Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

«Кўзлар Уни идрок эта олмас, У кўзларни идрок этар»

00:00 / 06.02.2010 | eski savollar | 6322

Алихонтўра Соғунийнинг «Тарихи Мухаммадийя» китобида «Меърож кеча»да – «Шу кечада Жаббори Аъзамнинг жамоли покига мушарраф бўлишларидур», деб ёзилган. Бундан шу кечада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг жамолини кўрганлар деган хулоса чиқарса бўладими?


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Бу саволнинг жавобида Аҳли сунна вал жамоа уламолари икки хил фикр айтганлар.

Биринчиси: Оиша онамиз розияллоҳу анҳо бошлиқ бир гуруҳ саҳобалар: «Одамлардан бирортаси ҳам ўлимидан олдин Аллоҳ таолони кўриши мумкин эмас», дейдилар.

Уларнинг ҳужжати имом Аҳмад Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шариф бўлиб, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«وَأَنَّكُمْ لَنْ تَرَوْا رَبَّكُمْ تَبَارَكَ وَتَعَالَى حَتَّى تَمُوتُوا». رَوَاهُ أَحْمَدُ عَنْ عُبَادَةَ بْنِ الصَّامِتِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ.

«Билингларки, сизлар ўлмасингиздан олдин Роббингизни зинҳор кўрмассиз», деганлар.

عَنْ مَسْرُوقٍ قَالَ: قُلْتُ لِعَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: يَا أُمَّتَاهْ، هَلْ رَأَى مُحَمَّدٌ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَبَّهُ؟ فَقَالَتْ: لَقَدْ قَفَّ شَعَرِي مِمَّا قُلْتَ، أَيْنَ أَنْتَ مِنْ ثَلَاثٍ؟ مَنْ حَدَّثَكَهُنَّ فَقَدْ كَذَبَ، مَنْ حَدَّثَكَ أَنَّ مُحَمَّدًا صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَأَى رَبَّهُ فَقَدْ كَذَبَ. ثُمَّ قَرَأَتْ لَّا تُدْرِكُهُ الْأَبْصَارُ وَهُوَ يُدْرِكُ الْأَبْصَارَ ۖ وَهُوَ اللَّطِيفُ الْخَبِيرُ، وَمَا كَانَ لِبَشَرٍ أَن يُكَلِّمَهُ اللَّهُ إِلَّا وَحْيًا أَوْ مِن وَرَاءِ حِجَابٍ .وَمَنْ حَدَّثَكَ أَنَّهُ يَعْلَمُ مَا فِي غَدٍ فَقَدْ كَذَبَ، ثُمَّ قَرَأَتْ، وَمَا تَدْرِي نَفْسٌ مَّاذَا تَكْسِبُ غَدًا . وَمَنْ حَدَّثَكَ أَنَّهُ كَتَمَ فَقَدْ كَذَبَ، ثُمَّ قَرَأَتْ يَا أَيُّهَا الرَّسُولُ بَلِّغْ مَا أُنزِلَ إِلَيْكَ مِن رَّبِّكَ الْآيَةَ، وَلَكِنَّهُ رَأَى جِبْرِيلَ عَلَيْهِ السَّلَامُ فِي صُورَتِهِ مَرَّتَيْنِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَغَيْرُهُ.

Имом Бухорий ва бошқа муҳаддислар келтирган ривоятда Масруқ розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Оиша розияллоҳу анҳога: «Эй онажон! Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббларини кўрганмилар?» дедим. У: «Айтган гапингдан сочим тикка бўлиб кетди. Уч нарсани билмай, қаёқда юрибсан? Ким сенга уларни айтса, ёлғон гапирибди. Ким сенга «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббини кўрган» деса, ёлғон гапирибди», деди. Кейин «Кўзлар Уни идрок эта олмас, У кўзларни идрок этар»[1] ва «Аллоҳнинг башар билан гаплашмоғи бўлмаган, фақат ваҳий орқали ёки парда ортидан...»ни[2] ўқиди.

«Ким сенга «У зот эртага нима бўлишини биларди» деса, ёлғон гапирибди» деди‑да, сўнг «Ҳеч бир жон эртага нима касб қилишини билмас»ни[3] ўқиди.

«Ким сенга «У зот (бирон нарсани) яширган» деса, ёлғон гапирибди» деди‑да, сўнг «Эй Расул! Сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани етказ...»ни[4] ўқиди. У зот Жаброил алайҳиссаломни икки марта ўз суратида кўрганлар».

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бошлиқ бир гуруҳ саҳобалар юқоридаги гапга зид гапни айтганлар. Уларнинг ижтиҳодлари «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожга чиққанларида Аллоҳ таолони кўрганлар» деган фикрга асосланган.

Улар ўзларининг бу фикрларига Исро сурасидаги

وَمَا جَعَلْنَا الرُّؤْيَا الَّتِي أَرَيْنَاكَ إِلَّا فِتْنَةً لِّلنَّاسِ

«Сенга кўрсатган нарсаларимизни одамлар учун синов қилдик» деган 60-оятни ҳам далил қиладилар.

Аммо тўғрисини айтганда, бу ояти карима ҳақида муфассирлар кўплаб таъвилларни келтирган бўлсалар ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолони кўрганлари ҳақидаги гапга унча рози бўлмаганлар.

«Шарҳи китобил Фиқҳил Акбар» номли китобда Мулло Алий Қори раҳматуллоҳи алайҳ шундай ёзади: «Аҳли сунна вал жамоанинг ижмоъси шуки, У Зот таолони бу дунёда кўз билан кўриш ақлан жоиздир ва охиратдагиси нақлан ва самъан собит ва воқедир. Бу дунёда шаръан жоизлиги ҳақида ихтилоф қилдилар. Кўпчилик уни собит дедилар. Бошқалар инкор қилдилар. Сўнгра уни бу дунёда собит деганлар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга воқе бўлиши Исро кечасида хос бўлган, дедилар. Бу эса уламолар ва авлиёлар ўртасидаги хилофли масаладир.

Тўғриси, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббларини қалблари билан кўрганлар, кўзлари билан эмас. Бу «Шарҳи ақоид» ва бошқа китобларда зикр қилинган» (мана шу қавл Абдуллоҳ ибн Аббос ва бошқаларнинг қавлидир). Бу масалада гап жуда кўп. Хулосаси шулки, ким Аллоҳ таолони бу дунёда кўзи билан кўрганини даъво қилса, у гапни бошқа маънога буришнинг иложи бўлмаса, унга таъзир берилади ва халқнинг ичида шарманда қилинади.
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077

[1] Анъом сураси, 103-оят.

[2] Шуро сураси, 51-оят.

[3] Луқмон сураси, 34-оят.

[4] Моида сураси, 67-оят.

Топ рейтинг www.uz Openstat