Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

тарих

00:00 / 06.10.2009 | eski savollar | 2217
Ассалому алайкум шайх хазратлари бизга Абдуллох ибн Зубайр ҳақида ма'лумот берсангиз бу саҳобийга жуда муҳлисман

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу машҳур саҳобалардан бўлиб, ҳазрати Зубайр ибн Аввом ҳамда ҳазрати Абу Бакр Сиддиқнинг қизлари Асмо розияллоҳу анҳуманинг ўғиллари, Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг жиянлари бўладилар. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Мадийнага ҳижрат қилиб келган муҳожирларнинг биринчи туғилган фарзанди бўлганлар. Ҳижрат, янги жойларга ўрнашиш, муҳожир оилаларда эр-хотинларнинг бир-бирларидан узоқлиги каби бир қанча сабаблар бўлиб, муҳожирлар ўртасида бир муддат бола туғилмай қолган. Ўша пайтда яҳудийлар биз муҳожирларни сеҳрлаб қўйдик, энди улар туғмайди, деб гап тарқатишган. Ана шу пайтда биринчи бўлиб шу Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу туғилганлар. Оналари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайинсингиллари бўлганлиги учун доим хабар олиб турардилар, «Асмонинг уйига қаранглар, чироқ ўчмаяпти, бир гап бормикин, тўлғоқ тутмадимикин» деб доим тайинлаб турганлар. Чақалоқ туғилгач, уни бир латтага ўраб, уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кўтариб югуриб келишган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шодлик билан уни бағирларига босиб, танглайини ширинлик билан кўтариб, унинг ҳаққига дуолар қилганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак дуоларини олган улуғ киши бўладилар. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Язид ибн Муовия даврида Маккаи Мукарраманинг ҳамма тарафига ўзлари халифа бўлганлар.Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан сўнг Маккада хилофат эълон қилиб, Муовия розияллоҳу анҳуга қарши чиққанлар. Лашкар тузиб, Муовия розияллоҳу анҳу юборган Ҳажжож ибн Юсуф ас-Сақафий бошчилигидаги аскар билан қаттиқ жанг қилганлар.Абдуллоҳ ибн Зубайр ҳаёт-мамот жанги кетаётган бир пайтда укалари Урва ибн Зубайр билан бирга оналарининг олдига кирганлар. Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳума ўша пайтда касал бўлиб ётган эканлар.Шунда Абдуллоҳ ибн Зубайр: «Мен ўлимнинг қаршисида турибман. Жанг бўляпти. Душман менга ғолиб келяпти. Тирик қолишимдан умид йўқ шекилли», дедилар. Асмо розияллоҳу анҳо шундай дедилар: «Нима, онам мендан олдин ўлсайди, деяпсанми? Менинг ўлимимни ҳоҳлаяпсанми? Шунинг учун мана шу гапларни айтяпсанми? Йўқ, ундай қилма. Аллоҳга қасами, мен сен ё ғолиб келмагунингча, ё қатл бўлмагунингча ўлмоқчи эмасман. Ё жангда ғолиб кел, кўзим қувонсин ёки сени ўлдиришсин-да, сенинг ўлимингга мен чидаб, савоб олай. Бошқа гап йўқ. Сенга бирор режа айтиб, шартлар қўйишса, кўнмагин. Ўлимдан қўрқиб, уларнинг айтганини, уларнинг шартини қабул қилмагин. Ўзингнинг айтганингда маҳкам тур!».Юқоридаги гаплардан сўнг Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу у ердан чиқдилар. Бу ерда ёзилмаган ривоятларга кўра, урушни давом эттирдилар. Ҳамма одамлари ўлиб, бир ўзлари қолганлар. Шунда ҳам урушаверганлар. Бироз уруш тўхтаганда яна оналарининг олдиларига кирганлар ва: «Ҳамма одамларим ўлиб бўлди, битта ўзим қолдим» деганлар. Асмо розияллоҳу анҳо: «Чиқиб, урушавер» деганлар. Ўғиллари: «Мен урушавераман, лекин ўлганимдан кейин теримни шилишармикан, деб қўрқяпман» десалар, оналари «Ўлган қўйнинг терисини шилишди нима-ю, шилишмади нима? Чиқ, уриш!» деганлар. Шундан сўнг Абдуллоҳ ибн Зубайр чиқиб, катта бир қўшинга қарши якка ўзлари жанг қилганлар ва шу ерда қатл қилинганлар. Бу тўқсон ёшга етиб кўзлари ожиз бўлиб қолган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрган саҳобия аёлнинг шижоати эди. Имом Ибн Жарир Тобарий етмиш учинчи ҳижрий сана ҳодисалари ҳақида ёзган маълумотларида жумладан қуйидагиларни баён қилади:«Одамларнинг номардлиги кўргандан кейин онаси Асмонинг олдига кирди ва:«Онажон! Одамлар, ҳатто болам ва аҳлим ҳам мени ёрдамсиз қўйдилар. Мен билан бир соатга сабр қила оладиган озгина одамлардан бошқа ҳеч ким қолмади. Анави қавм эса, менга дунёдан нимани истасам ўшани беришга тайёр. Нима дейсиз?» деди.«Сен, болам, Аллоҳга қасамки, ўзингни ўзинг яхши биласан. Агар ўзинг ҳақда эканингни билсанг ва унга даъват қилаётган бўлсанг, давом эт. Шерикларинг қатл бўлдилар. Бани Умаййанинг ғуломлари сени ўйин қилишларига имкон берма. Агар дунёни истаган бўлсанг, сен қандай ҳам ёмон бандасан! Ўзингни ҳам ҳалок қилдинг. Сен билан қатл бўлганларни ҳам ҳалок қилдинг. Агар «ҳақда эдим, аммо шерикларим кучсизланганда мен ҳам заифлашдим» дейдиган бўлсанг, бу ҳурларнинг ва дин аҳлининг иши эмас. Дунёда абадий қолармидинг?! Ундан кўра ўлган яхши!Ибн Зубайр яқинлашиб онасининг бошидан ўпти ва:«Аллоҳга қасам! Менинг фикрим ҳам шундай! Мен бугунги кунгача чақириб келган нарса шулки, мен дунёга мойил бўлмадим ва ундаги ҳаётга муҳаббат қўймадим. Мен хуруж қилишга ундаган нарса фақатгина Аллоҳ учун Унинг ҳарамини ҳалол саналгани бўлди. Мен сизнинг фикрингизни билмоячи эдим, холос. Бас, сиз менинг фаҳмимни зиёда қилдингиз. Назар солинг, онажон! Ушбу кун мен қатл бўламан. Маҳзунлигингиз шиддатли бўлмасин. Аллоҳнинг амрига таслим бўлинг. Сизнинг ўғлингиз мункар иш ва фоҳиша амал қилишга одатланмаган. Аллоҳнинг ҳукмида жавр қилмаган. Омонатга хиёнат қилмаган. Менинг учун Роббимнинг розилигидан кўра устун нарса бўлмаган. Аллоҳим! Мен буни ўзимни ўзим оқлаш учун айтаётганим йўқ. Сени мени ўзимдан яхши биласан. Аммо буни онам учун тасалли бўлиши учун айтмоқдаман», деди.Шунда онаси унга:«Албатта, Аллоҳдан сенинг азанг мен томонимдан яхши бўлишини сўрайман. Албатта, агар мендан олдин кетсангю агар мен сендан олдин кетадиган бўлсам, ўзи учун. Чиқ! Ишининг охири нима бўлишини кўрай», деди.«Онажон. Аллоҳ сизга яхши мукофот берсин. Мени олдин ҳам, кейин ҳам дуодан бебаҳра қилманг», деди.«Ҳеч ҳам дуони қўймайман. Одамлар ботил йўлида қатл бўлсалар, сен ҳақ йўлда қатл бўлмоқдасан. Аллоҳим! Узун кечалардаги узоқ қиёмлар раҳмини қилгин! Мадийна ва Макканинг иссиқларидаги йиғилар ва чанқоқлар раҳмини қилгин! Отасига ва менга қилган яхшиликлари раҳмини қилгин! Аллоҳим! Уни Ўз ишинг учун Ўзингга топширдим! Менга раво кўрган қазоингга рози бўлдим! Абдуллоҳ ҳақида менга сабр ва шукр қилувчилар савобини бергин!» деди...».Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу етмиш учинчи ҳижрий сананинг Жумадул Аввал ойининг ўн учинчи куни, Масжидул Ҳаромда қатл этилдилар.

Топ рейтинг www.uz Openstat