Ассалому алайкум Шайх Ҳазратлари сиздан сўрамоқчи бўлган 2 та саволим бор.1. Бир инсон Россияда мевафурушлик қилиб турганда қарзга шериклари билан олган мевасини нархи бирданига тушиб кетибди. Шундан сўнг қилинган зарарни тенг бўлишиб олишибди.Шу йигит 6500 доллар қарздор бўлиб қолибди. Уйига қайтгач мақсади, ишлаб ҳам рўзғорини тебратиш, ҳам аста-секин қарзини узиш ниятида ўзини машинасида ҳалокатга учраб ўша жойни ўзида вафот этди. Хақдорларга тўлайман деб ваъда берган, ораларидан ёмон гап ўтмаган. Энди унинг қарзини уйда қолган 31 ёшли аёли ҳамда 12 ва 13 ёшли 2та гўдаклари тўлаши лозимми? Ҳақдорлар (Аллоҳ улардан рози булсин) таъзияга келиб, ўзаро кенгашиб бизга Фақат 1500 доллар берсангиз, қолганидан кечдик дейишди. Шу йигитнинг аёли барча қарзни узмагунимча турмуш ўртоғим қабрида тинч ёта олмайди деб, ўз ич-этини еб қўймокда. Сиздан илтимос шу саволимга имконингиз даражасида жавоб берсангиз.2.Ширк келтириш ҳақида мисолларни келтириб берсангиз.Олдиндан сизга миннаддорчилигимни билдираман.Сизни Аллоҳ ҳамиша Ўз паноҳида асрасин. Сизни дуо қилиб қолувчиНаманган шаҳридан Мирвалиева Мушаррафхон.
– Ва алайкум ассалом!
ШИРК ОҚИБАТИНИНГ ОҒИРЛИГИ
Ширкнинг оқибати нақадар оғирлигини англаб етиш учун ушбу оятларни эслашнинг ўзи кифоя:
1. «Албатта, Аллоҳ ўзига ширк келтиришни мағфират қилмайди. Ундан бошқани кимни хоҳласа мағфират қилади» (Нисо: 48).
2. «Албатта, ким Аллоҳга ширк келтирса, батаҳқиқ, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилди. Унинг жойи дўзахдир. Золимларга ёрдам берувчилар йўқдир» (Моида: 72).
3. Аллоҳ солиҳ банда Луқмон тилидан: «Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирмагин. Албатта, ширк катта зулмдир», деган (Луқмон: 13).
4. «Албатта, мушриклар нажасдирлар. Бас, ушбу йилларидан кейин масжидул ҳаромга яқин келмасинлар» (Тавба: 28). Шунга биноан мушрик оламдаги энг разил одамдир.
5. «Агар ширк келтирсанг, амалинг ҳабата бўлар (бекор кетар). Ва, албатта, зиёнкорлардан бўлурсан» (Зумар:65). Шунга биноан, ширк ҳеч кимдан кечирилмас гуноҳдир.
КУФР ВА ШИРК ЎРТАСИДАГИ ФАРҚ
Биринчидан: Кофирлик диндаги зарурий нарсалардан бирини инкор қилиш билан бўлади. Бошқача қилиб айтганда: Иймон келтириш вожиб бўлган ҳар бир нарсани инкор қилиш билан бўлади. Мушрик диндаги зарурий нарсалардан бирортасини инкор қилмаслиги мумкин. Лекин шу билан бирга у Аллоҳ таолога хос сифатлардан бирида, Унинг ҳукмларида, исмларида ёки ишларида ширк келтириш мумкин. Иккинчидан: Куфр ўзининг барча турлари билан иймонга зид бўлиб, у билан жам бўла олмайди. Ширк эса, гоҳида иймон билан жам бўлиши мумкин. Ёки бошқача қилиб айтадиган бўлсак, ҳар бир ширк ҳам куфр эмас. Бунга кичик ширк ва махфий ширк мисолдир. Имом Аҳмад ўзининг Муснад китобида (5 - 428) қуйидаги ҳадисни ривоят қилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг сиз учун энг хавф қилган нарсам, кичик ширкдир», дедилар. Одамлар: «Эй Аллоҳнинг расули, кичик ширк нима?», дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У риёдир», дедилар». Шунингдек, бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:«Аллоҳ хоҳласа ва сиз хоҳласангиз», деганида. У зот алайҳиссалом: «Нима, мени Аллоҳга тенг қилдингми?! Аллоҳнинг ёлғиз ўзи хоҳласа, дегин», деганлар. (Имом Аҳмад 1-124). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ким Аллоҳдан бошқа ила қасам ичса, батаҳқиқ, ширк келтирибди», деганлар. (Аҳмад, Термизий). