Ассаламу алайкум! Иш бошлаш учун ёки иши бор одам ҳам рибога пул олиб ишлатаётган одамларни кўраман ва ишларини фақат орқага кетаётганига гувоҳ бўламан. Ишларининг орқага кетиши, рибога аралашганлари учун бўлиши мумкинми?
Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Анъом” сурасида марҳамат қилади :
وَلَقَدْ أَرْسَلنَآ إِلَى أُمَمٍ مِّن قَبْلِكَ فَأَخَذْنَاهُمْ بِالْبَأْسَاء وَالضَّرَّاء لَعَلَّهُمْ يَتَضَرَّعُونَ
42. Батаҳқиқ, сендан олдинги умматларга ҳам расуллар юборганмиз. Сўнгра шояд тазарру қилсалар деб, уларни йўқчилик ва қийинчиликлар ила тутганмиз.
Аллоҳ таоло Ислом умматидан аввалги умматларга ҳам пайғамбарлар юборган. Улардан пайғамбарларнинг даъватига юрмаганларини бало-офатларга дучор қилган ва зиён ила тутган. Бундан, шоядки, бошига оғир кун тушганда ўзига келиб, ҳушини йиғиб, хатосини тушунса ва иймон йўлига юрса, деган мақсад кўзда тутилган. Агар воқеъликка назар соладиган бўлсак, худди шу ҳақиқатни кўрамиз. Авваллари турли ҳолатларда юриб, кейин тўғри йўлга тушиб олганлар билан гаплашсангиз, ҳидоят йўлини тутишларига бошларига тушган оғир мусибат сабаб бўлганини айтадилар. Агар қуръоний мақсад амалга ошиб, бошига бало ва зиён тушганлар тазарру қилиб, ҳидоят ва тақво йўлига тушиб олсалар, яхши бўлар эди.
فَلَوْلا إِذْ جَاءهُمْ بَأْسُنَا تَضَرَّعُواْ وَلَكِن قَسَتْ قُلُوبُهُمْ وَزَيَّنَ لَهُمُ الشَّيْطَانُ مَا كَانُواْ يَعْمَلُونَ
43. Уларга Бизнинг баломиз етганда, тазарру қилсалар эди! Лекин қалблари қаттиқ бўлди ва шайтон уларга қилаётган ишларини чиройли кўрсатди.
Афсуски, улар тазарру қилмадилар. Қалблари қотиб, моғор босиб кетганлиги сабабли, бошларига тушган бало-офатлар ҳам уларга таъсир ўтказмади. Бунинг устига, шайтон уларга қилаётган ишларини зийнатлаб кўрсатди. Улар куфр ва ширкларида бардавом бўлдилар.
فَلَمَّا نَسُواْ مَا ذُكِّرُواْ بِهِ فَتَحْنَا عَلَيْهِمْ أَبْوَابَ كُلِّ شَيْءٍ حَتَّى إِذَا فَرِحُواْ بِمَا أُوتُواْ أَخَذْنَاهُم بَغْتَةً فَإِذَا هُم مُّبْلِسُونَ
44. Эслатилган нарсаларни унутган чоғларида уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Ўзларига берилган нарсалардан хурсанд бўлиб турганларида, уларни бирданига тутдик. Бас, қарабсизки, бутунлай ноумид бўлдилар.
Бундай муомалага «истидрож» – билдирмасдан, даражама-даража олиш дейилади. Аллоҳ огоҳлантириш мақсадида аввал бало-офатга дучор қилган эди, тазарру қилмади, куфрда давом этди. Бало-офат таъсир қилмайдиган қалб тош қотган, яхшилик умид қилиб бўлмайдиган қалбдир. Ундан энди иймон ҳам, бирор-бир яхшилик ҳам кутиб бўлмайди. Аллоҳ Ўзи ҳикоя қилаётган аввалги умматлардан шундай қаттиқ қалблиларини бир муддат тек қўйиб қўйган. Улар бошидан ўтган мусибатларни ва:
«Эслатилган нарсаларни унутган чоғларида уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик», – дейди.
