Ассалому алайкум! Мени қалбимда ҳудди яра бордей шундай оғриқ берадики ҳеч қаерга сиғмай қоламан. Броз ўтириб истиғфорни тилим билан махфий айтсам, 1-2 соатларга оғриқ броз пасаяди. Лекин шунчача чидаб айтиш жуда қийин. Лекин нақишбандия тариқати бўйича тилимни танглайга текизиб "Аллоҳ ёки астағфируллоҳ" десам 2 дақиқа ўтар қалбимга ҳудди малҳам босилгандай бўлиб қалбим ҳохатланиб яра битайитгандай қилиб бошлайди. Шунга нима қилсам бўлса ёрдам беринг нима қилиб бу оғритдан қутилсам бўлади?
– Ва алайкум ассалом! Мўмин ҳаётини Аллоҳ таоло буюрганидек яшай бошласа, унинг қалбида сакинат, ҳотиржамлик, мамнунлик ҳосил бўлади. Яратганига итоати зиёда бўлгани сари қалбидаги қувончи ошади. Бордию У зотга осийлик қилиб қўйса, қалби эзилади, ўз нафсини маломат қилади. Сиз Аллоҳ таолонинг фарзларини маҳкам тутинг, гуноҳ ишлардан узоқ бўлинг, ҳаромга яқинлашманг, шубҳали нарсалардан воз кечинг. Аввалги гуноҳларингиз учун астойдил тавба ва истиғфор айтинг.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин киши гуноҳ иш қилса, қалбида бир қора нуқта пайдо бўлади. Агар тавба қилиб, у гуноҳдан бутунлай қайтса, истиғфор айтса, қалби покланади. Агар (гуноҳни) зиёда қилса, (қалбидаги қора ҳам) зиёда бўлади. Мана шу Аллоҳ азза ва жалла Қуръонда зикр қилган моғордир. «Йўқ! Уларнинг қилган касблари қалбларига моғор бўлиб ўрнашиб қолгандир», дедилар».
Аҳмад ривоят қилган.
Аллоҳни кўпроқ зикр қилинг, Қуръон тиловатини кўпайтиринг. Аллоҳ таоло "Раъд" сурасида марҳамат қилади:
الَّذِينَ آمَنُواْ وَتَطْمَئِنُّ قُلُوبُهُم بِذِكْرِ اللّهِ أَلاَ بِذِكْرِ اللّهِ تَطْمَئِنُّ الْقُلُوبُ
«Улар иймон келтирган ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур!» (28-оят). Валлоҳу аълам!