Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, шайтон алайҳиллаънани Аллоҳ таолонинг даргоҳидан қувилганини биламиз. Лекин фаришталар Аллоҳга исён қилмайдику. Уни алайҳиллаъна бўлишига нима мажбур қилган?
Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Сод” сурасида марҳамат қилади :
فَسَجَدَ الْمَلَائِكَةُ كُلُّهُمْ أَجْمَعُونَ
73. Бас, фаришталар барчалари бараварига сажда қилдилар. Бу сажда ибодат саждаси эмас, балки табрикдир.إِلَّا إِبْلِيسَ اسْتَكْبَرَ وَكَانَ مِنْ الْكَافِرِينَ
74. Фақат иблисгина мутакаббирлик қилди ва кофирлардан бўлди. Аллоҳнинг амрига бўйсунишдан бош тортди, Одамга сажда қилмади. У мутакаббирлик қилиб, ўзини юқори тутди. Шунинг учун кофирлардан бўлди. Аллоҳнинг амридан бош тортиб, сажда қилмаганлар кофир бўладилар.قَالَ يَا إِبْلِيسُ مَا مَنَعَكَ أَن تَسْجُدَ لِمَا خَلَقْتُ بِيَدَيَّ أَسْتَكْبَرْتَ أَمْ كُنتَ مِنَ الْعَالِينَ
75. У Зот: «Эй иблис, Ўз қўлим билан яратган нарсага сажда қилишингдан сени нима ман қилди?! Мутакаббирлик қилдингми?! Ёки олий даражалилардан бўлдингми?!» – деди. Аллоҳ таоло бутун борлиқни яратган Зотдир. Лекин Ўзи яратган махлуқотлари ичида Одамга алоҳида эҳтимом берганини доимо эслатиб туради. Аввал руҳидан пуфлаганини айтган эди, энди Ўз қўли билан яратганини эслатмоқда. Демак, Одамга сажда қилишга буюриш уни алоҳида илоҳий эҳтимомга сазовор деб билиш экан. Шунинг учун ўша амрга бўйсунмаган иблисга таҳдид қилиб, Аллоҳ таоло: «Эй иблис, Ўз қўлим билан яратган нарсага сажда қилишингдан сени нима ман қилди?!» – деб сўрамоқда. Қани айт-чи! Нима учун Одамга сажда қилмадинг?! Нима, «Мутакаббирлик қилдингми?! Ёки олий даражалилардан бўлдингми?!» – деди». Мен Ўз қўлим билан яратган жонга – Одамга сажда қилмаганингнинг сабаби нима? Мутакаббирлик қилдингми?! Кибру ҳавога берилдингми? Айт-чи, боиси не?! Ёки олий даражалилардан бўлиб, бўйсунмайдиган бўлиб қолдингми?! Аллоҳ таоло иблиснинг нима учун Одамга сажда қилмаганини жуда яхши билар эди. Аммо иблисга айбини ўз тили билан эътироф қилдириш учун мана шу саволни берди. Натижада иблиснинг дилидаги марази тилига чиқди.قَالَ أَنَا خَيْرٌ مِّنْهُ خَلَقْتَنِي مِن نَّارٍ وَخَلَقْتَهُ مِن طِينٍ
76. У: «Мен ундан яхшиман. Мени оловдан яратгансан. Уни эса лойдан яратдинг», – деди. Бу жавобдан иблиснинг Аллоҳ таоло томонидан Одамга берилган мартабага ҳасад қилиб, куфрга кетгани билинади. «Мен ундан яхшиман». Ҳамма балонинг боши «мен, мен», дейишда. Иблис «Мен Одамдан яхшиман, нима учун ўзимдан паст махлуққа сажда қилишим керак экан», деб, сажда қилишдан бош тортди. «Мени оловдан яратгансан». Уламоларимиз иблиснинг мана шу жавобига таяниб, унинг жинлар тоифасидан эканини айтадилар. «Иблис фаришталардан эди» деган гапларни рад қиладилар. Иблис фаришталардан бўлмаса ҳам, Аллоҳ таоло фаришталарни Одамга сажда қилишга амр этганида, у ҳам ўша ерда бор эди. У ҳам амрга дохил бўлган эди. Бадбахт иблис ўзининг оловдан яратилганини афзал билди. Шунинг учун лойдан яратилган Одамга сажда қилмасликни, Аллоҳнинг амрига бўйсунишдан бош тортишни раво кўрди. «Уни эса лойдан яратдинг», – деди». Лаънати иблис ким нимадан яратилгани эмас, балки Аллоҳнинг руҳи билан руҳлангани муҳим эканини тан олгиси келмади. Шундаقَالَ فَاخْرُجْ مِنْهَا فَإِنَّكَ رَجِيمٌ وَإِنَّ عَلَيْكَ لَعْنَتِي إِلَى يَوْمِ الدِّينِ
77. У Зот: «Ундан чиқ! Бас, албатта, сен қувилгансан. 78. Ва албатта, сенга жазо кунигача лаънатим бўлгай», – деди. Аллоҳ таоло «Эй иблис, сен энди жаннатдан чиқ! Бас, энди сен, албатта, лаънатланган – раҳматимдан қувилгансан! Ва албатта, сенга қиёмат кунигача менинг лаънатим бардавом бўлгай», – деди. ("Тафсири ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!