Ассалому алайкум! Агар тунда чайон чакса бирон бир одамни уни огрики бомдод Азонигача колмас экан.бошидан утканлар шунака дейди шу ростми. Азон айтгандан кейин огрики колар экан.
Ва алайкум ассалом! Сиз айтгандек гап йўқ.
عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قاَلَ: لَدَغَتْ رَجُلًا مِنَّا عَقْرَبٌ وَنَحْنُ مَعَ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم، فَقَالَ رَجُلٌ: يَا رَسُولَ اللهِ أَرْقِي؟ قَالَ: مَنِ اسْتَطَاعَ مِنْكُمْ أَنْ يَنْفَعَ أَخَاهُ فَلْيَفْعَلْ
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Биздан бир кишини чаён чақиб олди. Ўшанда биз Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Шунда бир киши:
«Эй Аллоҳнинг Расули, дам солайми?» деди.
«Сиздан ким ўз биродарига наф беришга қодир бўлса, берсин», дедилар у зот».
Шарҳ: Бундан чаён чаққанда дам солиш жоиз эканлиги келиб чиқади.
وَعَنْهُ قَالَ: كَانَ لِي خَالٌ يَرْقِي مِنَ الْعَقْرَبِ، فَجَاءَ رَسُولَ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، نَهَيْتَ عَنِ الرُّقَى وَأَنَا أَرْقِي مِنَ الْعَقْرَبِ، فَقَالَ: مَنِ اسْتَطَاعَ مِنْكُمْ أَنْ يَنْفَعَ أَخَاهُ فَلْيَفْعَلْ. رَوَاهُمَا مُسْلِمٌ
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Менинг бир тоғам бор эди. Чаён чаққанда дам солар эди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келдилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, дам солишдан наҳий қилдингиз. Мен чаён чаққанда дам солар эдим», деди у.
«Сиздан ким ўз биродарига наф беришга қодир бўлса, берсин», дедилар у зот».
Иккисини Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳам олдинги маъно таъкидланмоқда. Хўш, заҳарли ҳайвонлар чаққанда дам солиш бор экан, нимани ўқиб, дам солинади? Бу саволга жавоб топиш учун яна ҳадиси шарифларга мурожаат қиламиз.
Имом Бухорий ва имом Муслимлар Абу Саъийд ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бир гуруҳи сафарга чиқдилар. Араб маҳаллаларидан бирига тушдилар. Унинг аҳлидан ўзларига зиёфат беришни сўрадилар. Улар зиёфат беришдан бош тортдилар. Бирдан ўша маҳалланинг бошлиғини чаён чақиб олди. Унга ҳар нарса қилиб кўришди. Ҳеч нарса наф бермади. Шунда улардан баъзилари:
«Анави келган қавмнинг олдига борсангиз, эҳтимол, уларнинг баъзисидан бирор нарса чиқар», деди.
Уларнинг олдиларига бориб:
«Эй қавм, бошлиғимизни чаён чақиб олди. Унга ҳар нарса қилиб кўрдик. Ҳеч нарса фойда бермади. Сизларнинг бирортангизда бир нарса борми?» дедилар.
«Бор. Аллоҳга қасамки, мен дам соламан. Лекин сизлардан бизни зиёфат қилишни сўрасак, зиёфат қилмадингиз. Бизга бир нарса атамагунингизча, дам солмайман», деди қавмдан бир киши.
Бир қанча қўйга келишишди. У «Алҳамду лиллаҳи роббил оламийн»ни ўқиб, дам сола бошлади. Бемор худди боғлови ечилгандек, ҳаракатга тушиб кетди. Ҳеч нарса кўрмагандек юриб туриб:
«Уларга келишилган нарсани тўлиқ қилиб беринглар», деди у ўз одамларига. Баъзилар:
«Бўлишиб олинглар», дейишди. Аммо дам солган киши:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бўлган нарсани айтмагунимизча ҳеч нарса қилмай туринглар. Кўрайлик-чи, бизларни нимага амр қилар эканлар», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганларида ўша нарсани зикр қилдилар. Шунда у зот:
«Унинг дам солиш эканлигини сенга ким билдирди? Тўғри қилибсизлар. Тақсимлаб олаверинглар. Менга ҳам бир улуш беринглар», дедилар».
Ушбу ҳадиси шариф жуда ҳам машҳур бўлиб, ҳозирги кунларда ҳам тез-тез зикр қилиб турилади. У турли нарсаларга далил қилинади, турли тортишувларга сабаб қилинади. Хусусан, дам солиш ва Қуръон ўқиш учун ҳақ олиш масаласидаги тортишувларда икки тараф ҳам айни шу ҳадисни зикр қилади.
Дам солиш тарафдорлари «Ушбу ҳадис шариатимизда дам солиш борлигига далилдир. Саҳобийлардан бирлари дам солди, бемор тузалди ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақдаги хабарни эшитиб, тасдиқладилар», дейдилар.
