Ассаламу алайкум! Муҳтарам устозлар, Абу Лаҳабнинг қандай ва қаерда ўлгани ҳақида маълумот берсангизлар.
Ва алайкум ассалом! Имом Олусийнинг ёзишларича, Абу Лаҳабнинг учта ўғли бўлиб, Утба, Миътаб ва Утайба деб аталар эдилар. Уларнинг биринчи иккиси Фатҳ куни мусулмон бўлдилар ва Ҳунайн, Тоиф ғазотларида қатнашдилар. Утайба эса мусулмон бўлмади. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Умму Кулсумга уйланган эди. Утба эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа қизлари Руқияга уйланган эди. Ушбу сура нозил бўлганидан кейин Абу Лаҳаб икки ўғлига: «Агар Муҳаммаднинг икки қизини талоқ қилмасангиз, менинг бошим икковингизнинг бошингиз билан бир жойда туриши ҳаромдир», – деди. Бас, улар хотинларини талоқ қилдилар.
Сўнг Утайба отаси билан Шомга сафар қиладиган бўлиб қолди ва: «Албатта бориб, Муҳаммадга озор бераман, – деди. У бориб: – Эй Муҳаммад! Мен тушган юлдузга кофирман, яқинлашиб, зоҳир бўлганга ҳам кофирман», деб туриб, туфурди ва у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Умму Кулсумни талоқ қилди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аччиқлари келди ва: «Унга Ўз итларингдан бирини ҳукмрон қилгин!» – деб дуо қилдилар. Утайбани шер еб кетди. Абу Лаҳаб бўлса, Бадр урушидан етти кеча ўтгандан сўнг, Адаса номли юқумли вабо касалидан ўлди. Унинг ўлигининг олдига ҳеч ким бормай, уч кун ётиб, сасиб кетди. Унинг қариндошлари ор-номус қилиб, бир чуқур қазишди ва жасадни таёқлари билан суриб, чуқурга тушириб, устидан тош отиб, кўмишди. Шундай қилиб, Абу Лаҳаб ҳақида Қуръони Карим берган хабарнинг бу дунёдаги қисми юзага чиқди. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам.