Ассалому алайкум! Савдода зикр қилинадиган дуолар борми?
Ва алайкум ассалом!
عَنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: مَنْ دَخَلَ السُّوقَ فَقَالَ: لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ، يُحْيِي وَيُمِيتُ، وَهُوَ حَيٌّ لَا يَمُوتُ، بِيَدِهِ الْخَيْرُ وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ، كَتَبَ اللهُ لَهُ أَلْفَ أَلْفِ حَسَنَةٍ، وَمَحَا عَنْهُ أَلْفَ أَلْفِ سَيِّئَةٍ، وَرَفَعَ لَهُ أَلْفَ أَلْفِ دَرَجَةٍ. وَفِي رِوَايَةٍ: بَدَلَ «وَرَفَعَ لَهُ أَلْفَ أَلْفِ دَرَجَةٍ» «وَبَنَى لَهُ بَيْتًا فِي الْجَنَّةِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ким бозорга кирганда «Лаа илааҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду, юҳйи ва юмийту ва ҳува ҳайюн лаа ямуту, биядиҳил хойри ва ҳува алаа кулли шайъин қодийр» деса, Аллоҳ унга миллионта ҳасана ёзади ва ундан милион ёмонликни ўчиради ҳамда уни миллион даражага кўтаради», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«Уни миллион даражага кўтаради» ўрнига «унга жаннатдан бир уй қуради», дейилган.
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга энг маҳбуб юртлар масжидлардир. Аллоҳга энг мағзуб юртлар бозорлардир», деганлар. Бозорларнинг Аллоҳ таоло энг ёмон кўрган жойлар бўлиши одатда, уларда ёлғон, алдамчилик, бировнинг молини ҳаромдан ейиш содир бўлиб туришидандир. Исломда савдо-сотиқ ишларида ҳалол-пок бўлишга қаттиқ тарғиб қилинади. Алдамчилик, бировнинг молини ҳаромдан ейиш, савдо-сотиқдаги қаллобликлар қаттиқ қораланади. Ушбу ҳадисда бозорларнинг Аллоҳ энг ёмон кўрган жой экани айтилиши ҳам шу жумлага киради. Бозор бозор бўлгани учун эмас, унда ҳаром-хариш, ношаръий иш кўп бўлгани учун шундай васфга эга бўлгандир. Шунинг учун мусулмон одам бозорда доимо эҳтиёт бўлиши керак. Бозорга киришда ҳам Аллоҳдан паноҳ сўраб кириш, юришда ҳам паноҳ сўраб юриш лозим. Хусусан, ушбу ривоятда келган дуони ўқиб юриш керак. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан).
عَنْ عَلِيٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ مُكَاتَبًا جَاءَهُ فَقَالَ: إِنِّي قَدْ عَجَزْتُ عَنْ كِتَابَتِي فَأَعِنِّي، قَالَ: أَلَا أُعَلِّمُكَ كَلِمَاتٍ عَلَّمَنِيهِنَّ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم ؟ لَوْ كَانَ عَلَيْكَ مِثْلُ جَبَلِ ثَبِيرٍ دَيْنًا أَدَّاهُ اللهُ عَنْكَ، قُلِ: اللَّهُمَّ اكْفِنِي بِحَلَالِكَ عَنْ حَرَامِكَ، وَأَغْنِنِي بِفَضْلِكَ عَمَّنْ سِوَاكَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ
«Бир мукотаб Али розияллоҳу анҳунинг олдига келиб:«Мен келишилган маблағни топиб беришдан ожиз бўлдим. Менга ёрдам беринг», деди.«Сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга ўргатган калималарни ўргатиб қўяйми? Агар зиммангда Сабийр тоғича қарз бўлса ҳам, Аллоҳ уни сендан узади. «Аллоҳумма! Икфинии биҳалолика ан ҳаромика ва ағнинии бифазлика амман сивока», дегин», деди».
Термизий ривоят қилган.
Мукотаб – хўжайини билан маълум маблағ эвазига озод бўлиш учун шартнома ёзган қул. Сабийр – Ямандаги бир тоғнинг номи.
Дуонинг маъноси: «Аллоҳим! Менга ҳалолинг ила ҳаромингдан кифоя қилгин. Ўз фазлинг ила мени ўзингдан бошқалардан беҳожат қилгин». Ким ушбу дуони ният ва ихлос билан фарз намозлардан кейин ўқиб юрса, Аллоҳ таоло унга қарзини узишда ёрдам беради. Валлоҳу аълам!