Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Уйланиш

13:41 / 09.10.2016 | ulugbek | 3919

Ассалому алайкум! Ҳурматли «Зикр Аҳлидан Сўранг» ҳайъати аъзолари, мeни ёшим 23 да. Яқинда уйланишлик ниятидаман инша Аллоҳ. Лeкин тўй қилиш масаласида оиламизда муаммо кeлиб чиқиши мумкин. Сабаби мeн Алҳамдулиллаҳ ёшлигимдан намоз ўқийман ва Шайх Ҳазратларининг китобларига муҳаббатим баланд. Мeни шариатимиз қоидаларига биноан тўй қилишлик мақсадим бор. Аммо бизнинг оила бунга қарши чиқиши аниқ. Чунки бизнинг оиладагилар озгина «замонавий», лeкин мeн аёллар ва эркаклар бир даврада аралашиб ўйин кулгу бўладиган тўйга сабабчи бўлишдан қўрқаман ва буни тасаввур ҳам қилолмайман. Шунинг учун сизлардан илтимос мeнга маслаҳат бeринглар. Бу ишда уйдагиларни кўндиришлик учун нима қилай ёки нимадан бошлай?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Ҳозирги кунда жуда кўп жойларда ишлатиладиган бир сўзни ўрнини тўғрилаб олишимиз керак бўлиб қолди. У ҳам бўлса “замонавий” деган сўздир. Кўпчилик бу сўзни диндорлик муқобилида ишлатишади. Гўёки уларнинг ҳар бир қилаётган амаллари, эътиқодлари, урф-оратлари замон руҳига мосу, дин-диёнат эса замон руҳига мос эмасдек. Ваҳоланки, Ислом дини қиёмат кунигача руҳият, илму-маърифат ва яшаш технологияси томонларидан ҳам ҳар бир замонга ниҳоят даражада мосдир. Уни маҳкам тутмаслик қолоқлик, дунё ва охиратни қўлдан бой бериш ҳисобланади. Кишилар замонавийлик сўзидан диндан йироқликни ирода қилсалар нотўғри сўз ишлатган бўладилар. Аксинча улар “диний томондан савияси паст” десалар муносиб бўлади. Кўп тиббиёт ходимлари муолажадан ожиз қолганларида “Эскича қилдириб кўринглар” деб айтишади. Ваҳоланки, диннинг миллиондан бир қисми бўлган битта рўза тутиш амали, тиббиётнинг энг юқори кашфиёти деб тан олиниб, кашфиёт эгасига Нобел мукофоти берилмоқда. Саволингизга келсак, Аллоҳга тақво қилишда бардавом бўлинг. Аллоҳ таоло “Талоқ” сураси 3-4-оятларида марҳамат қилади : «Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У Зотнинг Ўзи кифоядир. Албатта, Аллоҳ Ўз ишини етказувчидир. Батаҳқиқ, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўлчов қилиб қўйгандир», – дейди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу «Қуръондаги энг катта умидбахш оят, ушбу «ва ман яттақиллаҳа яжъал лаҳуу махрожан ва ярзуқҳу мин ҳайсу лаа яҳтасиб» деган эканлар. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадиси шарифда Набий алайҳиссалом: «Албатта, банда қилган гуноҳи туфайли ризқдан маҳрум бўлади. Қадарни дуодан ўзга ҳеч нарса рад қила олмайди, умрни яхшиликдан ўзга ҳеч нарса зиёда қила олмайди», – деганлар. «Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, унга У Зотнинг Ўзи кифоядир» жумласининг тафсирига уламоларимиз қуйидаги ҳадисни келтирадилар. Набий алайҳиссалом Абдуллоҳ ибн Масъудга қилган насиҳатларида жумладан: «...Ва билки, агар умматнинг барчаси йиғилиб, сенга манфаат етказмоқчи бўлсалар ҳам, Аллоҳ сен учун тақдир қилиб қўйган нарсадан ўзга ҳеч бир нарса қила олмайдилар. Агар сенга зарар етказиш учун тўплансалар ҳам, Аллоҳ сен учун тақдир қилиб қўйган нарсадан ўзга ҳеч бир нарса қила олмайдилар», – деганлар. (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat