Ассалому алайкум! Муқаддас динимиз Ислом ақийдаси бўйича "Аллоҳ менинг ишим ва ризқимга Ўзи кафилдир" деб барча ишда Аллоҳга таваккал қилганмиз. Баъзан иш юзасидан ҳожатимиз тушиб кимдандир қарз сўрашга тўғри келади ёки бошқа бир ёрдам сўраб қолади. Шу ҳолатда, яъни бир кишидан қарз ёки ёрдам сўрамоқчи бўлган кишининг қалби қандай ҳолатда бўлмоғи лозим. Бир кишидан қарз олишни ёки ёрдам беришни сўрамоқчи бўлган киши Аллоҳдан бошқадан ёрдам сўраган бўладими? Ушбу савол бугунги кунда мен учун жуда муҳим бўлиб қолмоқда. Қалбимда Аллоҳдан бошқадан нажот сўраш йўқ. Мазкур ҳолатнинг нозик жиҳатини тушуниб олмоқчиман. Жавоб учун катта раҳмат.
Ва алайкум ассалом! Бу дунё сабаблар дунёси бўлиб, банда сабабларни ихтиёр қилишга буюрилган. Фарзанд кўриш учун уйланиш, чанқоқни босиш ва очликни кетказиш учун еб-ичиш, ҳосил олиш учун деҳқончилик қилиш керак. Натижа эса Аллоҳдандир. Банда сабабларини ихтиёр қилиб, натижани Аллоҳга таваккал қилиши керак. Сабаблар ҳам шариат кўрсатмаларига мувофиқ бўлиши керак. Муҳтож бўлганда қарз олиш ҳам эҳтиёжни кетказадиган сабаблардан биридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бир неча бор қарз олганлар.
عَبْدِ اللهِ بْنِ أَبِي رَبِيعَةَ رضي الله عنه قَالَ: اسْتَقْرَضَ مِنِّي النَّبِيُّ أَرْبَعِينَ أَلْفًا، فَجَاءَهُ مَالٌ فَدَفَعَهُ إِلَيَّ وَقَالَ: بَارَكَ اللهُ فِي أَهْلِكَ وَمَالِكَ، إِنَّمَا جَزَاءُ السَّلَفِ الْحَمْدُ وَالْأَدَاءُ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ.
Абдуллоҳ ибн Абу Робийъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан қирқ минг қарз олдилар. Кейин у зотга мол келганида уни менга қайтариб бердилар. Ва:
«Аллоҳ молингга ва аҳлингга барака берсин. Албатта, қарзнинг мукофоти мақтов ва адо этишдир», дедилар».
Насаий ривоят қилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳтож бўлиб қолганларида Абдуллоҳ ибн Абу Робийъадан қирқ минг дирҳам қарз олган эканлар. Ҳатто вафот этган пайтларида ҳам совутлари олган қарзларининг гаровида эди. Шундан келиб чиқадики, қарз олиш таваккулга зид эмас. Қарзни адо қилиш ниятида олинса бўлди. Валлоҳу аълам.