Ассалому алайкум! Мeн биринчи гурух ногиронлигим учун нафақа пули оламан. Уйланмаганман, ота-онам бор. Маҳалламизда бир мухтож оила бўлиб, мeн шу нафақамдан маълум миқдорда ҳар ойда шу оилага бeриб турсам бўладими? Дeмоқчиманки мeн бу пулни мeҳнат қилиб олмайман. Эҳсоннинг миқдори аҳамиятлими?
Ва алайкум ассалом! Эҳсонда миқдоринг аҳамияти йўқ. Ихлоснинг аҳамияти бордир. Сизга берилаётган нафақа пулига ҳақиқатда қонунан ҳақдор бўлсангиз, олишингиз ҳам, кимларгадир беришингиз ҳам жоиз. وَقِيلَ لِابْنِ عُمَرَ: إِنَّهُ قَدْ ظَهَرَ قِبَلَنَا نَاسٌ يَقْرَءُونَ الْقُرآنَ وَيَتَقَفَّرُونَ الْعِلْمَ، وَذَكَرَ مِنْ شَأْنِهِمْ وَأَنَّهُمْ يَزْعُمُونَ أَنْ لَا قَدَرَ وَأَنَّ الْأَمْرَ أُنُفٌ، قَالَ: فَإِذَا لَقِيْتَ أُولَئِكَ فَأَخْبِرْهُمْ أَنِّي بَرِيءٌ مِنْهُمْ وَأَنَّهُمْ بُرَآءُ مِنِّي، وَالَّذِي يَحْلِفُ بِهِ عُبْدُ اللهِ بْنُ عُمَرَ لَوْ أَنَّ لِأَحَدِهِمْ مِثْلَ أُحُدٍ ذَهَبًا فَأَنْفَقَهُ مَا قَبِلَ اللهُ مِنْهُ حَتَّى يُؤْمِنَ بِالْقَدَرِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ Ибн Умарга: «Биз томонларда бир (тоифа) одамлар чиқди: Қуръон ўқийдилар, илмни титкилаб талаб қиладилар», дейилди. Ва (гапирувчи) уларнинг қадар йўқлигини, ишлар ўз вақтида янгитдан бўлишини даъво қилаётганларини зикр қилди. Шунда у: «Агар ўшаларни учратиб қолсанг, хабар бериб қўйки, албатта, мен улардан ҳолиман, улар ҳам мендан ҳолидирлар. Абдуллоҳ ибн Умар Унинг билан қасам ичадиган Зотга қасамки, агар улардан бирининг Уҳуд тоғичалик олтини бўлиб, уни нафақа қилса ҳам, то қадарга иймон келтирмагунча, Аллоҳ ундан қабул қилмайди», деди». Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган. Шарҳ: Ушбу ривоятда буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу билан баъзи кишилар ўртасида бўлиб ўтган савол-жавоб келтирилмоқда. Бу ерда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зикрлари ҳам, гаплари ҳам йўқ. Аммо у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг маъноси бор. Одатда, саҳобаи киромлар, хусусан, Абдуллоҳ ибн Умардек зот бунга ўхшаш масалаларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарса эшитмай туриб, ўз фикр¬ларича гап гапирмасликларини ҳисобга олиб, бу ривоят ҳадисларга қўшилган. Баъзи кишилар томонидан Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга: «Биз томонларда бир (тоифа) одамлар чиқдилар: Қуръон ўқийдилар, илмни титкилаб талаб қиладилар», дейилди». Гапнинг сиёқидан кўриниб турибдики, гапирувчи бошқа юртдан келган. Абдуллоҳ ибн Умардек мўътабар зот билан учрашиб қолганини қулай фурсат билиб, ўзини ўйлантириб юрган нарса ҳақида сўраб олишга қарор қилган. Унинг биз тарафларда бир тоифа одамлар чиқди, дейишидан уларнинг юртида янги бир тоифа чиққанлиги кўриниб турибди. Сўнгра ўша тоифанинг сифатларини айта бошлади: «Қуръон ўқийдилар». Аслида ҳамма мусулмон ҳам Қуръон ўқийди. Лекин сўзловчининг ҳалиги янги тоифани васф қилишда биринчи бўлиб Қуръон ўқишларини зикр қилишидан, Қуръон ўқиган одамдан яхшиликдан бошқа нарса чиқмаса керак, деб ўйлаб юргани тушунилади. Чиндан ҳам мусулмонлар Қуръони Каримга бўлган эҳтиромлари ниҳоятда зўрлигидан Қуръон ўқиган ҳар бир кишини қаттиқ ҳурмат қиладилар. Баъзи бир нафси бузуқлар, хусусан, бузуқ эътиқоди ила шуҳрат қозонмоқчи бўлган кимсалар бу нозик нуқтадан унумли фойдаланадилар. Ўзларини ҳаммадан кўра кўпроқ Қуръон ўқийдиган, Қуръонни биладиган қилиб кўрсатишга уринадилар. «Илмни титкилаб талаб қиладилар». Яъни илмнинг кўпчилик билмайдиган чуқур масалаларини титкилаб топишга уринадилар. Бидъатчи, бузуқчиларнинг асосий сифатларидан бири шу. Улар доимо йўқ ердаги китобларни топиб ўқиб, хаёлга келмаган масалаларни қўзғаб юрадилар. Ўзларини Қуръон аҳли, илм аҳли қилиб кўрсатишга уринадилар. «Ва (гапирувчи) уларнинг қадар йўқлигини, ишлар ўз вақтида янгитдан бўлишини даъво қилаётганларини зикр қилди». Демак, мазкур васф қилинаётган тоифа одамлари қадарга ишонмас эканлар. Ҳар бир иш ўзи қилинаётган вақтдагина маълум бўлади, дер эканлар. Бу билан Аллоҳнинг илми чексиз эканлигини инкор этар эканлар. Ушбу васфлардан сўнг Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу у тоифадагиларнинг кимлигини англаб етдилар ва сўзловчига қуйидагиларни айтдилар: «Агар ўшаларни учратиб қолсанг, хабар бериб қўйки, албатта, мен улардан ҳолиман, улар ҳам мендан ҳолидирлар». Яъни, Ибн Умар ўзини улар билан бир маслакда, деб ҳисобламайди. Улар ҳам ўзларини Ибн Умар билан бир маслакда, деб ҳисобламасинлар. «Абдуллоҳ ибн Умар Унинг билан қасам ичадиган Зотга қасамки, агар улардан бирининг Уҳуд тоғичалик олтини бўлиб, уни нафақа қилса ҳам, то қадарга иймон келтирмагунча, Аллоҳ ундан қабул қилмайди», деди». Яъни ўша қадарга ишонмайдиганларнинг Уҳуд тоғичалик катта миқдорда олтини бўлиб, уни Аллоҳнинг йўлида садақа қилса ҳам, Аллоҳ садақасини қабул қилмайди. Чунки қадарга иймони йўқнинг амали қабул бўлмайди. Бу гаплар қадарга ишонмаслик нақадар ёмон нарса эканлигини яна бир бор кўрсатиб турибди. Ушбу ҳадисдан қуйидаги фойдаларни оламиз: 1. Олим одамларни кўрганда керакли масалаларни сўраб олиш. 2. Бузуқ ақийдадаги одамларнинг Қуръон ўқишни ўзларига ниқоб қилиб олишлари мумкинлиги. 3. Бузуқ ақийдадаги одамларнинг талаби илмни ўзларига ниқоб қилиб олишлари мумкинлиги. 4. Соф эътиқоддаги мусулмон бировнинг эътиқоди бузуқ эканлигини эшитиши билан ундан ўзининг безор эканлигини эълон қилиши кераклиги. 5. Маънони таъкидлаш учун Аллоҳ билан қасам ичиш мумкинлиги. 6. Қадарга иймони йўқ одамнинг амали қабул бўлмаслиги. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!