Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Зам Зам суви ҳақида

00:00 / 24.11.2007 | eski savollar | 13313
Ассалому алайкум муҳтарам устоз!Ҳайрли ишларингизда Аллоҳ мададкор болсин, Аллоҳ сиздан рози булсин.Бир томчи зам-зам суви тушган қудуқнинг суви муқаддас зам зам сувига айланадими ?Умуман муқаддас зам зам сувини оддий сув билан қанча нисбатда қушиш мумкин ?Жавобинггиз учун олдиндан раҳмат ![ъолор=лимегреэн]

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Ҳеч бир сувни, жумладан, зам-замни ҳам муқаддас дейилмайди. Сиз берган саволлар ҳеч қаерда йўқ. Бу каби ишлар одамларнинг ўзлари қилган ишлардир. Унинг шариатга алоқаси йўқ. Сиз етарли даражада китоб ўқиганингизда бу каби саволлар бермас ва хатоларга йўл қўймас эдингиз. Менинг «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласидаги «Ҳаж ва Умра» номли китобимда бу ҳақда маълумот чиққанига анча бўлди. Кўпчилик олиб ўқиди. Сиз учун ва бошқа мазкур китобни ўқимаганлар учун ўша китобдан баъзи маълумотларни тақдим этишга ижозат бергайсизлар.ЗАМЗАМ СУВИДАН ИЧИШ ВА ОЛИБ КЕТИШИбн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ичиш учун Замзам тутдим. Бас, у зот тик турган ҳолларида ичдилар».Осим айтди: «Икрима, у зот ўша куни туянинг устида эдилар», деб қасам ичди.Бухорий ва Муслим ривоят қилган.Муслимнинг лафзида:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Замзамдан, пақирда ва тик турган ҳолларида ичдилар», дейилган.Шарҳ: Шунинг учун бўлса керак ўлкамизда Замзамни тик туриб қиблага қараган ҳолда ичиш одат бўлган.Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:«У киши ўзлари билан Замзам сувини кўтариб оларди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ундан кўтариб олишлари ҳақида хабар берарди».Термизий ривоят қилган. ва, саҳиҳ, деган.Шарҳ: Худди шунга амал қилиб бугунги кунгача миллионлаб мусулмонлар Замзамдан ўз юртларига кўтариб олиб кетадилар.Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Замзам суви нима учун ичилса, шунинг учундир», дедилар».Ибн Можа, Аҳмад ва Ибн Ҳибон ривоят қилган.Шарҳ: Яъни, Замзамни ким нима ният билан ичса, ўша ниятига эришади. Бу ҳақиқатни кўпчилик мухлис кишилар ўз тажрибаларидан ўтказганлар. Имом Дора Қутний ва ал-Ҳокимлар келтирган ривоятда қуйидагилар айтилади:«Замзам суви нима учун ичилса, шунинг учундир. Уни шифо талабида ичсанг, Аллоҳ сенга шифо беради. Уни паноҳ талабида ичсанг, Аллоҳ сенга паноҳ беради. Агар уни чанқоғингни кесиш учун ичсанг, Аллоҳ чанқонғингни кесади. Агар уни тўйиш учун ичсанг, Аллоҳ сени тўйдиради. У Жаброилнинг ишорасидир. У Исмоилнинг ичимлигидир», дейилган.ЗАМЗАМНИНГ ТАРИХИЗамзамнинг тарихини ўрганишни имом Бухорий ўзларининг Жомеъус Саҳиҳ китобларининг «Бадъул халқ» бобида ривоят қилган ҳадиси шарифдан иқтибос келтириш билан бошлаймиз.Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Аёллардан биринчи бўлиб белбоғ боғлаш Исмоилнинг онаси томонидан бўлган. У Сорага бўлган ўзининг таъсирини кетгазиш учун белбоғ боғлаган. (Ўша вақтда фақат хизматкорлар белбоғ боғлашар эди. Биби Ҳожар биби Соранинг олдида ўзини у билан тенг кундош эмас, балки унинг хизматкори қилиб кўрсатиш учун шондоқ қилганлар.) Сўнгра Иброҳим уни ва унинг эмизаётган ўғли Исмоилни олиб келиб, байтнинг ўрнига қўйиб кетган. Замзам устидаги катта дарахт остига. Масжиднинг юқори тарафига. Ўша пайтда Маккада бирор киши ҳам, сув ҳам йўқ эди. У икковларининг олдиларига бир хурмоси бор халта ва сувли меш қўйди. Сўнгра Иброҳим ортига қайтиб кетди. Исмоилнинг онаси унга эргашиб:«Эй Иброҳим! Бизни инс ҳам йўқ, жин ҳам йўқ, бирор нарса ҳам унмайдиган водийга ташлаб қаёққа кетмоқдасан?!» деди. У буни бир неча марта такрорлади. У эса унга ўгрилиб қарамас эди. Шунда:«Аллоҳ сени шунга амр қилдими?» деди.«Ҳа», деди.«Ундоқ бўлса бизни зое қилмайди», деди-да ортига қайтди. Иброҳим эса ўз йўлида давом этди. Қачонки у тепалик йўлидан ўтганида, улар уни кўрмайдиган бўлганда байтга юзланиб ўша калималар ила дуо қилди ва икки қўлини кўтарди: «Эй Роббимиз, ҳақиқатда, мен ўз зурриётимдан, Сенинг Байтул Ҳароминг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим», деб айтди. Исмоилнинг онаси Исмоилни эмизиб, ҳалиги сувдан ичиб турди. Мешдаги сув тамом бўлганда чанқай бошлади. Ўғли ҳам чанқади. Унга қараса, у тўлғаниб типирчилар эди. Унга назарим тушмасин деб юриб кетди. У ўзига энг яқин бўлган тоғ Сафони кўрди. Унинг устига чиқиб, бирор кишини кўрармиканман деб водий томон назар сола бошлади. Ҳеч кимни кўрмади. Кейин Сафодан тушди. Водийга етганида кўйлагининг этагини кўтариб қаттиқ ҳаракат қилган инсондек саъйи қилиб водийдан ўтди. Сўнгра Марвага келди. Унинг устига чиқиб, бирор кишини кўрармиканман деб водий томон назар сола бошлади. Ҳеч кимни кўрмади. Етти марта ана шундоқ қилди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу, Пайғамбар:«Ана ўша одамларни иккиси орасидаги саъйидир», дедилар», деди.У Марвага чиққан пайтида бир овоз эшитди. Ўзига ўзи, жим, деди. Сўнгра қулоқ осди. Яна ўша овозни эшитди. Шунда у:«(Овозингни) эшитдирдинг. Агар имконинг бўлса менга ёрдам бер», деди. У қараса Замзамнинг ўрнида фаришта турибди. Товони ила ёки қаноти ила излаяпти. Охири сув чиқди. У(Ҳожар) сувни тўса бошлади. Икки қўли билан бундоқ қилиб ҳовучлаб олиб, мешга қуя бошлади. Ҳовучлаб олгандан кейин у яна отилиб чиқар эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Аллоҳ Исмоилнинг онасини раҳмат қилсин. Агар Замзамни тек қўйганида ёки сувни ҳовучлаб олмаганида Замзам кўриниб турадиган булоқ бўлар эди», дедилар. У ичди ва боласини эмизди. Фаришта унга:«Зое бўлишдан қўрқма. Бу ерда Байтуллоҳ бор. Уни манави бола ва унинг отаси бино қилади. Албатта, Аллоҳ Ўз аҳлини зое қилмайди», деди. Байтнинг ўрни тепаликка ўхшаш кўтарилган ер эди. Селлар келса ўнг ва чап томонларидан ўтиб кетар эди. Ана шундоқ давом этди.Бир вақт Журҳумдан ёки журҳум аҳли байтидан бир гуруҳ рафиқлар Кадаа йўлидан келиб, ўтиб қолдилар. Улар Макканинг паст томонига тушдилар. Бас, айланиб учаётган қушни кўрдилар. Улар, албатта. Бу қуш сув бор жойда айланади, бу водийда билишимизча сув йўқ эди, деб бир ёки икки одамни юбордилар. Улар қайтиб келиб сувнинг хабарини бердилар. Улар борсалар, сув олдида Исмоилнинг онаси турибди. Улар:«Сенинг ҳузурингга тушишимизга изн берасанми?» дедилар. «Майли. Лекин сувда сизларнинг ҳаққингиз йўқ», деди. «Хўп», дедилар. Бу нарса Исмоилнинг онасига ёқиб тушди. У унси улфатни хуш кўрарди. Улар ўша ерга тушдилар. Аҳлларига ҳам одам юбордилар. Улар ҳам келдилар. Улардан бир қанча аҳли байтлар бўлди. Бола йигит бўлди. Улардан арабчани ўрганди. У йигит бўлиб уларнинг кўзига нафис кўринди, уларга ёқиб қолди. У вояга етганида уни ўзларидан бир аёлга уйлантиришди. Исмоилнинг онаси вафот этди». Кейинчалик Журҳум қабиласи Аллоҳ таолога гуноҳ ва Байтуллоҳга ҳурматсизлик қилгани учун. Замзам суви қуриди ва қудуқнинг ўзи кўмилиб кетди.Замонлар ўтди. Авлодлар бирин-кетин келиб кетди.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг боболари Абдулмутталиб бир куни Каъбаи Муаззаманинг ёнида ухлаб ётганида тушида биров келиб:«Тийбани ковла», деди.«Тийба нима?» деди Абдулмутталиб. Сўнгра ҳалиги овоз эгаси ғоиб бўлди. Эртасига яна ўша жойда ухлаб ётганида кечаги шахс тушига кириб:«Баррани ковла», деди.«Барра нима?» деди Абдулмутталиб. Сўнгра ҳалиги овоз эгаси ғоиб бўлди. Эртасига яна ўша жойда ухлаб ётганида кечаги шахс тушига кириб:«Мазнунани ковла», деди.«Мазнуна нима?» деди Абдулмутталиб. Сўнгра ҳалиги овоз эгаси ғоиб бўлди. Эртасига яна ўша жойда ухлаб ётганида кечаги шахс тушига кириб:«Замзамни ковла», деди.«Замзам нима?» деди Абдулмутталиб.«У ҳеч қуримас ва ёмонланмас. Кўп ҳожиларни суғорур. У тезак ва қон бор жойда. Қарға ер чўқиятган жойда. Чумоли бор жойда», деди.Абдулмутталиб уйқусидан туриб бориб одамлар ҳайвонларини сўядиган жойни, ҳозирги Замзам қудуғи ўрнини, топди. У ерда қарға ер чўқиб турар, чумоли ғиззиллаб юрар эди.Абдулмутталиб ўша ерни қазий бошлади. Ўша пайтда фақат биргина ўғли, ал-Ҳорисгина бор эди. Ўзи ёлғиз оғир ишни амалга оширишда жуда қийланди. Лекин бор кучини ишга солиб, тишини-тишига босиб жон-жаҳди билан ер қазиди. Унинг учун бу ишнинг охири кўриниши, сув чиқиши қийинга ўхшаб кетди. Ўшанда ўзига ёрдам берадиган ўғиллари йўқлигидан ўксиди. Агар Аллоҳ таоло менга ўн дона ўғил берса улардан бирини Унинг йўлида қурбонлик қиламан, деб назр атади.Аммо Абдулмутталиб азиматли инсон эди. У мақсади йўлида ҳар қандай ишни қилишга, ҳар қандай машаққатга дош беришга одатланган эди. Шунинг учун ҳам унга ўзининг ёлғизлиги ҳам, ишнинг оғирлиги ҳам таъсир қилмади. Ҳеч бўшашмай ер ковлашда давом этди. Қурайшликлар эса, қани нима бўлар экан, деб узоқдан кузатиб турар эдилар. Абдулмутталиб сувни кўрганда, «Аллоҳу акбар!» деб такбир айтди. Қурайшликлар уни ўз мақсадига эришганини англадилар. Абдулмутталиб қазишда давом этиб қудуқ атрофидан Исмоил алайҳиссаломдан қолган табаррук нарсаларни ҳам бирин-кетин топа бошлади. У ҳар бир нарсани топганда такбир айтар эди. Қурайшликлар эса уни яна бир нарсага эришганини билишар эди. Абдулмутталиб Замзамни қайта ковлаб битирганидан кейин қурайшликлар унга эгалик қилишда шерик бўлмоқчи бўлдилар. Улар Абдулмутталибга, «Бу Исмоилнинг қудуғи, шунинг учун унга эгалик қилишда биз ҳам сенга шерик бўлишимиз керак», дедилар. Абдулмутталиб эса бўш келмади. Буни менинг ўзим қазидим, менинг ўзим эгалик қиламан, деди. Қурайшликлар Абдулмутталибнинг яхшилигини билганларидан, ўзларига ҳам Замзамдан фойдаланишга ижозат беришига ишонганларидан гапларидан қайтдилар.