Жабрия мазҳабиБаъзи кишилар, ҳамма нарса Аллоҳ таолодан, инсон ўзича бир нарса қила олмайди, у бу дунёда худди денгизга отилган чўпга ўхшайди. Уни тўлқин қайси тарафга олиб кетса, кетаверади, дейдилар. Уларнинг фикрича, инсон ҳар бир ишни мажбур бўлган ҳолда қилади. Шунинг учун ҳам бу фикрга эргашганларни жабрия мазҳабидагилар деб аталади. Улар Аллоҳ таолога жабр нисбатини берадилар.Жабрия мазҳабидагилар ўз фикрларини қўллаш учун Қуръони Карим оятларидан далиллар келтирадилар.Аллоҳ таоло «Соффот» сурасида: «Ҳолбуки, сизни ҳам, қилган амалларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!» деган (96-оят).Демак, Аллоҳ таоло инсоннинг ўзини ҳам, амалини ҳам яратади. Инсон Аллоҳ таоло яратган амални қилишга мажбур бўлади.Аллоҳ таоло «Анфол» сурасида айтади: «Уларни сиз ўлдирмадингиз, балки Аллоҳ ўлдирди. Отган пайтингда, сен отмадинг, балки Аллоҳ отди», (17- оят)Эй, мўминлар, билиб қўйинглар, Бадр урушида мушрикларни ҳақиқатда сиз ўлдирганингиз йўқ, балки Аллоҳ ўлдирди. Ҳа, «Уларни сиз ўлдирмадингиз, балки Аллоҳ ўлдирди».Бунинг учун Аллоҳга шукр қилинг.«Отган пайтингда, сен отмадинг, балки Аллоҳ отди».Яъни, Эй, Пайғамбар, бир сиқим тупроқни олиб отганингда, сен отганинг йўқ, балки Аллоҳ отди.Бадр урушида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сиқимларига тупроқ олиб, мушриклар томонга «Шаҳатил вужуҳ» (Юзлар қаро бўлсин!) деб отганлари ривоятларда собит.Бу ҳам инсон ўз ҳаракатида фақат Аллоҳ таолонинг қилган мажбури остида бўлишига ёрқин далил.Жабрия мазҳабининг бошқа бир номи жаҳмиядир. Бу ном уларга ўзларининг бошлиқлари 118 ҳижрий санада вафот этган Жаҳм ибн Сафвон Самарқандийнинг исмидан ўтган.Аҳли Сунна ва жамоа мазҳабининг Жабрия мазҳабидагиларнинг далилига жавоби: 1. Биринчи оятни далил қилганларига жавоб қуйидагича:Бу оят ўзидан олдинги оятдаги жумланинг жавобидир. Икки оят қўшилиб бир жумла бўлган. Ўшандай бўлганда маъно «Ўзингиз йўниб ясаган нарсага ибодат қиласизларми?! Ҳолбуки, сизни ҳам, қилган нарсаларингизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?!» бўлади.Яъни, сизни ҳам, сизлар қўлингиз билан йўниб ясаб ибодат қилаётган нарсангизни ҳам Аллоҳ яратган-ку?! 2. «Отган вақтингда сен отганинг йўқ. Лекин Аллоҳ отди», «Анфол» сураси, (17) - ояти уларнинг фойдасига эмас, қаршисига далилдир. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг «Отган вақтингда», дейиши билан Ўз Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг отганларини исбот қилмоқда. Кўриб-билиб турилибдики, «отган вақтингда» дейиш билан исбот қилинган нарса бошқа, «отганинг йўқ», дейиш билан манфий қилинаётган нарса бошқа. Бунинг тафсилоти қуйидагича;Албатта, отишнинг ибтидоси бор, интиҳоси бор. Унинг ибтидоси силташ ва улоқтиришдир. Интиҳоси эса мўлжалга тегишидир. Уларнинг иккиси ҳам отиш, деб номланади. У вақтда оятнинг маъноси, улоқтирган вақтингда мўлжални урганинг йўқ. Лекин мўлжални Аллоҳ урди бўлади. Агар шундоқ бўлмаса «Намоз ўқиган вақтингда сен намоз ўқиганинг йўқ. Лекин Аллоҳ намоз ўқиди, дейишга тўғри келади. Шунингдек, рўза тутган вақтингда сен рўза тутганинг йўқ. Лекин Аллоҳ рўза тутди. Зино қилган вақтингда сен зино қилганинг йўқ... Ўғрилик қилган вақтингда сен ўғрилик қилганинг йўқ... ва ҳоказо. Бунинг фасодлиги очиқ-ойдин кўриниб турибди. Жабрия ва унга ўхшаш фирқалар ҳақида ақийда китобларимизда қуйидаги гаплар айтилган:“Аллоҳ таолодан бизни иймонда собит қилишини, хотимамизни у билан қилишини ва бизларни турли ҳавои нафслардан, тафриқали фикрлардан, Мушаббиҳа, Мўътазила, Жаҳмия, Жабрия, Қадарияга ўхшаш суннат ва жамоатга хилоф қилган, залолатга юз тутган мазҳаблардан сақлашини сўраймиз. Биз улардан безормиз. Бизнинг наздимизда улар залолатга кетганлар ва ёмонлардир. Сақлаш ва тавфиқ Аллоҳ биландир.”