сизга тақдим қилишимга мажбур қилмоқдасиз. Менинг ҳар бир одамга алоҳида айтиб, ёзиб беришга имконим йўқлигини англашингсиз керак! Буниннг ажри жуда ҳам катта. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлардан бир мусулмоннинг балоғатга етмаган бегуноҳ уч фарзанди вафот этган бўлса, албатта, Аллоҳ уни уларга бўлган раҳмати туфайли жаннатга киритади», дедилар». Бухорий ва Насаий ривоят қилганлар. Насаийнинг ривоятида: «Икки мусулмоннинг ораларидан бўлган бегуноҳ уч фарзанди ўлса, албатта, Аллоҳ икковларини уларга бўлган раҳмати туфайли жаннатга киритади. У (бола)ларга: «Жаннатга киринглар!» дейилади. Улар: «Ота-онамиз кирмагунча кирмаймиз», дейдилар. «Сиз ҳам, ота-онангиз ҳам киринглар», дейилади». Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Қайси бир мусулмоннинг учта боласи ўлса, унинг дўзахга кириши мумкин эмас. Магар қасамни ечиш учунгина киради», дедилар». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган. Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аёллар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Бизга ҳам бир кун тайин қилинг», дейишди. Бас, у зот уларга ваъз қилдилар ва: «Қайси бир аёлнинг учта фарзанди ўлса, улар унинг учун дўзахдан парда бўлурлар», дедилар. «Иккита бўлса-чи?» деди бир аёл. «Иккита бўлса ҳам», дедилар у зот». Икки Шайх ва Насаий ривоят қилганлар. «Бир аёл бемор боласини олиб келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, бундан хавотирланяпман, аввал ҳам учтасини берганман», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Батаҳқиқ, дўзахдан мустаҳкам қўрғон ила ўралибсан», дедилар». Насаий ва Муслим ривоят қилганлар. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким фарзандларидан балоғатга етмаган учтасини берган бўлса, улар унга дўзахдан мустаҳкам қўрғон бўлурлар», дедилар. «Мен иккитасини бериб қўйганман», деди Абу Зарр. «Иккитаси ҳам», дедилар у зот. «Мен биттасини бериб қўйганман», деди қориларнинг улуғи Убай ибн Каъб. «Биттаси ҳам. Лекин ана ўша биринчи зарба пайтида...», дедилар у зот». Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг умматимдан кимнинг иккита фарати бўлса, Аллоҳ уни ўшалар туфайли жаннатга киритади», дедилар. «Сизнинг умматингиздан битта фарати бўлган одам-чи?» деди Оиша. «Битта фарати бор одамни ҳам, эй муваффақ қилинган», дедилар у зот. «Сизнинг умматингиздан фарати бўлмаган одам-чи?» деди Оиша. «Мен умматимнинг фаратиман. Ҳеч менинг (вафотим)га ўхшаш мусийбатга учрамаслар», дедилар». Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир банданинг боласи ўлса, Аллоҳ фаришталарига: «Бандамнинг боласини қабз қилдингизми?» дейди. «Ҳа», дейдилар. «Унинг дил мевасини қабз қилдингизми?» дейди. «Ҳа», дейдилар. «Бандам нима деди?» дейди. «Сенга ҳамд ва истиржоъ айтди», дейдилар. Шунда Аллоҳ: «Бандамга жаннатда бир уй бино қилинглар ва уни «Ҳамд уйи» деб номланглар», дейди». Ушбу уч ҳадисни Термизий ривоят қилган.