Дарҳақиқат, ҳаммалари Замзам сувидан ичиб, баракасидан баҳраманд бўлдилар. Ҳаммалари бу ишдан хурсанд бўлдилар. Ўзларига иззат ва каромат қайтиб келганидан мамнун бўлдилар. Чунки, Замзам Исмоил алайҳиссалом, у кишиниг оталари Иброҳим алайҳиссалом ва оналари Биби Ҳожарларга тегишли нарса эди. У зотлар эса арабларнинг фахри эди.Асрлар давомида Замзам қудуғига бир неча бор ўзгаришлар бўлди. Улардан баъзиларини эслаб ўтмоғимиз мумкин.Халифа Ҳорун Рашид даврида уни бир неча аршин чуқурроқ қилиб қазилди. Халифа Маҳдийнинг даврида ҳам шунга ўхшаш иш қилинди.Халифа Амийннинг даврида қудуқнинг чуқурлиги қирқ аршинга етди. Халифа Муътасимнинг давригача Замзам қудуғининг усти очиқ бўлган. Кейин унинг усти ёпилган. Вақт ўтиши билан бошқа ўзгаришлар ҳам киритилган.Саудийлар даврида кўпгина ишлар қилинди ва қилинмоқда. Тавоф майдонини кенгатириш бўйича биринчи ишлар олиб борилаётган 1377 ҳижрий санада Замзам уйини тамоман бошқача қилинди. Тавоф қилувчиларга қулайлик туғдириш мақсадида Замзам уйини ер остига олинди. Унинг устидан ҳам тавоф қилиш йўлга қўйилди. Қудуқнинг ўзига тамин бетондан девор қилиниб устига мармар қопланди.1399 ҳижрий санада, иккинчи кенгайтириш ишлари олиб борилаётганла Замзам қудуғининг чуқурлиги ўн саккиз метр, олтмиш сантиметр эди.Аббосий халифалар даврида Замзам сувини қудуқдан тортиб олиб усти очиқ ҳавзларга қуйилар ва улардан одамлар олишар эди. Кейинчалик сув сақланадиган омборларга жўмраклар қўйилди. Замзамчилар мешкобларда одамларга сув тарқатадиган бўлди. 1383 ҳижрий санадан бошлаб Замзамни моторда тортиб олиш йўлга қўйилди. Ҳарами шарифнинг остига тортилган сувни тўплаб, совутадиган марказ қилинди. Ўша марказ Марванинг остида. Марказ ва унга тегишли барча нарсалар сўнгги замонавий асбоб ускана ва комютерлар билан жиҳозланган. Марказдаги сувга Замзамнинг ўзидан қилинган муз қўшилади. Сўнгра ҳамма тарафларга тарқатилади. Ҳозирда ҳарами шарифнинг ўзида етти юз ўттиз учта жумракдан сув ичиш мумкин. Бунинг устига саккиз мингта махсус катта термослар ҳам доимий равишда Замзамга тўлғизиб турилади.Аммо Замзам тарқатиш шу билан кифояланиб қолмайди. Ҳарами шарифдан узоқроқ жойларга Замзамни идишларда олиб кетиш учун марказлар қилинган. Улардан милёнлаб ҳожи ва умрачилар кўтарганларича олиб кетмоқдалар. Сув ташиш машиналари тинмай Мадинаи Мунавварага ва Саудиянинг бошқа шаҳарларига Замзам ташийдилар.Шунчалар кўп ишлатилишига қарамай кичкина бир қудуқнинг суви ҳеч камаймаслигининг ўзи катта мўъжизадир.Охирги сел пайтида Замзам мўъжизасини кўрган икки кишининг камина ходимингизга айтишларича ҳарами шарифни сел лойқаси қоплаганда Замзам лойқанинг устида кўтарилиб пок-покиза ҳолида отилиб чиқиб тураверган. Лойқа кўтарилса, Замзам ҳам унинг устида кўтарилиб бораверган. Сел қайтиб лойқа пасайганда Замзам ҳам унинг устида пасайиб-пасайиб охири ўз ўрнига тушган.Аллоҳ таоло барчамиз Замзамдан қайта-қайта, тўйиб-тўйиб ичишни ва мақсадларимизга етишни мушарраф қилсин! Омийн!

Топ рейтинг www.uz Openstat