Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Қазо намозини жамоат бўлиб ўқиш

08:21 / 23.11.2016 | MUHAMMADAMIN | 4508

Ассалому алайкум! Қазо намозларини жамоат бўлиб ўқиш ҳақида эшитганман. Лeкин у ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмасман. Шу мавзуни тўлиқ ёритиб бeрсангизлар.



«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом!

Бир вақтда қазо қилинган намозларни жамоат бўлиб ўқиш жоиз.

عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم كَانَ فِي مَسِيرٍ لَهُ فَنَامُوا عَنْ صَلَاةِ الْفَجْرِ فَاسْتَيْقَظُوا بِحَرِّ الشَّمْسِ، فَقَالَ عَلَيْهِ الصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ: تَنَحَّوْا عَنْ هَذَا الْمَكَانِ، ثُمَّ أَمَرَ بِلَالًا فَأَذَّنَ ثُمَّ تَوَضَّئُوا وَصَلَّوْا رَكْعَتَيِ الْفَجْرِ، ثُمَّ أَمَرَ بِلَالًا فَأَقَامَ الصَّلَاةَ فَصَلَّى بِهِمْ صَلَاةَ الصُّبْحِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالشَّيْخَانِ

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарларидан бирида (ҳамма) Бомдод намозида ухлаб қолиб, қуёшнинг иссиғидан уйғондилар. 

У зот алайҳиссалоту вассалом:

«Бу жойдан бошқа жойга ўтинглар», дедилар.

Сўнгра Билолга амр қилиб, азон айттирдилар. Сўнгра таҳорат қилиб, икки ракъат фажр (Бомдод)ни (суннатини) ўқидилар. Сўнгра Билолга амр этиб, такбир айттирдилар ва уларга Бомдод намозини ўқиб бердилар».

Абу Довуд ва икки Шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда зикри келган ҳодиса жуда маълум ва машҳур.

Муҳаддисларимиз иштирокчиларнинг гапларини бир неча ҳадисларда келтирганлар. Жумладан, Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу ан¬ҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар ғазотидан қайтганларида кечаси билан юрдилар. У зотни мудроқ босганида, кечанинг охирида дам олишга қарор қилдилар ва Билолга: «Бизнинг қоровулимиз бўл», дедилар.

Билол қудрати етганича намоз ўқиди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг саҳобалари уйқуга кетдилар. Тонг яқин қолганда Билол юкларига суянган ҳолда кўзи кетиб, ухлаб қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, Билол ҳам, саҳобалардан бирортаси ҳам қуёш уларни урмагунича уйғонмадилар.

Биринчи бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чўчиб уйғондилар ва:

«Ҳой Билол!!!» дедилар.

«Сизнинг нафсингизни олган менинг нафсимни ҳам олди», деди Билол. У зот:

«Туриб, жўнанглар!» дедилар.

Бас, туриб, кўчларини бир оз юргиздилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилдилар ва Билолга амр қилдилар, у такбир айтди. Бас, уларга Бомдод намозини ўқиб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни ўқиб бўлгач:

«Ким намозни эсидан чиқарса, эслаган чоғида ўқиб олсин. Чунки Аллоҳ таоло: «Намозни Менинг зикрим учун қоим қил», деган», дедилар».

Ушбу ривоят олдингисини тўлдириб келмоқда.

Энди икки ривоятдан олинадиган фойдаларни кўриб чиқайлик:

1. Намоздан ухлаб қолмасликнинг барча тадбирларини кўриш кераклиги.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Билол розияллоҳу анҳуни қоровул қилиб қўйишлари айни шу муддао учун бўлган.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умр¬ларида бир марта Бомдод намозидан ухлаб қолганларлики.

Кўпчилик уламолар «Бу Аллоҳнинг иродаси ила махсус равишда, қазо намозини қандай ўқишни ўргатиш учун бўлган», дейдилар.

3. Ухлаб, намозни ўтказиб юборган одам уй¬ғонганидан кейин дарҳол ўқиб олиши лозимлиги.

4. Шариатга хилоф иш содир бўлган жойдан тезроқ жўнаб кетиш зарурлиги.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўша ердан кетиб, бошқа томонга ўтиб, Бомдоднинг қазосини ўқиганлари шуни кўрсатади. Баъзи ривоятларда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу водийдан бошқа жойга ўтинглар, бу ерда шайтон бор экан», деганлар.

5. Қазо намозига ҳам азон айтилиши.

6. Қазо намозига ҳам такбир айтилиши.

7. Бомдоднинг суннатининг ҳам қазосини ўқиш лозимлиги.

8. Қазо намозни жамоат билан ўқиса ҳам бўлиши. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat