Ассалому алайкум! Бундай савол йўллаётганим учун узр. Саволларни ўқиб чиқдим, лeкин унчалик тушунмадим.
1-Уйланмаган йигит билан аёл киши бирга бўлса зино бўладими? Тeнқурларим “сeн аёл киши билан бирга бўлганмисан” дeб савол бeрди. Бу улар учун ғурур, мeн ҳар доим ўзимни жиловлашга ҳаракат қиламан. Лeкин барибир мeнинг ҳам нафсим бор.
2-Ёшим 19да, мeнга ўхшаганларга қандай маслаҳат бeрасизлар. Минг бора узр ва раҳмат.
Ва алайкум ассалом! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва бир йигит ўртасида бўлган яна бир суҳбатга қулоқ солинг! Бу йигит азбаройи шаҳвати қўзғаганидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, зино қилишга изн сўради. Ислом динида зино энг катта гуноҳ ва маъсият эканига қарамасдан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ғазаб ҳам қилмадилар, танбеҳ ҳам бермадилар, қўполлик ҳам қилмадилар, жеркимадилар ҳам. Бу йигит: «Ё Аллоҳнинг Расули! Менга зино қилишга рухсат беринг!» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:«Мана шундай ишни бошқа бир киши онанг билан қилишини хоҳлайсанми?» деб сўрадилар. Йигит: «Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, ҳаргиз!» деб жавоб берди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Бошқа инсонлар ҳам оналари билан бундай бўлишини хоҳламайдилар. Ундай бўлса, қизинг билан шундай иш бўлишини хоҳлайсанми?» деб сўрадилар. Йигит: «Қасамки, ҳаргиз ундай эмас, ё Аллоҳнинг Расули!» деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бошқа инсонлар ҳам қизлари билан бундай бўлишини хоҳламайдилар. Ундай бўлса синглинг билан шундай бўлишини хоҳлайсанми? Амманг билан-чи? Холанг билан-чи?» деб сўрадилар. Йигит ҳар сафар: «Ҳаргиз…, ҳаргиз…, ҳаргиз!»деб жавоб берар эди. وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صلي الله عليه وسلم قَالَ: سَبْعَةٌ يُظِلُّهُمُ اللهُ فِي ظِلِّهِ يَوْمَ لَا ظِلَّ إِلَّا ظِلُّهُ: الْإِمَامُ الْعَادِلُ، وَشَابٌّ نَشَأَ فِي عِبَادَةِ رَبِّهِ، وَرَجُلٌ قَلْبُهُ مُعَلَّقٌ فِي الْمَسَاجِدِ، وَرَجُلَانِ تَحَابَّا فِي اللهِ اجْتَمَعَا عَلَيْهِ وَتَفَرَّقَا عَلَيْهِ، وَرَجُلٌ طَلَبَتْهُ امْرَأَةٌ ذَاتُ مَنْصِبٍ وَجَمَالٍ فَقَالَ إِنِّي أَخَافُ اللهَ، وَرَجُلٌ تَصَدَّقَ فَأَخْفَى حَتَّى لَا تَعْلَمَ شِمَالُهُ مَا تُنْفِقُ يَمِينُهُ، وَرَجُلٌ ذَكَرَ اللهَ خَالِيًا فَفَاضَتْ عَيْنَاهُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أبَا دَاوُدَ «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло етти кишини Ўз соясидан бошқа соя йўқ Кунда соясига олур: одил имом, ўз Роббиси ибодатида ўсган ёш, қалби масжидларга боғлиқ киши, Аллоҳ йўлида бир-бирини яхши кўриб, Аллоҳ учун жам бўлиб, Аллоҳ учун ажрашадиган икки киши, мансаб ва ҳусн-жамол эгаси бўлган аёл ўзига чақирганда «Мен Аллоҳдан қўрқаман» деган одам, садақани махфий қилиб, ҳатто ўнг қўли қилган садақани чап қўли билмай қолган одам ва холи қолиб, Аллоҳни эслаганда кўзидан ёш оққан одам», дедилар». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган. Шарҳ: Аллоҳнинг соясидан ўзга соя йўқ Кун – Қиёмат кунидир. Қиёмат кунида иссиқ шиддатли бўлиб, ҳамма ўзи учун соя излаб қолади. Ўшанда Аллоҳнинг соясидан ўзга соя бўлмайди. Аллоҳнинг соясига эса ҳамма ҳам ўзини ололмайди. У Зот Ўзи хоҳлаган бандаларинигина Ўз соясига олур. Ушбу ҳадисда ана шу даҳшатли Қиёмат кунида Аллоҳ Ўз соясига оладиганлардан етти тоифанинг зикри келмоқда: «Ўз Роббиси ибодатида ўсган ёш». Инсоннинг ёшлигида қилган тоат-ибодати алоҳида таҳсинга сазовордир. Қариб, ҳеч нарсага ярамай қолганида ноилож ўзини ибодатга уриш бир бошқа, ёшлик ғурурини енгиб, турли орзу-ҳавас ва шаҳватларни, ҳавойи нафсни енгиб, тоат-ибодатни мукаммал қилиш бир бошқа! Ҳақиқий қаҳрамонлик аслида мана шудир. Асл тақводор, асл парҳезкор киши ёшликдан ҳалол ва тоат-ибодат ила ўсган одамдир. Ёшлигида қилганини қилиб олиб, қариганда сўфи бўлиб олганларнинг тақвоси ямоқ тушган чопонга ўхшайди. Шунинг учун ҳам Исломда ёшликдан тоат-ибодат билан улғайишга катта аҳамият берилади, болаларни балоғатга етмай туриб, ибодатга ўргатишга тарғиб қилинади. Ушбу ҳадиси шарифда ёшлигидан Аллоҳнинг ибодати ила вояга етган кишиларга қиёмат куни Аллоҳнинг соясидан жой ваъда қилиниши ҳам бежиз эмас. Демак, Қиёмат куни – Аллоҳнинг соясидан бошқа соя йўқ куни Аллоҳ таолонинг соясидан жой олишни хоҳлаганлар ёшлик чоғлариданоқ Аллоҳнинг ибодатини канда қилмай борсинлар. Ота-оналар фарзандларига яхшиликни раво кўрсалар, уларни ёшликдан Аллоҳнинг ибодатида ўстирсинлар. Ана шундай даражага етган одамгина Қиёмат куни Аллоҳ таолонинг соясидан паноҳ топиш бахтига муяссар бўлади. Аллоҳ таоло бизларни ҳам ўшандай бандалар қаторида қилсин ва ҳадиси шарифда зикр этилган сифатларга соҳиб бўлишимизни насиб айласин.(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!