Яъни улар истаганларидан ҳам ортиқ нозу неъматларга кўмиб ташланганлар. Бу дунёнинг матоҳлари уларга селдек оқиб келган. Албатта, улар бу нарсаларга чексиз хурсанд бўлганлар. Аммо иймонсиз, тазаррусиз келган нозу неъмат яхшиликка олиб бормаслиги турган гап. Аслида иймонли, тазаррули ва тақволиларга нозу неъматлар, фаровон турмуш берилиши лозим. Аллоҳ таолонинг ваъдаси шу. Аммо бу нарсалар кофир-мушрикларга берилса, хусусан, ҳамма нарсанинг эшиги очиб қўйилса, орқасида бошқа гапи бўлади. Нозу неъматга кўмилган кофирлар ғурурга кетиб, яна ҳам кўпроқ исёнга, гуноҳкорликка ўзларини урадилар. Аммо ҳақиқий ҳикмат кейин пайдо бўлади:
«Ўзларига берилган нарсалардан хурсанд бўлиб турганларида, уларни бирданига тутдик».
Бундай бўлишини хаёлларига ҳам келтирмаган эдилар. Уларни бирданига Аллоҳнинг азоби тутди.
«Бас, қарабсизки, бутунлай ноумид бўлдилар».
Энди тавба-тазарру қилишга имкон қолмади.
فَقُطِعَ دَابِرُ الْقَوْمِ الَّذِينَ ظَلَمُواْ وَالْحَمْدُ لِلّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ
45. Бас, зулм қилган қавмларнинг кети кесилди. Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.
Ширк ва куфрда юрган қавмлар битирилди. Ўтган умматлар ичида бундай оқибатга дучор бўлганлар кўп. Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Лут қавмлари, Рум, Форс ва Совет империяси ва бошқа империялар шулар жумласидандир. Уларнинг ҳаммаси бу дунё неъматларига ғарқ бўлиб, куфр «нашида»сини сураётган чоғларида бирданига балога гирифтор бўлдилар.
«Бас, зулм қилган қавмларнинг кети кесилди».
Зулм қилган қавмларга муносиб жазони берган
«Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин».
Бугун ҳам куфр ва исёнига қарамай, нозу неъматларга ғарқ бўлиб, ғурурда яшаётганлардан ажабланмаслик керак. Уларнинг бу «тантана»лари абадий эмас. Эртага нима бўлишини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Илгари ҳам қалблари тош қотиб, тазарру қилмай, шайтоннинг найрангига учганларга Аллоҳ таоло «ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйган» эди. Буларга ҳам шундай қилмоқда. Ўтган қалби қаттиқ кофирларнинг оқибати маълум. Бугунги кофирларнинг оқибати кутиляпти. Иншааллоҳ, булар ҳам Аллоҳ томонидан бирдан тутиладилар.
Шунинг учун кофир ва осийларнинг бу дунё нозу неъматларига ботишларини яхшилик аломати деб бўлмайди ва уларга ҳавас ҳам қилиш керак эмас. Бу маънода Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам бир қанча ҳадислар ворид бўлган.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ бир бандага осийлигига қарамай, у хоҳлаган нарсаларни бераётганини кўрсанг, билки, бу истидрождир», – дедилар. (Яъни уни аста-секин олишдир). Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Эслатилган нарсаларни унутган чоғларида, уларга ҳамма нарсанинг эшигини очиб қўйдик. Ўзларига берилган нарсалардан хурсанд бўлиб турганларида, уларни бирданига тутдик. Бас, қарабсизки, бутунлай ноумид бўлдилар» ояти каримасини тиловат қилдилар.
Имом Ибн Аби Ҳотим Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтар эдилар:
«Агар Аллоҳ бир қавмга боқийликни ва тараққиётни ирода қилса, уларга тежамкорликни ва қаноатни беради. Агар Аллоҳ бир қавмни «кесмоқни» ирода қилса, уларга хиёнат эшигини очиб қўяди. «Ўзларига берилган нарсалардан хурсанд бўлиб турганларида, уларни бирданига тутдик. Бас, қарабсизки бутунлай ноумид бўлдилар. Бас, зулм қилган қавмларнинг кети кесилди. Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин».
Бу ривоятни Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа ҳадис уламолари ҳам келтирган эканлар.("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам.