Ассалому алайкум! Бир одамга бу гуноҳ иш, буни тарк қил дeйилса, албатта тушинадиган одам тарк қилади. Баъзи бировлар эса «ҳамма охиратда ўзи жавоб бeради» дeб ўзини олиб қочади. «Бировнинг юкини биров кўтармас» маъносидаги оят ҳам бор. Лeкин гуноҳ ишни қайтариш ёки билмаган нарсасини айтиш фарз дeб ўйлаб кeлар эдим.
Ва алайкум ассалом! Амру маъруф қилиш иши бошқа, бировнинг қилган гуноҳига жавобгар бўлиш бошқа. Гуноҳ иш қилаётган кишини гуноҳдан қайтариш алоҳида фарз, гуноҳкор ўша гуноҳ ишидан қайтмасдан гуноҳида бардавом бўлиб охиратда жавобгар бўлиши алоҳида иш. "Тафсири ҳилол" китобида қуйидагича келади :
كُنتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ تَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَتَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَتُؤْمِنُونَ بِاللّهِ وَلَوْ آمَنَ أَهْلُ الْكِتَابِ لَكَانَ خَيْرًا لَّهُم مِّنْهُمُ الْمُؤْمِنُونَ وَأَكْثَرُهُمُ الْفَاسِقُونَ
110. Одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Маъруфга буюрасиз ва мункардан қайтарасиз ҳамда Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли китоблар иймон келтирганларида, ўзларига яхши бўлар эди. Улардан мўминлари бор. Кўплари фосиқлардир. Ислом уммати ўзи ҳақида билиб қўйиши зарур бўлган ҳақиқатлардан бири бу умматнинг одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат эканидир. Умматларнинг сараси Ислом умматидир. Умматларнинг йўлбошчиси Ислом умматидир. Умматларнинг пешқадами Ислом умматидир. Чунки Аллоҳ таолонинг Ўзи бу умматга хитоб қилиб: «Одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз», – деб турибди. Бу ҳақиқатни ҳозир ўзини бу умматга нисбат бераётганлар яхши тушуниб олмоқлари лозим. Аждодларимиз худди шу ҳақиқатни тўлиқ тушунган чоғларида бутун дунёга устоз бўлганлар. Дунё халқларининг пешқадами бўлиб, уларни ортларидан эргаштирганлар. Бошқаларга тобе бўлмаганлар. Бошқаларнинг ортидан кўр-кўрона эргашмаганлар. Бошқалар ҳузурида ўзларини хору зор тутмаганлар. Бу умматнинг одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлишининг сабабларидан бири амри маъруф қилишидир. Чунки Аллоҳ таоло: «Маъруфга буюрасиз...» – демоқда. Аввал ишора этилганидек, Ислом уммати дунёда яхшилик байроғини юқори кўтаради. Адолат байроғини юқори кўтаради. Ҳақиқат байроғини юқори кўтаради. Фазилат байроғини юқори кўтаради. Ҳамда бутун инсониятни бу ишларга чақиришни ўзига фарз деб билади. Бу умматнинг одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлишининг сабабларидан иккинчиси наҳйи мункар қилишидир. Чунки Аллоҳ таоло: «...ва мункардан қайтарасиз...» – демоқда. Мункар барча ёмонлик, зулм, ботил ва разолатлар демакдир. Бинобарин, Ислом уммати дунёдаги барча ёмонликка қарши, зулмга, ботилга ва разолатга қаршидир. Айни чоғда, бутун инсониятни ёмонликдан, зулмдан, ботилдан ва разолатдан қайтаришни ўзига фарз деб билади. Ислом умматининг одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлишининг асосий сабаби Аллоҳга иймон келтиришидир. Чунки Аллоҳ таоло: «...