Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Рўзани очиб қўйиш

19:32 / 22.06.2016 | sultonbek | 12346

Ассалому алайкум ! Рўза тутиб ишлаб юргандим. Бир куни иш жуда қийин бўлди ва кун иссиқ бўлгани сабабли, жуда қийналиб чидолмай рўзамни очиб қўйдим. Энди қўшиб шу кунни рўзасини тутайми?  Ишлаш сабабли ўзимизни қийнаб рўза тутиш дурустми?



«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Рўзани қазосини тутасиз. Рўза саноқли кунлардир ва савоби ҳам чексиздир. Рўза тутингда, ўзингизни қийин ишга машғул қилманг. Қуйидаги ҳадис қудсийда «Аллоҳ таоло «Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен - Ўзим берурман» дейилган. Уламоларимиз “وَأَنَا أَجْزِي بِهِ” иборасини “وَأَنَا اُجْزَي بِهِ” деб ўқиб, “Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофоти Мен - Ўзим бўлурман” деган маънони ҳам айтганлар. Бизнинг қилган амалимизнинг мукофоти роббимизнинг Ўзи бўлишини тасаввур қилиб кўряпмизми?

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ  رضي الله عنه، عَنِ النَّبِيِّ  صلي الله عليه وسلم يَقُولُ: قَالَ اللهُ تَعَالَى: كُلُّ عَمَلِ ابْنِ آدَمَ لَهُ إِلَّا الصِّيَامَ، فَإِنَّهُ لِي وَأَنَا أَجْزِي بِهِ، وَالصِّيَامُ جُنَّةٌ، وَإِذَا كَانَ يَوْمُ صَوْمِ أَحَدِكُمْ فَلَا يَرْفُثْ وَلَا يَصْخَبْ، فَإِنْ سَابَّهُ أَحَدٌ أَوْ قَاتَلَهُ فَلْيَقُلْ إِنِّي امْرُؤٌ صَائِمٌ، وَالَّذِي نَفْسُ مُحَمَّدٍ بِيَدِهِ لَخُلُوفُ فَمِ الصَّائِمِ أَطْيَبُ عِنْدَ اللهِ مِنْ رِيحِ الْمِسْكِ، لِلصَّائِمِ فَرْحَتَانِ يَفْرَحُهُمَا، إِذَا أَفْطَرَ فَرِحَ، وَإِذَا لَقِيَ رَبَّهُ فَرِحَ بِصَوْمِهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَفِي رِوَايَةٍ: كُلُّ عَمَلِ ابْنِ آدَمَ يُضَاعَفُ، الْحَسَنَةُ عَشْرُ أَمْثَالِهَا إِلَى سَبْعِمِائَةِ ضِعْفٍ. قَالَ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ: إِلَّا الصَّوْمَ فَإِنَّهُ لِي وَأَنَا أَجْزِي بِهِ، يَدَعُ شَهْوَتَهُ وَطَعَامَهُ مِنْ أَجْلِي 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Аллоҳ таоло «Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен - Ўзим берурман», деди. Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, «Мен рўзадор одамман», десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, рўзадорнинг оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бордир. Улар ила суюнгай. Ифтор қилганда суюнгай ва қачон Роббисига йўлиққанда, рўзаси ила суюнгай», дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Бошқа бир ривоятда: 
«Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: «Магар рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. У (Одам боласи) шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилур», деди», дейилган.
Шарҳ: Бу ривоятда ҳадиси қудсий билан ҳадиси шариф аралаш ҳолда келмоқда.
Аллоҳ таоло номидан айтилган сўзлар – ҳадиси қудсий, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номларидан айтилгани эса ҳадиси шарифдир.
Аввало ҳадиси қудсий келмоқда:
«Аллоҳ таоло «Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман», деди».
Демак, инсоннинг рўзадан бошқа ҳамма қилган амали ўзи учун бўлади. Фақатгина тутган рўзаси Аллоҳ учундир. Буни қандай тушуниш мумкин? Жавоби қўйидагича:
Рўзадан бошқа ҳамма амалларда амал қилувчи хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам бир оз хўжакўрсинга қилиш, ўзгаларнинг ҳаваси, мақтови, обрў-эътиборини қозониш ҳисси пайдо бўлади.
Мисол учун, намоз ўқиган одамнинг таҳорат қилганини, намозга жой танлаганини ва ниҳоят, намоз ўқиётганини бошқалар кўради. Бу одам намоз учун таҳорат қилмоқда, бу одам намоз учун жой танламоқда, бу одам намоз ўқимоқда, яхши одам экан, деган фикр хаёлидан ўтиб, унга ҳурмат-эътибор билан қарайди.
Шу каби, закот берганини ҳар қанча яширса ҳам, ҳеч бўлмаганда закотни олган киши билиб, ҳаққига дуо қилади.
Ҳажга боргани эса умуман, шов-шув бўлиб кетади. Қайтганидан сўнг гуруҳ-гуруҳ кишилар зиёратига келишади. «Ҳожи ака» ёки «Ҳожи она» деган ном билан чақирила бошлайди.
Рўзада эса бу нарсаларнинг бирортаси йўқ, кечаси ҳеч ким кўрмайдиган вақтда саҳарлик қилади. Кундузи эса ҳамма баробар юраверади. Ҳеч кимсиз, ёлғиз ўзи қолганида рўзадор Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилиб, оғзини очиб юбормайди. Ана шуларнинг ҳаммаси рўза Аллоҳ учун тутилишининг белгисидир.
