Ассалому алайкум! Устозлар, бир масала буйича тортишув бўлиб қолди. Бир киши бошқа бир кишидан “сен намоз ўқийсанми” деб сўраса гуноҳ бўладими?
Ва алайкум ассалом! Гуноҳ эмас, балки ушбу савол берилганда намозни инкор қилиш ёки намозхонларни ҳақоратлаш гуноҳ. Ҳақоратлашини билиб туриб бундай савол бериш ҳам жоиз эмас. Аллоҳ таоло “Анъом” сураси 108-оятида: وَلاَ تَسُبُّواْ الَّذِينَ يَدْعُونَ مِن دُونِ اللّهِ فَيَسُبُّواْ اللّهَ عَدْوًا بِغَيْرِ عِلْمٍ كَذَلِكَ زَيَّنَّا لِكُلِّ أُمَّةٍ عَمَلَهُمْ ثُمَّ إِلَى رَبِّهِم مَّرْجِعُهُمْ فَيُنَبِّئُهُم بِمَا كَانُواْ يَعْمَلُونَ Уларнинг Аллоҳдан ўзга ибодат қиладиганларини сўкмангизки, билмасдан, тажовуз ила Аллоҳни сўкиб юрмасинлар. Ҳар бир умматга ўз амалини ана шундай чиройли қилиб кўрсатиб қўйдик. Сўнгра эса қайтишлари фақат Роббларигадир. Бас, У қилиб юрган амалларининг хабарини берур. Мушриклар Аллоҳни қўйиб, санам ва бутларга ибодат қиладилар. Ушбу ояти каримада мушрикларнинг ўша бутларини ҳақорат қилмаслик буюрилмоқда. «Уларнинг Аллоҳдан ўзга ибодат қиладиганларини сўкмангизки...» Уларнинг бутларини сўкишдан қайтаришнинг асосий сабаби оятнинг ўзидан англашиляпти: «...билмасдан тажовуз ила Аллоҳни сўкиб юрмасинлар». Яъни мусулмон киши мушрикнинг санамини сўкса, бундан ғазабланган мушрик ҳам унга жавобан Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони таҳқирлаши мумкин. Бу турган гап. Чунки: «Ҳар бир умматга ўз амалини ана шундай чиройли қилиб кўрсатиб қўйдик». Инсоннинг табиати шундай. Қилаётган амаллари унинг ўзига гўзал ва зийнатли кўринаверади. Ҳатто бутун инсоният қабоҳат деб иттифоқ қилган ишни мақташга сўз топади. Шунингдек, мушрикларга ҳам ўз ширклари жуда ҳам зийнатли бўлиб туюлади. Ана шу эътибордан уларнинг бутлари ҳақоратланган чоғда ғазабланишлари мумкин. Мусулмон одам одобли бўлгани учун ҳам бу ишни қилмаслиги керак. Аллоҳга ҳавола қилиб қўяверса, у ёғини Аллоҳнинг Ўзи билади. «Сўнгра эса қайтишлари фақат Роббларигадир. Бас, У қилиб юрган амалларининг хабарини берур».(“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!