ҳамда Аллоҳга иймон келтирасиз», – демоқда. Инсониятни тўғри йўлга бошлаб, нотўғри йўлдан қайтаришдек улкан машаққатли ишни амалга оширишга уни Аллоҳга бўлган иймони ундайди. Иймон асосларнинг асосидир. Жумладан, яхшиликка чақириб, амри маъруф ва наҳйи мункар қилишнинг ҳам асоси иймон бўлгандагина мақсадга етилади. Ана шундагина икки дунёда бахт-саодатга эришилади. Акс ҳолда нуқсонга дучор бўлинади. Бу ҳақиқат ушбу оятдан бошқа оятларда ҳам таъкидланган. Шунингдек, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг кўпгина ҳадисларида ҳам ўз аксини топган. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилишларича, Набий алайҳиссалом минбарда турганларида бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули, қандай одам яхши одам?» – деб сўради. Набий алайҳиссалом: «Одамларнинг яхшиси – қорироғи, тақводорроғи, амри маъруф қилувчироғи, наҳйи мункар қилувчироғи ва силаи раҳм қилувчироғи», – дедилар. Имом Термизий ривоят этган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Набий алайҳиссалом: «Бану Исроил гуноҳга ботганда, уламолари қайтардилар. Улар қайтмадилар. Кейин эса уламолар ҳам улар билан бирга ўтириб, еб-ичдилар. Бас, Аллоҳ қалбларини бир-бирига аралаштириб юборди ва Довуд, Сулаймон ва Ийсо ибн Марям тилларида лаънатлади, – дедилар-да, ёнбошлаб ётган эдилар, туриб ўтирдилар ва: – Менинг нафсим қўлида бўлган Зот билан қасамки, уларни ҳаққа қайтармагунингизча, бўлмайди, – дедилар». Имом Абу Довуд ибн Умайра Киндийдан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссолату вассалом: «Ер юзида бир гуноҳ содир бўлганда, гувоҳ бўлган одам уни инкор этса, худди кўрмаган одамдек, (гуноҳдан холи) бўлади. Ким кўрмаган бўлса-ю, розилик билдирса, гувоҳ бўлган одамдек, (гуноҳкор) бўлади», – дедилар. Имом Ҳоким Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: «Шаҳидларнинг улуғи Ҳамзадир ва золим подшоҳга амри маъруф, наҳйи мункар қилганда ўлдирилган одамдир», – деганлар. Оятнинг давомида сўз яна аҳли китобларга кўчади: «Агар аҳли китоблар иймон келтирганларида, ўзларига яхши бўлар эди». Бу аҳли китобларни Исломга киришга тарғиб қилишдир. Бошқа жойларда агар улар Исломга кирганларида, ажрни икки баробар олишлари мумкинлиги ҳақида ҳам айтилган. Дарҳақиқат, аҳли китоблар иймон келтирганларида, бу дунё-ю у дунёнинг бахти-саодатига эришган бўлур эдилар. Шу билан бирга, улардан иймонга кирганларининг зикри ҳам келади: «Улардан мўминлари бор. Кўплари фосиқлардир». Дарҳақиқат, аҳли китоблардан Исломга кирганлари бўлди. Улар жуда яхши мусулмон бўлдилар. Абдуллоҳ ибн Салом, Асад ибн Убайд, Саълаба ибн Шўъба, Каъб ибн Молик ва бошқалар Набий алайҳиссалом даврларида иймонга келиб, саҳобийлик бахтига муяссар бўлдилар, Исломга хизмат қилдилар. Кейинги асрларда ҳам бир қанча аҳли китоблар Исломга кириб, яхши мусулмонлар бўлдилар. Айниқса, охирги даврда аҳли китоблардан мусулмон бўлганлар кўпайди. Лекин барибир, умумий олиб қаралганда, оятда зикр қилинганидек, уларнинг кўплари фосиқдирлар. Ушбу оятлар нозил бўлаётган пайтда Мадинаи Мунавварада яҳудийлар мусулмонлар билан бирга яшар эдилар. Уларнинг иқтисодий ҳолатлари яхши бўлиб, аскарий жиҳатдан ҳам ўзларига яраша кучга эга эдилар. Баъзи мусулмонлар яҳудийлар билан алоқа қилиб туриш жараёнида уларнинг мазкур куч-қудратларини назарда тутишар эди. (“Оли Имрон” сураси). Валлоҳу аълам!