Шунинг учун ҳам ёлғиз Аллоҳ учун бўлган ибодатнинг мукофотини Аллоҳ таолонинг Ўзи беришга ваъда қилмоқда. Бу ҳақиқатни яна ҳам тўлиқ тушуниб олишимизга бошқа бир ривоятдан келтирилган қўшимча лафзлар ёрдам беради.
«Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: «Магар рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. У (одам боласи) шаҳвати ва таомини мен учун тарк қилур», деди».
Демак, рўзадан ўзга амалларнинг савоби қай миқдорда кўпайтириб берилиши аниқ. Савоб бериладиган битта амалнинг савоби ўн мартадан то етти юз мартагача кўпайтирилиши мумкин. Аммо бундан ортиқ бўлмаслиги ҳам мумкин.
Шу билан бирга, рўза учун бериладиган савобнинг кўпайиши шунчаларки, уни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайди, идрок ҳам қила олмайди. Рўзадорнинг амали бунчалар юқори баҳоланишининг сабаби у фақат Аллоҳ таоло учун таоми ва шаҳватини тарк қилиб, рўза тутганлигидир.
Ушбу ривоятнинг ҳадис қисмида эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзанинг фазийлатлари ҳақида ва рўзадор ўзини қандай тутиши лозимлиги тўғрисида сўз юритадилар.
1. «Рўза сақловчидир».
Рўзанинг сақловчи эканлиги умумий маънодадир. У рўзадорни турли ёмон ишлардан, гуноҳлардан, касалликлардан, аҳлоқсизликлардан, энг муҳими, дўзахга тушишдан сақлайди.
2. «Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳш¬дан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин».
Фаҳш, уятсиз сўзларни гапириш мусулмон одамга мутлақо тўғри келмайди. Шунингдек, бақир-чақир қилиш ҳам. Мусулмон рўзадор бўлганида унинг обрў-эътибори яна ҳам ошади. Унинг рўза ила берк оғзидан ҳеч бир беҳуда, номаъқул сўз чиқмаслиги керак. Айниқса, фаҳш сўзлар, сўкиш, ғазаб ила содир бўладиган бақир-чақирлар умуман чиқмаслиги лозим. Агар рўзадорнинг ихтиёридан ташқари, бошқа бировлар уни бақир-чақирга мажбур қилса ҳам, ундан сақланиб қолиш йўли бор.
3. «Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, «Мен рўзадор одамман», десин».
Шу орқали ўзининг сўкишиши ва уришиши мумкин эмаслигини ўзига ҳам, ўзгага ҳам эслатсин. Рўзанинг ҳурматидан сўкишни ва уришишни тарк қилсин. Бу нақадар юксак одоб! Бу нақадар олийжаноблик!
Дарҳақиқат, Аллоҳга ибодат қилиш учун, Аллоҳнинг фарз қилган рўзасини тутиш учун беркитилган оғиздан фаҳш сўзлар, сўкишлар, бақир-чақирлар чиқиши мутлақо тўғри эмас. Бундай оғиздан ҳар доим яхши, гўзал ва фойдали сўзлар чиқиши керак.
4. «Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир».
Маълумки, овқат егандан сўнг маълум вақт ўтиб, таом ҳазм бўлиш жараёнида оғиздан турли ҳидлар чиқади. Одатда ўша ҳид мақтовга сазовор ҳид эмас. Аммо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадорнинг оғзидан чиқадиган, араб тилида «халуф» деб номланадиган ўша ҳид Аллоҳнинг ҳузурида мушку анбарнинг ҳидидан ҳам афзал эканлигини қасам ила таъкидламоқдалар. Бу ҳам рўзанинг фазли қанчалар улуғ эканлигини кўрсатади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу сўзларини фуқаҳоларимиз яхши ўрганиб, «Рўзадор киши Пешиндан кейин мисвок қилмаслиги керак, мабодо у мисвок қилиб, оғзини тозаласа, ўша мушку анбардан кўра хушбўй ҳид кетиб қолади», деганлар.
Рўзанинг фазийлатлари шу билан тамом бўлиб қолмайди. Яна давом этаверади.
5. «Улар ила суюнгай».
1. Ифтор қилганда хурсанд бўлади.
2. Роббига йўлиққанда бу дунёда рўза тутганлигидан хурсанд бўлади.
Демак, мазкур икки хурсандлик фақат рўза тутган кишилар учунгина бўлади. Бу ҳам рўзанинг буюк фазийлатларидандир.
Дарҳақиқат, кун бўйи рўза тутиб, вақти келганда ифтор қилган инсон ниҳоятда хурсанд бўлади. Аллоҳ амр қилган ибодатни адо этганидан, ҳадсиз-ҳисобсиз савобларга эга бўлганидан, охиратига замин тайёрлаганидан хурсанд бўлади. Очлик, ташналикдан сўнг ҳалол таомга етишганидан хурсанд бўлади. Бундай хурсандлик, албатта, фақат рўза тутган кишигагина насиб этади. Охиратда эса Аллоҳ ила мулоқот бўлганда тутган рўзаси учун жаннатга киритилганидан хурсанд бўлади. Рўза тутмаганлиги учун дўзахга тушиши вожиб бўлган кишилар қандай ҳам хурсанд бўлсинлар?!
Демак, ҳаётимизда ушбу ҳадиси шарифга ҳеч оғишмай амал қилмоқ лозим, токи Роббимиз бизга фарз қилган рўзани бехато тутайлик, рўзадор кишининг одоблари ила одобланайлик. Ана шунда ҳадисда ваъда қилинган мартабаларга сазовор бўлурмиз, иншааллоҳ.(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat