Ассалому алайкум! Мирзо Улуғбeкнинг «Тўрт улус тарихи» китобини ўқишни бошлаган эдим. У eрда Одам алайҳиссаломдан бошлаб маълумотлар тахминий саналар билан бeрилган. Мисол учун Одам алайҳиссалом eрга туширилган кундан Нуҳ алайҳиссаломгача 2200 йил ўтгани, тўфондан пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг буюк ҳижратлатларигача 3725 йил ўтгани ҳақидаги маълумотлар бошқа манбаларга асосланиб бeрилган. 1-савол: дeмак бугунги кунгача Одам алайҳиссалом eрга туширилган кундан бошлаб тахминан 7500 йил ўтган бўлади. Шу ҳақиқатга қанчалик яқин?
Ва алайкум ассалом! Одам ва Муҳаммад алайҳиссаломларнинг ораларидаги муддат қанча бўлган? Шариатда Одам алайҳиссалом ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орларидаги муддат аниқ келтирилмаган. Одам алайҳиссаломнинг ҳам қанча яшаганлари ҳам маълум эмас. Лекин баъзи ҳадислар ва ривоятларда пайғамбарлар орасидаги муддат қисман зикр қилинган. Бу борада келган ҳадисларнинг баъзилари саҳиҳ бўлса, баъзилари муҳаддислар наздида саҳиҳлиги ихтилофлилари ҳам бор. Бу ҳақда келган далиллар қуйидагилар: 1). Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссалом қавмларига даъват қилган йилларини баён қилиб шундай марҳамат қилган:
فَلَبِثَ فِيهِمْ أَلْفَ سَنَةٍ إِلَّا خَمْسِينَ عَامًا
«Бас, у улар ичида эллик йили кам минг йил турди». (Анкабут 14-оят). 2). Исо ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўрталаридаги муддат: Имом Бухорий қуйидаги ривоятни келтирадилар: Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Исо ва Муҳаммад алайҳиссаломларнинг ўрталарида 600 йил бор». Бу борада саҳиҳлигида ихтилоф қилинган ҳадисларда қуйидагилар ворид бўлган: Одам ва Нуҳ алайҳиссаломларнинг ораларидаги муддат: Абу Умома розияллоҳу анҳулан ривоят қилинади: «Бир одам: «Эй Аллоҳнинг Расули, Одам пайғамбар бўлганми?», деб сўради. У зот: «Ҳа», деди. У: «Одам билан Нуҳнинг орасида қанча муддат бор?», деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўн аср», дедилар». Бу ҳадисни Ибн Ҳиббон ўзининг саҳиҳида (14/69), Ҳоким «Мустадрак» (2/262) да ривоят қилган ва: «Муслимнинг шартига кўра саҳиҳдир», деган. Буни Имом Заҳабий ҳам қўллаб қувватлаган. Ибн Касир «Ал-бидоя ван-ниҳоя»(1/94)да: «Бу Муслимнинг шартига кўра саҳиҳдир. Лекин бу ривоятни Имом Муслим ўз саҳиҳида келтирмаган», деган. Нуҳ ва Иброҳим алайҳимуссаломларнинг ораларидаги давр: Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши: «Нуҳ ва Иброҳимнинг ўртасида қанча муддат бор?», деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўн аср бор», дедилар. Бу ҳадисни Ҳоким «Мустадрак» китобида (2/288) келтириб: «Бу Муслимнинг шартига кўра саҳиҳдир. Лекин Бухорий ва Муслим бу ҳадисларни саҳиҳларида келтирмаган», деган. Табароний ҳам бу ҳадисни «Муъжамул-кабир» киобида келтирган (8/118). Мусо ва Исо алайҳимуссаломларнинг ораларидаги муддат: Имом Қуртубий тафсир китобида (6/121) айтади: «Бу икки пайғамбар орасидаги муддат борасида уламолар ихтилоф қилган. Муҳаммад ибн Саъд «Тобақот» китобида Ибн Аббосдан ривоят келтиради. Ибн Аббос: «Мусо ибн Имрон билан Исо ибн Марямнинг орасида 1700(бир минг етти юз) йил бор. Бу икки пайғамбар яшаган даврнинг орасида Бани Исроилдан мингта пайғамбар юборилган. Исо ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ораларидаги муддат эса 599 (беш юз тўқсон тўққиз) йилдир», деди. Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий» китобида шундай деган: «Муҳаддислар Мусо алайҳиссалом билан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўрталарида 2000 (икки минг) йил, Исо алайҳиссалом билан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўрталарида эса 600 (олти юз) йил бор эканига иттифоқ қилганлар»(4/449). Юқорида келган саҳиҳ ривоятларда келган муддат борасида аниқ жавоб топиш имкони бор. Аммо Одам алайҳиссалом билан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ораларида вақтни белгилашда қуйидаги нарсаларга эътибор бериш керак бўлади: Уламолар ҳадисда келган «Қорн» (аср) сўзида ихтилоф қилиб, ундан мақсад «юз йил»ми ёки «авлод(ўртача умр кўрган одамнинг ёши)»ми? Агар «Қорн» (аср)дан мурод «авлод» бўладиган бўлса, унда ўша даврда яшаган инсонларнинг алмашинув ёшини эътиборга олиш керак бўлади. Масалан Нуҳ алайҳиссалом қавмларини 950 йил даъват қилганлар. Демак, ўша даврдаги одамларнинг ёши ҳам шу атрофда бўлади. Бошқа даврларнинг авлод алмашуви неча ёшда бўлгани эса бизга қоронғу. Иброҳим алайҳиссалом билан Мусо алайҳиссаломларнинг ўрталаридаги йил муддати ҳақида бирор далил ворид бўлмаган. Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, у зотларни қанча яшаганларини, ораларидаги муддатни билишни Аллоҳ бизга буюрмаган. Балки, Аллоҳ бизни уларнинг сийратини ўқиб, ундан ибрат олишмизга ва уларга эргашишга буюрди. Аллоҳ толо шундай марҳамат қилади:أُوْلَئِكَ الَّذِينَ هَدَى اللّهُ فَبِهُدَاهُمُ اقْتَدِهْ قُل لاَّ أَسْأَلُكُمْ عَلَيْهِ أَجْرًا إِنْ هُوَ إِلاَّ ذِكْرَى لِلْعَالَمِينَ
«Ана ўшалар Аллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Бас, уларнинг ҳидоятига эргаш». (Анъом 90-оят). Валлоҳу аълам!