Ассалому алайкум! Намоздан кейин нега айнан “Оятал курсий” ўқилади? Унинг ўрнига бошқа сураларни ҳам ўқиса бўладими?
Ва алайкум ассалом! Ҳадисда қуйидагича келади:
وَلِمُسْلِمٍ: مَنْ سَبَّحَ اللهَ فِي دُبُرِ كُلِّ صَلَاةٍ ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ، وَحَمِدَ اللهَ ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ، وَكَبَّرَ اللهَ ثَلَاثًا وَثَلَاثِينَ، فَتْلِكَ تِسْعَةٌ وَتِسْعُونَ، وَقَالَ تَمَامَ الْمِائَةِ: لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ، لَهُ الْمُلْكُ وَلَهُ الْحَمْدُ، وَهُوَ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ قَدِيرٌ، غُفِرَتْ خَطَايَاهُ وَإِنْ كَانَتْ مِثْلَ زَبَدِ الْبَحْرِ
Муслимнинг ривоятида :
«Ким ҳар намоздан кейин ўттиз уч марта Аллоҳга тасбеҳ айтса, ўттиз уч марта Аллоҳга ҳамд айтса, ўттиз уч марта «Аллоҳу акбар», деса ҳаммаси тўқсон тўққиз бўлур, юзтанинг тамом бўлишига: «Ла илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодийр»ни айтса, унинг гуноҳлари денгиз кўпиклари каби бўлса ҳам, мағфират қилинур», дейилган.
Намоздан кейинги махфий айтиладиган зикрлар қуйидаги тартибда келтирилади: Қавмига таълим бермоқчи бўлган имом ўрганиб олгунларича овозини чиқариши мумкин. У чап тарафини меҳробга қилиб, одамларга қараб ўтиради. Сўнгра уч марта «Астағфируллоҳ» дейди. Кейин «Аллоҳумма антассалом ва минкассалом таборакта йаа залжалоли вал икром» деб, «Оятул Курсий»ни тиловат қилади.
Имом Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳудан Табароний ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Ким фарз намозидан кейин «Оятул Курсий»ни қироат қилса, у бошқа намозгача Аллоҳнинг зиммасида бўлади», деганлар.
Имом Насаий Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда эса Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Ким ҳар бир фарз намозидан кейин «Оятул Курсий» ва «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни қироат қилса, уни жаннатга киришдан ўлимдан бошқа нарса тўса олмайди», деганлар.
Сўнг ўттиз уч марта «Субҳаналлоҳ», ўттиз уч марта «Алҳамдулиллаҳ», ўттиз уч марта «Аллоҳу акбар» айтилиб, «Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайин қодийр» калимаси ўқилади». (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!