Уларга қаршилар эса «Бу ҳадиси шарифда зикр қилинган ҳолат фавқулодда ҳолат. Саҳобалар қийин вазиятга тушиб қолганларида Аллоҳ таолонинг Ўзи уларга осонликни муҳайё қилган. Бундан бошқа ҳолатларга ҳадиси шарифни умумлаштириб бўлмайди», дейишади.
«Қуръонга ҳақ олса бўлади» дейдиганлар «Мана, саҳобалар Қуръони Каримни ўқиб, дам солиб, ҳаққига бир неча қўйни олдилар. Бу ишни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам маъқулладилар. Шундан Қуръонга ҳақ олса жоизлиги келиб чиқади», дейдилар.
Уларнинг қаршилари эса «Бу махсус замон, макон ва шахсларга хос нарса. Уни умумлаштириб бўлмайди», дейдилар.
Аммо икки тараф ҳам ўзлари тортишаётган масала бўйича фақатгина ушбу ҳадиси шариф бор эмаслиги, бошқа далиллар ҳам кўплигини унутиб қўядилар.
Мисол учун айтадиган бўлсак, ҳозиргина, ушбу бобнинг аввалида чаён чаққанда дам солишга изн берувчи ҳадисларни ўрганиб чиқдик.
Уламоларимиз «Оддий одамларнинг гап-сўзи кишиларга, жумладан, беморларга фойда беришини ҳамма кўрган, билган ҳақиқатдир. Бас, шундай бўлганидан кейин оламларнинг Роббисининг каломи фойда бермасмиди», дейдилар.
Жисмоний дардларга дори берилса, дори таъсир қилади, беморнинг жисми ундан таъсирланади ва уларнинг ўзаро бир-бири ила боғланишидан хасталик тузалади. Худди шунингдек, руҳий хасталикка учраган шахснинг руҳига дам солувчининг руҳининг таъсири ўтади. Орада ўзаро боғланиш содир бўлади ва Аллоҳ таолонинг изни ила бемор тузалади.
Шунинг учун дам солувчи етук шахс бўлиши муҳимдир. Агар дам солувчи тақводор, Аллоҳ таолога етишган, дуоси қабул бўлиши мужарраб (тажрибада кўрилган) одам бўлса, Аллоҳ таолонинг изни ила солган дами фойдали бўлади.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу хасталарга Фотиҳа сурасини ўқиб дам солсалар, дарҳол таъсир қилар экан. У кишининг вафотларидан кейин бошқалар бу ишни қилса, аввалги натижа чиқмабди. Шунда сирдан хабардор кишилар «Фотиҳа сураси-ку, ўрнида турибди, аммо уни ўқийдиган Умар қани?» деган эканлар.
Юқорида зикр қилинган нарсалардан «Заҳарли ҳайвонлар чаққанда фақат дам солиш керак экан», деган хулосага келиб қолмаслик керак.
Бу ҳақда Ибн Абу Шайба Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифни келтиради:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб туриб, сажда қилган эдилар, у зотнинг панжаларини чаён чақиб олди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтдилар-да:
«Аллоҳ чаённи лаънатласин! Пайғамбарни ҳам, бошқани ҳам қўймайди», дедилар.
Сўнгра бир идишда сув билан туз келтиришга буюрдилар. Чаён чаққан жойни ўша сув ва тузга солдилар ва босилгунча «Қул ҳуваллоҳу аҳад» билан икки «Қул аъузу»ни ўқиб турдилар».
Эътибор берадиган бўлсак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аввал чаён чаққан жойга дори-дармон қилиб туриб, кейин ўзлари Қуръони Карим сураларини ўқиганлар. Демак, ҳар бир одам ўзига-ўзи дам солиши яхшидир.
Заҳарли ҳайвонлар чаққанда уларнинг заҳарининг иссиғидан чақилган жой исий бошлайди. Шунинг учун уни совутишга совуқ сув зарур экан. Тузда эса заҳарни сўриш қобилияти бор экан. Буни Ибн Сино ҳам таъкидлаган.
Уламоларимиз «Руҳий муолажалар дардга йўлиққандан кейин уни тузатишга хизмат қилганидек, дам солиш ҳам дарднинг олдини олишга, у етганда эса зарарни камайтиришга хизмат қилади», дейдилар. Улар ўзларининг бу гапларига далил сифатида бир неча ривоятларни ҳам келтирадилар.
Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар айтилади:
«Бир одам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, кечаси мени бир чаён чақиб олиб, кўрадиганимни кўрдим», деди. Шунда у зот:
«Кеч кирганда «Аъузу бикалиматиллаҳи тааммаати мин шарри маа халақ» деганингда, сенга зарар қилмас эди», дедилар».
Имом Бухорий ва имом Муслим Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар айтилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ётар жойларига кирсалар, «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ва икки «Қул аъузу»ни ўқиб, кафтларига дам солар ва юзларига, баданларининг қўл етадиган жойларига суртар эдилар». ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!