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй одамлар, ушбу ширкдан сақланинглар, чунки, у чумолининг ўрмалашидан ҳам махфийроқдир», деганларида, у зотга: «Эй Аллоҳнинг расули, агар у чумолининг ўрмалашидан ҳам махфийроқ бўлса, қандоқ қилиб ундан сақланамиз?» дейилди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй бор Худоё, биз Сенинг Ўзингдан билган нарсамизни сенга ширк келтиришимиздан паноҳ сўраймиз, билмаганимизга истиғфор айтамиз», денглар, деб жавоб берганлар.(Имом Аҳмад 4-403). Ушбу зикр қилинган нарсаларни қилувчи, муртад ёки кофир бўлгани ҳақида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳукм чиқмади. Шунингдек, шаҳодат калимасини қайтариш ёки иймонини янгилаш ҳақида амр ҳам бўлмади. Шунга ўхшаш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳдан ўзга билан қасам ичган одамни муртад ёки иймондан чиқувчи мушрик бўлгани ҳақида ҳукм қилмаганлар. Ҳаттоки, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан Исломнинг арконлари ҳақида сўраган аъробий ҳақида: «Отасига қасамки, агар рост гапирган бўлса, нажот топди», деганлар (Бухорий). Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша аъробийнинг отаси билан қасам ичганлар. Агар бу ҳақийқий ширк бўлса, ҳеч қачон бу хилда қасам ичмас эдилар. Шунингдек, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпгина саҳобаларнинг исмларини ўзгартирганлар. Лекин ўша исм эгаларининг ширки ёки куфри ҳақида ҳукм чиқармаганлар. Балки, ширк гумони бўлгани учун ўша исмларга ўхшаш исмларни ман қилганлар. Ушбуларнинг барчаси ширкнинг баъзи турлари, катта гуноҳ бўлса ҳам куфр эмаслигига далилдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишлар ҳақида шиддатли гапларни айтганлари эса, ширк ва жоҳилиятга сабаб бўладиган йўлларни тўсиш, Ислом ва тавҳиднинг таъсирини кўтариш учун бўлган. (Жазоирий, «Ақидатул Мўмин» 105-106 с.) Аллоҳ таолога, эътиқодга, диний таълимотларга тегишли сўз ва гапларни эътиборсизлик ила бузиб гапириш ҳам катта офатдир. Бунда куфр, ширк ва гуноҳ бўладиган гаплар айтилиб қолиши бор.
Имом Насаий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар зикр қилинган:
«Бир одам келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга баъзи нарсаларни гапира бошлади ва:
«Аллоҳ ва сиз истасангизлар», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сен мени Аллоҳга тенг қилаяпсанми?! Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи истаса», дедилар».
Имом Абу Довуд ва Насаийлар Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.
Ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ ва сен истасанг, демангиз, Аллоҳ, сўнгра сиз истасингиз, денглар», дейилган.
Чунки «ва» деганда баробарлик маъноси бўлиб қолади.
Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида хутба қилиб:
«Ким Аллоҳга ва унинг Расулига итоат қилса, батаҳқиқ, тўғри йўлни топибди. Ким икковларига осий бўлса, батаҳқиқ, адашибди», деди.
Шунда У зот:
«Жим бўл! Қандай ҳам ёмон хатиб экансан!» дедилар.
Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилса, батаҳқиқ, тўғри йўлни топибди. Ким Аллоҳга ва унинг Расулига осий бўлса, батаҳқиқ, адашибди. Ким икковларига осий бўлса, демагин», дедилар».
Шофеъий ривоят қилган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар:«Бирингиз ўз ити ила ҳам ширк келтириб қўйиши мумкин. Агар ўша ит бўлмаса, уйимизни ўғри уриб кетарди», дейди».