Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Қиз ва ўғил боланинг дўст бўлиши

10:11 / 25.02.2017 | utopia | 9857

Ассалому алайкум! Яқинда “Эркак ва аёл ўртасидаги дўстлик, ўтган ёки келаси замондаги жазманлар ўртасидаги дўстликдир” (иктибос эгаси Мопассан) деган иқтибосни ўқиб қолдим. Дўстларим орасида кўплаб диний илмга эга қизлари бор. Саволим шундан иборатки, дўстлашишни нима ножоизлиги бор? Муқаддас динимизда бу масалада хусусан Қуръон ва ҳадисларда нималар дейилган? Аллоҳ  барчангиздан рози бўлсин!


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Сиз сўраётган нарса аввал бошида дўстлик бўлиб кўрингани билан бу зинога олиб борувчи йўлнинг илк қадамлари ҳисобланади. Аллоҳ таоло “Исро” сурасида марҳамат қилади :

وَلاَ تَقْرَبُواْ الزِّنَى إِنَّهُ كَانَ فَاحِشَةً وَسَاء سَبِيلاً۝

32. Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фаҳш иш ва ёмон йўлдир. Оятда «зино қилманглар», эмас, балки «зинога яқинлашманглар», дейилмоқда. Бу эса «зино қилманглар», дегандан кўра қаттиқроқдир. Мўмин-мусулмон одам зино қилиш тугул, унинг яқинига ҳам йўламаслиги керак. Зинога олиб борувчи нарсалардан ҳам узоқда бўлиши лозим. Чунки «Албатта, у фаҳш иш ва ёмон йўлдир». Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни барча фаҳш ишлар ва ёмон йўллардан қайтарган. Энди эса ҳам фаҳш иш, ҳам ёмон йўл бўлган зинодан қайтармоқда. Мўмин-мусулмонлар бу ишнинг нақадар хатарли эканини тушуниб етмоқлари ва ундан қайтмоқлари лозим. Уламоларимиз зинодан қайтариш ҳақидаги ушбу оятнинг ундан олдинги фарзандларни ўлдирмаслик ҳақидаги оятдан кейин ва ноҳақ одам ўлдиришдан қайтарган оятдан олдин келиши бежиз эмас, деган фикрни олға сурганлар. Чунки зино – ҳалол-пок йўл билан сарфланса, фарзандлар пайдо бўладиган моддани беҳуда, ҳаром йўлда сарф қилишдан иборатдир. Зинокор иложи борича ушбу ҳаром алоқа туфайли бола бўлиб қолмаслигига уринади. Мабодо бола бўлиб қолса ҳам, уни туғилишидан олдин ёки кейин ўлдиради. Агар зинодан бўлган бола ҳаётга келса ҳам, ҳаромдан бўлгани учун жамиятда тирик ўлик бўлиб юради. Шу билан бирга, зино жамиятга ҳам катта зарарлар келтиради, бора-бора уни ҳалок қилиши мумкин. Қадимдан зинога мубтало бўлган жамият ва давлатлар ҳалокатга учраб келган. ("Тафсири ҳилол" китобидан).

عَنْ جَابِرٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: لَا تَلِجُوا عَلَى الْمُغِيبَاتِ، فَإِنَّ الشَّيْطَانَ يَجْرِي مِنْ أَحَدِكُمْ مَجْرَى الدَّمِ. قُلْنَا: وَمِنْكَ؟ قَالَ: وَمِنِّي وَلَكِنَّ اللهَ أَعَانَنِي عَلَيْهِ فَأَسْلَمُ

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эри ғойиб аёллар олдига кирманглар. Чунки шайтон ҳар бирингизнинг қон томирингизда юради», дедилар. Биз у зотга: «Сизда ҳамми?» дедик. «Менда ҳам. Лекин мен Аллоҳ ёрдам бериб, саломат қолганман», дедилар». Шарҳ: Эри ғойиб, ўзи ёлғиз аёлнинг олдига бегона эркакнинг кириши шайтоннинг васвасасига йўл очиши турган гап. Бундай пайтларда ҳар қандай эркак, ҳар қандай аёл ҳам шайтоннинг васвасасидан қутулиб қолиши амри маҳол. Ҳатто Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу нарсадан ўз ҳолларича қутулмаган эканлар. Аллоҳ таоло у зотга махсус ёрдам бериб, алоҳида равишда сақлаб қолган экан. Бу пайғамбарлик маъсумлигидир. Бунинг маъноси шуки, Аллоҳ таолонинг Ўзи барча пайғамбарларни, шу жумладан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам шайтон васвасасига учишдан, гуноҳ содир этишдан сақлаган. Шундай бўлганидан кейин ҳеч ким бепарво бўлиши керак эмас. Ҳамма, ким бўлишидан қатъи назар, бу масалада ўзини сақлаши лозим.

وَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم: لَا يَخْلُوَنَّ رَجُلٌ بِامْرَأَةٍ إِلَّا كَانَ ثَالِثَهُمَا الشَّيْطَانُ. رَوَاهُمَا التِّرْمِذِيُّ

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир эркак зинҳор бир аёл билан холи қолмасин! Акс ҳолда учинчилари шайтон бўлур», дедилар». Иккисини Термизий ривоят қилган. Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф олдинги ҳадислардаги маънони яна ҳам очиқроқ таъкидлаб келмоқда. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Бу мавзуда islom.uz сайтимизнинг бош саҳифасидаги “Зинога яқинлашманг” бўлимига кирсангиз тўлиқ маълумот оласиз. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat