Ассаламу алайкум! Ҳурматли устозлар. Мен илмли деб билган бир танишим, “шайтон ва жин бир нарса, яъни шайтон кофир жиндир” деди. Шу тўғрими?
Ва алайкум ассалом! Тўғри. Шайтон – деб ҳар бир тўғри йўлдан адашган фисқ-фасод тарқатувчи Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум бўлганга айтилади. Улар жин бўлиши ҳам инсон бўлиши ҳам мумкин. Кўпроқ жинларнинг итоатсиз ва фасод тарқатувчисига “шайтон” дейилади. Аллоҳ таоло “Наас” сурасида марҳамат қилади :
«Одамларнинг кўксларига васваса соладиганнинг...»
Шайтоннинг васвасаси маълум ва машҳур. У инсон қалбига гуноҳ ишлар қилиш, ўзига эргашиш, Аллоҳ таолога осий бўлишни чиройли қилиб кўрсатади.
«Жинлар ва одамлардан бўлганнинг ёмонлигидан (паноҳ сўрайман)».
Ушбу оят шайтон одамлардан ҳам, жинлардан ҳам бўлишига далилдир. Мўмин-мусулмон инсон доимо ҳам инс шайтон, ҳам жин шайтон васвасасидан, ёмонлигидан паноҳ сўраб, Аллоҳ таолога илтижо қилиб турмоғи лозим.
Жиндан бўлган вавасачининг иши осонроқ. Аллоҳдан паноҳ сўрасанг, дуоларни – ушбу сураларни ўқисанг, қайтади. Аммо одамдан бўлган васвасачи жуда ҳам хатарли.
Имом Бухорий Оиша онамиздан ривоят қиладилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар кеча жойларига ётсалар, икки кафтларига «Қул ҳуваллоҳу аҳад», «Қул аъуузу бироббил фалақ» ва «Қул аъуузу бироббиннааси» сураларини ўқиб, дам солиб, баданларига суртиб ётардилар».
«Фалақ» ва «Наас» суралари бир-бирларига узвий боғлиқдир. Уларнинг нозил бўлиши ҳам бирга бўлган ва доимо бирга зикр қилинади. Ушбу икки сура биргаликда қўшилиб, «муъаввизатайни» – «икки паноҳ тиловчи» деб номланадилар. Чунки икковлари ҳам «аъуузу» – «паноҳ тилайман» – сўзи ила бошланади.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам икки муъаввизатайни биргаликда зикр қилинган:
Имом Бухорий, имом Муслим ва имом Абу Довудлар ривоят қилган ҳадисда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, қачон тоблари қочса, муъаввизатайнини ўқиб, дам солар эдилар. Ул зотнинг дардлари оғирлашганда, мен қироат қилиб, баракаси умидида қўлларини суртар эдим», – деганлар.
Имом Муслим ва имом Термизий Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Менга ушбу кеча нозил қилинган оятларни билдингми? Уларнинг мисли ҳеч кўрилмаган. «Қул аъуузу бироббил фалақи», «Қул аъуузу бироббиннааси», – дедилар.
Имом Абу Довуд ва имом Насаий Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Сафарда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларини етаклаб борардим. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Уқба, энг яхши икки сурани сенга ўргатиб қўяйми?» – дедилар ва «Қул аъуузу бироббил фалақи» ва «Қул аъузу бироббиннааси»ни ўргатдилар».
Имом Абу Довуд ва имом Насаийлар яна Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Жуҳфа ва Абваъ орасида юриб борар эдим. Бизни ёмғир ва шиддатли зулмат қоплаб олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муъаввизатайни ила паноҳ сўрай бошладилар ва: «Эй Уқба, иккови ила паноҳ тила, ҳеч бир паноҳ тиловчи иккисичалик нарса ила паноҳ тиламаган», дедилар. Сўнгра бизга имом бўлиб, намозда ҳам икковини қироат қилганларини эшитдим».("Тафсири Ҳилол" китобидан).
Хабис илонни ҳам шайтон деб аталади. Валлоҳу аълам.